Ҳақиқий хакер ким? Шудир масала!

Ҳақиқий хакер ким? Шудир масала!

2 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайтига киберҳужум уюштирилди. Ўшанда сайтга Marsh Golden номли хакерлар гуруҳи логотипи ва "Киберхавфсизлик марказига салом" сўзлари ёзиб қолдирилган эди. Гарчи сайт администраторлари 10 дақиқа ичида асосий домендаги барча маълумотларни қўшимча доменга ўтказишган бўлса ҳам, интернет аҳолиси буни аллақачон пайқаб улгурган эди. Табиийки, воқеа шов-шувга айланди.

Орадан бир неча кун ўтиб, 4 ноябр куни My5 телеканалида эфирга узатилган Марказий Студия кўрсатувида 14 ёшли бола ушбу киберҳужумни шериклари билан амалга оширганини даъво қилди. Бироқ, эртаси куни Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази асл хакер умуман бошқа бола эканлигини ошкор қилди.

Terabayt.Uz олиб борган кичик текширувларга кўра, My5'га интервю берган бола ҳам ИИВ Киберхавфсизлик марказига интевю берган бола ҳам бир-бирларига алоқадор ёхуд улар битта жамоада. Ушбу масаладан хабардор бошқа бир хакер берган маълумотларга асосланиб шуни айтишимиз мумкинки, "Marsh Golden" хакерлар гуруҳи эмас, балки Marsh "Golden" номли хакерлар гуруҳи аъзоси ҳисобланади.

Маълум бўлишича, асл хакер Наманган вилоятининг Норин туманида яшовчи бола бўлиб, у 3 ноябр куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан аниқланган.

"Мен бу киберҳужумни 2 ноябр куни таҳминан соат 11:00 ларда амалга оширганман. Шунчаки бу (сайт) заиф эканлигини кўрсатиб қўймоқчи эдим. Бу (заифлик) ҳақида 28 октабр куни веб-сайт эгаларига хабар қилинган, лекин жавоб келмаган. Шу сабабдан бу ишни амалга оширгим келди", - дейди шахси очиқланмаган ёш хакер.

Унинг қўшимча қилишича, My5 телеканалига берилган интервюда барча маълумотлар ёлғон.

"Marsh Golden'ни мен яратганман. Telegram канал ҳам меники. Админ ҳам менман. Ва Marsh Golden деб аташимни сабаби репер Эминемнинг "Marsh" номли қўшиғи бор. Шуни яхши кўрганим сабаб Marsh Golden деб номлаганман."

Шунингдек, қаҳрамонимиз веб-сайтга ҳужумни Ubuntu операцион тизимида Python коди орқали амалга оширганлигини ҳам маълум қилган ва у бунинг ноқонуний эканлигини билмаганини айтиб, қилган ишидан пушаймон эканлигини билдирган.

Ҳозирда далилий ашёлар бўйича экспертиза тайинланиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда ёхуд тушунарлироқ қилиб айтганда, Эминем мухлисининг компютер ва телефонлари олиб қўйилган. 

Видеода таъкидланишича, бутун дунёда хакерлар шу тартибда ишлашади, яъни улар senat.uz каби паст ҳимояланган сайтларни бузиб кириб, кейин ўз номларини қолдиришади. Шу ерда савол туғилади: Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти ёш бола бузиб кира оладиган даражада кучсизми? Албатта, ҳамма ҳеч қайси тизим хавфсиз эмас, лекин ёш хакер заифлик ҳақида сайт администраторларига унга киберҳужум қилишдан 5 кун аввал хабар қилган, аммо улар шу вақт оралиғида ҳам оғизларига тайёр солиб қўйилган ошни ҳам чайнай олишмаган ёинки, улар видеода айтилганидек давлат ва жамиятга улкан зарар келтирадиган, инсонларнинг ижтимоий ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган ҳужумга йўл очиб беришган.

ЎҚИНГ: Илон Маск 3 мингдан ортиқ Twitter ходимларини ишдан бўшатди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!