Honor 80 Pro – динамик оролга эга навбатдаги Android смартфон

Honor 80 Pro – динамик оролга эга навбатдаги Android смартфон

Honor компанияси бугун Хитойда ўзининг йилдаги энг катта тақдимотларидан бирини ўтказди ва унда Honor 80 сериясидаги янги смартфонларини тақдим қилди. Honor 80 Pro ушбу қатордаги энг юқори модел бўлиб, у 2700×1224 пиксел резолюциясидаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга 6.78 дюймли дисплей билан жиҳозланган.

Смартфоннинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг экрани юқори марказидан икки селфи камералар ўрин олган ва улар Apple'нинг iPhone 14 Pro смартфонларининг динамик оролидан "илҳомланиб", Xiaomi Civi 2 смартфонини эслатиб юборувчи дизайндаги тирқишда жойлашган. Селфи камераларнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, уларнинг асосийси 50МП, иккинчиси эса 2МП портрет линза бўлиб, улар билан 4К форматда видео олиш мумкин.

Сериядаги оддий модел каби Honor 80 Pro ҳам 160 МП асосий орқа камерага эга. Унга сунъий интеллектга асосланган 50 мегапикселли ултра-кенг сенсор ҳам ҳамроҳлик қилади. Камералар тасвирни электроник стабилизация қилиш (EIS) хусусияти эга. Айтиш керакки, камералар ороли смартфон номига мос равишда 8 рақами шаклидаги ялтироқ чегара билан ўралган.

Капот остида Honor 80 Pro смартфони Snapdragon 8+ Gen 1 чипига эга ва у Android 12'га асосланган MagicOS 7.0 версиясида ишлайди. Ушбу модел ҳам оддийси каби 4800 мА/с батарея сиғимига эга ва у 66 Вт тезликда қувватланади.

Honor 80 Pro смартфони учун ҳам Хитойда олдиндан буюртма бериш бошланган. Нархлар қуйидагича:

  • 8ГБ + 256ГБ = 3499 юан (5,454,000 сўм атрофида)
  • 12ГБ + 256ГБ = 3799 юан (5,921,000 сўм атрофида)
  • 12ГБ + 512ГБ = 4099 юан (6,389,000 сўм атрофида)

ЎҚИНГ: Honor 80 смартфони Snapdragon 782G чипи билан тақдим қилинди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.