Смартфонсиз яшаш қўрқуви ёхуд номофобия ҳақида

Смартфонсиз яшаш қўрқуви ёхуд номофобия ҳақида

Шубҳасиз, смартфонлар аллақачон ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурган. Бирон нарса ҳақида билмоқчимисиз? Googleъга кирасиз. Бирон нарсани ҳисоблаш керакми? Калкуляторга кирасиз. Бирон жойга бориш керак бўлса ва сиз у ерни қаерда эканлигини билмасангиз ҳам қўрқишга ҳожат йўқ. Ахир смартфонингизда бутун дунёни беш қўлидай биладиган харита борку! Telegram'да дўстлар билан суҳбатлашиш, ижтимоий тармоқларда "сузиш" ва ўйинлар ўйнашни эса айтмаса ҳам бўлади. Баъзида шундай ҳоллар бўлади-ки, смартфонда қиладиган ишингиз бўлмаса ҳам сиз шунчаки унинг ёниқ экранига термилиб ўтирасиз. Шундай қилиб, ўртача фойдаланувчи ўз смартфонини кунига 150 марта очади. 

Тадқиқотларга кўра, ҳар беш одамнинг биттаси смартфонсиз юришдан кўра, бир ҳафта оёқ кийимсиз юришни афзал кўрар экан. Бу нима эканлигини биласизми? Бу – "nomophobia" ёхуд "no-mobile-phone-phobia", ўзбекчаси: "мобил телефон йўқлигидан қўрқиш" ҳиси. Албатта, бу яхши эмас. Маълум бўлишича, смартфонга қарамлик инсон мияси фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, тинчланиш ёки эйфория туйғусини келтириб чиқарадиган нейротрансмиттернинг бузилишини олиб келади. Баъзи тадқиқотларда эса бу миядаги "кулранг материя", яъни ҳаракат, хотира ва ҳиссиётларни бошқарадиган марказий асаб тизимининг бир қисмининг йўқолишига олиб келиши ҳам қайд этилган.

Номофобиядан қандай қутулиш мумкин?

Юқорида айтилганидек, смартфонлар аллақачон ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб бўлган ва сиз улардан шунчаки воз кечиб, ўрта аср одамига айланиб қолишни хоҳламайсиз. Бироқ, унга бўлган қарамлик ёхуд номофобияни қуйидаги амалларни бажариш орқали камайтиришингиз мумкин.

Билдиришномаларни чекланг. Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари ёки мобил ўйин ишлаб чиқарувчилари сиз уларнинг иловаларидан максимал даражада кўп фойдаланишингиз учун сизга ҳар куни, деярли ҳар соатда билдиришномалар юборишади. Ёки Ўзбекистонда энг кўп фойдаланиладиган мессенжер – Telegram'да сиз обуна бўлган каналлардан ҳам ҳар дақиқа билдиришномалар келиб туради ва булар сизни яна смартфонингизни қўлга олиб, унга "шўнғиб кетиш"ингизга сабаб бўлади.

Танаффус қилишни ўрганинг. Дастурхон атрофида ёки дўстлар даврасида смартфондан фойдаланиш, нафақат унга бўлган қарамлигингиздан, балки яқинларингизни ҳурмат қилмаётганингиздан далолат беради.

Смартфон билан ухламанг. Ухлашдан аввал смартфонингизни иложи бўлса бошқа хонага қўйинг. Агар будилникка билан уйғонишга одатланган бўлсангиз, телефонни камида 1-2 метр узоқликка, Самолёт режимини ёққан ҳолда қўйинг.

Мобил ўйинлардан ўзингизни тийинг. Қанчалик қизиқарли бўлмасин, улар шунчаки сизнинг вақтингизни олишини тан олинг. Агар ўйин унчалик муҳим бўлмаса, уни ўчириб юборинг.

Сўз охирида шуни айтиш керакки, Буларга амал қилиш ва смартфонга қарам бўлиб қолмаслик фақат ва фақат ўзингизга боғлиқ.

ЎҚИНГ: Телефон экранини қандай тозалаш керак?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.