Цукербергнинг мета оламида узоқ кутилган ўзгариш

Цукербергнинг мета оламида узоқ кутилган ўзгариш

Кеча бўлиб ўтган Meta Connect тақдимотида Марк Цукерберг Horizon виртуал олами аватарларини оёқлар қўшилган ҳолда намойиш қилди. Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача аватарлар оёқларсиз шунчаки ҳавода муаллақ туришар эди, аммо кейинги йилдан бошлаб, Meta фойдаланувчиларга ўз аватарларига оёқлар қўшиш имконини беради.

"Аватарлар учун оёқлар, эҳтимол, биздан энг кўп талаб қилинган хусусият бўлди" дейди Meta раҳбари Марк Цукерберг янги авлод аватарларни намойиш қилар экан. "Лекин жиддий тарзда айтиш керакки, оёқлар қўшиш жуда қийин, шу сабаб ҳам бошқа виртуал реаллик тизимларида ҳам у мавжуд эмас."

Маълум бўлишича, VR қурилмалари тизза ёки оёқлар каби нарсаларнинг қаердалигини кузатиши қийин бўлгани учун компания бутун танага эга бўлмаган аватарлар билан иш бошлашга тўғри келган. Кузатиш технологиялари такомиллашгани сабабли, қўллар ҳаракатини аниқлаш анча яхшиланган. Цукербергнинг қўшимча қилишича, оёқлар тўсилиб қолиши мумкинлиги сабабли ҳам уларни кузатиш қийин: масалан, агар оёқларингиз стол остида бўлса, VR уни кўра олмайди, чунки стол қурилмадаги камералар кўришини тўсиб қўяди. Шунинг учун, Meta компанияси оёқларни тасвирлаш учун бутун тана ҳолатини тахмин қила оладиган AI моделини яратган.

Аватар оёқлари биринчи бўлиб Meta'нинг Horizon ижтимоий VR платформасига келади, аммо улар аниқ қачон қўшилиши номаълум. Айтиш керакки, Connect тадбири давомида улар табиий равишда ҳаракат қилганини кўриш мумкин, аммо бу олдиндан ёзиб олинган видео бўлгани учун оёқлар ҳақиқатда қандай ишлаши ҳақида бирон нима дейиш қийин. 

Meta нафақат оёқлар устида, балки аватар билан боғлиқ бир қанча янги хусусиятлар устида ҳам ишламоқда. Масалан, компания фотореалистик аватарларни яратишни ўрганмоқда. Шунингдек, сиз аватарларни Reels видеоларингизга ҳам қўшишингиз, Messenger ва WhatsApp'да (ҳатто Zoom'да ҳам) улардан видео чатларда ўзингизни ифодалаш учун фойдаланишинигиз мумкин бўлади. Қолаверса, Meta шу йил охирида VR'да аватар дўконини ишга туширишни ҳам режалаштирмоқда, шунда сиз кийим ва ўзига хос ташқи кўринишларни харид қила оладиган бўласиз.

ЎҚИНГ: WhatsApp ўзининг янги функцияларини 3D билбордда кўз-кўз қиляпти

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.