Telegram пулли постлари ортиқ iOS қурилмаларида кўрсатилмайди

Telegram пулли постлари ортиқ iOS қурилмаларида кўрсатилмайди

Бир неча кун олдин Telegram'да пулли постлар пайдо бўла бошлади. Мессенжер раҳбари Павел Дуров ҳам баъзи контент яратувчилари учинчи томон тўлов ботлари орқали ўзларининг пулли постларини сотишни бошлаганликларини расман тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, бу йўл билан ижодкорлар ўзларининг обуначилари тўлаган пулнинг 100 фоизини қабул қилишади.

Бироқ, Дуров Apple'дан контент яратувчилари купертинолик компанияга 30% солиқ тўламасдан ўз меҳнатларини монетизация қилаётганликларидан мамнун эмаслиги ҳақида хабар олганлигини ва Apple ўз экотизимини тўлиқ назоратга олганлиги сабабли, Telegram iOS қурилмаларида пулли постларни ўчириб қўйишдан бошқа иложи йўқ эканлигини маълум қилди.

"Бу триллион долларлик монополия ўз контентини монетизация қилишга уринаётган миллионлаб фойдаланувчилар ҳисобидан бозордаги ҳукмронлигини қандай суиистеъмол қилаётганига яна бир мисол бўла олади. Умид қиламанки, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардаги регулаторлар Apple янада кўплаб орзуларни йўқ қилишидан ва кўплаб тадбиркорларни давлат томонидан олинадиган ҚҚСдан ҳам юқори бўлган солиқ билан эзишидан олдин чора кўришни бошлайдилар." дейди Дуров.

Сўзи охирида, Telegram раҳбари мессенжерда ижодкорларга Apple'нинг чекловчи экотизимидан ташқарида ўз контентларини монетизация қилиш учун кучли ва фойдаланишга осон бўлган воситаларни таклиф қилиш устида ишлашни давом эттиришларини айтди.

ЎҚИНГ: Дуров тез орада ҳамма Telegram фойдаланувчилари ўз юзернеймларини сотишлари мумкин бўлиши ҳақида хабар берди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!