Байрам бошланди: One UI 5 барқарор версияда тарқатилмоқда

Байрам бошланди: One UI 5 барқарор версияда тарқатилмоқда

Ўзининг Galaxy смартфонлари учун Android 13'га асосланган One UI 5 прошивкасини беш босқичли бета синовлардан ўтказганидан кейин Samsung уни ўтган ҳафта бўлиб ўтган SDC 2022 тадбирида расман намойиш қилди. Компания барқарор версия ой охиригача чиқарилишини айтган эди ва бу, эндиликда, амалга оширилмоқда.

Берилган маълумотларга қараганда, Samsung ўзининг Galaxy S22, Galaxy S22+ ва Galaxy S22 Ultra смартфонлари, шу билан бирга, Galaxy Z Fold 4 ва Galaxy Z Flip 4 букламафонлари учун барқарор версиядаги One UI 5 янгиланишини Европада, хусусан, Италия тарқатишни бошлаган. Та'кидлаш жоизки, ушбу ҳудуддаги қурилмалар учун One UI 5 бета синовлари ҳатто очилмаган эди.

Маълум бўлишича, S908BXXU2BVJA прошивка версияли янгиланиш ҳажми 2854.03 МБ ни ташкил қилади. Қолаверса, у 2022 йил октябр ойи хавфсизлиги билан бирга келган.

One UI 5 янгиланиши кичик косметик ўзгаришлар, экран қулфи дизайни созламалари каби ўзгаришларни ўз ичига олади.

Galaxy S22 сериясидан кейин Galaxy S21 флагман смартфонлари иккинчи бўлиб, ундан кейин бошқалар янгиланишни қабул қилиши кутилмоқда. One UI 5 билан қутидан чиқадиган илк Galaxy эса флагман бўлмаслиги мумкин.  

ЎҚИНГ: Google бошланғич синф смартфонлари учун Android 13 Go версиясини тақдим қилди