Қандай қилиб фирибгарлар янгича усул билан Telegram аккаунтингизга кириб олиши ҳақида

Қандай қилиб фирибгарлар янгича усул билан Telegram аккаунтингизга кириб олиши ҳақида

Фирибгарлар кундан-кунда сизнинг Telegram аккаунтингизга киришнинг янги йўлларини ўйлаб топишади. Ўзи уларга сизнинг аккаутингиз нимага керак? Албатта, барчаси пулга бориб тақалади. Фирибгарлар сизнинг ишончингизни суиистеъмол қилишади ёхуд улар аккаунтингизга кириб олиб, яқинларингизга ёки Telegram гуруҳ, каналларингиз бўлса уларга сизнинг номингиздан турли пул ечиб олиш усуллари яширинган спам хабарларни юборишади. Натижада эса сизга ишонадиганлар уларнинг тузоғига тушиб қолишлари ёки улар ўрнида сиз бўлиб қолишингиз мумкин.

Telegram аккаунтга киришнинг фақат биргина йўли бор: телефон рақамингиз ва унга келадиган код. Фирибгарларга айнан шу икки нарса керак, айниқса, код. Фирибгарлар эса буларни турли йўллар билан олишга ҳаракат қилишади. Сўнгги пайтларда улар бундай маълумотларни бошқалар Telegram'да сиз ҳақингизда нима дейишаётганлигини ва кимлар сизнинг хабарларингизни тарқатаётганлигини аниқлаб беришни ваъда қиладиган сохта ботлар орқали олишаётгани ошкор бўлди. Бот сиздан телефон рақамингизни сўрайди, кейин эса сизга келган кодни. Қарабсизки, улар аккаунтингизда.

Таъкидлаш жоизки, Telegram'да кимлар сизнинг ортингиздан кимлар гапираётганини ёки кимлар сизнинг хабарларингизни бошқаларга узатаётганлигини билишнинг иложи йўқ. Шундай экан, бундай хизматлар таклиф қиладиган ботлардан асло фойдаланманг.

Агар сиз аккаунтингизга бегона қурилмадан кириб олинганлигини пайқасангиз, дарҳол Созламалар > Хавфсизлик ва Махфийлик > Қурилмалар/Сессиялар бўлимига ўтинг ва уердан ўзингизни нотаниш бўлган қурилмани олиб ташланг.

Бундай ҳолатлардан ҳимояланиш учун "Икки босқичли верификация"дан фойдаланинг. Бунда аккаунтга кириш вақтида келадиган коддан кейин яна сиз ўрнатган махсус парол сўралади. Уни сиз Созламалар > Хавфсизлик ва Махфийлик > Икки босқичли верификация бўлимида ёқишингиз ёки ўчиришингиз мумкин.

Бошқа ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар каби Telegram ҳам вақти-вақти билан катта хакерлик ҳужумларига дучор бўлади аммо унда бундай ҳолатлар учун кўплаб ҳимоя механизмлари мавжуд. Аккаунтлари бузилган фойдаланувчилар эса кўпинча Telegram'ни ҳимояси заифлигида айблашади, лекин аслида муаммо уларнинг ўзида рақамли саводхонлик йўқлигида бўлади. Шундай экан, аккаунтингизни эҳтиёт қилинг, Telegram'ни ўғри тутманг.

ЎҚИНГ: Учта мактаб ўқувчилари ва Telegram'даги энг йирик фирибгарлик ҳикояси

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!