Нега электромобилларда узатмалар қутиси бўлмайди?

Нега электромобилларда узатмалар қутиси бўлмайди?

Бугунги кунги электромобилларда узатмалар қутиси учрамайди. Бунинг учта асосий сабаби бор, аммо буни тушунтиришдан аввал узатмалар қутиси нима ва ички ёнув двигателли автомобилларда қандай вазифа бажаришини билиб олсак. Шу йўл билан узатмалар қутиси электромобиллар учун унчалик муҳим бўлмаган қисм эканлигини тушуниб олишимиз осон бўлади. Шунингдек, қуйида узатмалар қутиси электромобилларга қўшилишининг фойдали томонини тушунтириб ўтамиз. 

Демак, узатмалар қутиси нима ва унинг ички ёнув двигателли автомобиллардаги ўрни қандай?

Ички ёнув двигателли мотор электр мотордан фарқли ўлароқ, транспорт воситасини ҳаракатлантириш учун етарли айланиш лаҳзасини ишлаб чиқармайди, кўпроқ айланиш лаҳзасини ишлаб чиқариш учун юқори айланиш даражаси керак бўлади. Аммо двигателнинг айланиш диапазони чекланган, бу эса автомобилнинг тезлиги чекланишига сабаб бўлади. Шунинг учун автомобилларда узатма қутиларидан фойдаланилади.

Қисқа қилиб айтганда, узатмалар қутиси ва сўнгги қўзгалиш нисбати бирлашиб айланиш лаҳза кўпайтирувчисини ҳосил қилади. 

Узатма нисбати ва сўнгги қўзғалиш нисабти нима ўзи? Келинг, биринчи узатма нисбати ҳақида гаплашсак. Ички ёнув двигателли автомобилда узатма қутисини биринчи поғонага ўтказдик дейлик. Шунингдек, биринчи поғона 3:1 нисбатига эга деб фараз қилайлик. Бу двигатель томонидан ишлаб чиқарилган айланиш лаҳзани учга кўпайтирилади дегани. Машина ғилдиракларида айланиш лаҳза неча марта кўпайтирилишини аниқлаш учун сўнгги қўзғалиш нисбатини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Агар яна сўнгги қўзғалиш нисбати 3:1 бўлса, автомобиль ғилдирагининг айланиш лаҳзаси двигатель айланиш лаҳзасидан тўққиз баробар кўп бўлади. Агар автомобилнинг двигатели юқоридаги нисбатлар билан биринчи узатмалар поғонасида 200 Нм айланиш лаҳзасини ишлаб чиқарса, ғилдирак айланиш лаҳзаси 200 Нм х 9 = 1800 Нм ни ташкил қилади.

Узатмалар қутисисиз бундай амални бажариб бўлмайди. Агар газ пендали босиб турилса ҳам, машина жойидан қимирламайди. Шунинг учун ички ёнув двигатели автомбилларни двигатель қуввати ва айланиш лаҳзаси мукаммал бирлаштирилган ҳолда ишлаб чиқариш керак бўлади. Гарчи охирги ўн йилликларда ушбу тизимда сезиларли ривожланишлар кузатилган бўлса-да, узатмалар қутиси кўп ёқилғи сарфлайди деб қаралади. 

Электромобилларда вазият қандай?

Электромобилларда узатмалар қутиси бўлмайди ёки муҳим аҳамият касб этмайди. Узатмалар қутиси муаммосига ноль айланиш тезлигидан юқори айланиш лаҳзага эришиш, электр моторнинг юқори айланиш даражаси ҳамда электрон юқори тезликни чеклаш билан барҳам берилади. Келинг, барчаси билан бирма-бир танишиб чиқамиз. 

Ноль айланиш тезлигидан юқори айланиш лаҳзасига эришиш

Эсда тутингки, узатма қутиси асосан айланиш лаҳзасини кўпайтирувчи қурилмадир. Агар ноль айланишдан юқори айланиш лаҳзасига ўтилса, уни бир нечта узатма нисбати ёрдамида кўпайтиришнинг ҳожати қолмайди.

Муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир омил бор - бу юқори айланиш даражаси. Электр двигатели дақиқасига 20.000 мартагача айланиши мумкинлиги сабабли юқори айланиш лаҳзаси билан юқори тезликка фақат битта нисбат билан эришиш мумкин. Шунингдек, бунда электрон юқори тезликни чеклаш омили ҳам муҳим рўл ўйнайди. 

Келинг, мисол тариқасида BMW i4 eDrive 40 автомобилини кўриб чиқамиз. Ушбу автомобилнинг максимал айланиш лаҳзаси 430Нм (0-5000 rpm) ни ташкил қилади. Комбинацияланган узатма қутиси ва сўнгги қўзғалиш нисбати 11.115: 1 ни ташкил этади. Бу ғилдирак айланиш лаҳзасини 4780 Нм эканлигини билдиради. Шу сабабли электромобилларнинг бошланғич тезлиги ички ёнув двигателли автомобилларникидан яхшироқ бўлади. 

Фараз қилайлик, машинанинг максимал тезлиги соатига 190 км. Энг юқори тезликда мотор 16500 rpm тезликда айланади. Ушбу мисолда кўриб турганингиздек, электр двигатель узатмалар қутисига муҳтож бўлмасдан барча талабларни қондириш учун етарли айланиш лаҳзасига эга бўла олади.

Porsche ва Audi электромобилларида вазият бироз бошқачароқ

Porsche Taycan ва Audi E-tron GT электромобилларининг орқа двигателида икки босқичли узатмалар қутисидан фойдаланилади. Юқорида электромобиллар узатмалар қутисига муҳтож эмаслиги айтилганди деган ҳаёлга боришингиз мумкин. Албатта шундай, бироқ узатмалар қутиси электромобилларга ҳам ёрдам бериши мумкин. Паст тезликдан ўрта тезликка тезроқ ўтиш учун электромобилларга қисқа поғонали узатмалар қутиси керак бўлади. Шунингдек, кўп босқичли узатмалар қутиси юқори тезликда электр моторнинг айланиш тезлигини камайтиради. 

Нега юқори тезликда моторнинг айланиш тезлигини пасайтириш керак? Хўш, бунинг иккита сабаби бор. Аввало, двигателнинг айланиш тезлигини камайтириш орқали биз унинг самарадорлигини оширамиз. Бу билан электромобилнинг қуввати кўпроқ масофа босиб ўтишига етади. Иккинчи сабаб - бу юқори тезликка моторнинг ортиқча куч билан айланишисиз ҳам эришиш мумкин бўлади. 

Икки босқичли узатмалар қутисига ўтиш билан боғлиқ муаммо шундаки, электр мотор ишлаб чиқараётган юқори айланиш лаҳзасини бошқариш техник томондан бироз қийинчилик туғдиради. Шунга қарамай, ҳозирда баъзи ишлаб чиқарувчилар электромобиллар учун икки босқичли узатмалар қутиларини ишлаб чиқармоқдалар.

ЎҚИНГ: Samsung'нинг 2022 йилдаги муваффақиятли ва муваффақиятсиз гаджетлари 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.