RGB LED чироғи янги Realme смартфонининг ўзига хос хусусияти бўлади

RGB LED чироғи янги Realme смартфонининг ўзига хос хусусияти бўлади

Realme компанияси ўзининг янги авлод GT Neo смартфонини тақдим қилишга тайёрланмоқда. У GT Neo 4 эмас, балки GT Neo 5 бўлади. Линиясидан "4" тушириб қолдирилаётганига компаниянинг асосий бозори ҳисобланадиган Хитойда рақамнинг "ўлим" сўзига ўхшаш эканлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бўлажак Realme GT Neo 5 смартфони SuperVOOC технологиясига асосланган рекорд даражадаги 240 Вт тезликда қувват олиши билан ўзига хос ҳисобланади ва бу унинг ягона эксклюзив хусусияти эмас. Смартфоннинг орқа томонидаги камера оролида жойлашган бурчакли "C" шаклидаги LED чироғи ҳолатларга қараб RGB рангларида ўз тусини ўзгартира олади:

  • батарея 20 фоиздан кам бўлганида қизил;
  • қувват олаётганда ва бошқа ҳолларда бинафшаранг;
  • билдиришнома ёки SMS келганда яшил;
  • ўйин ўйнаётганда ёхуд GT Mode ёқилганида сабзиранг;
  • ва яна ўзингиз созлаб олишингиз мумкин бўлган 25 хил ранг режимлари. 

Шунингдек, LED чироғи ичида смартфоннинг Snapdragon 8+ Gen 1 чипсетини кўришингиз мумкин.

Турли ҳолатларга қараб ёнадиган LED чироқ ва шаффоф ойна остида жойлашган чипсетни кўриб, хаёлга беихтиёр Nothing Phone 1, ҳамда, Red Magic 8 Pro Transparent Edition смартфонлари келади. Эҳтимол, Realme улардан "илҳомланган" дейиш мумкин. 

Дизайн борасида бизга ҳозирча Realme GT Neo 5 смартфонининг махсус бинафшаранг вариантдагиси кўриниши маълум. Унинг жилосиз шиша орқасига Realme GT смартфонларига хос бўлган иккита ялтироқ линия туширилган. Ён томонлари бироз эгилган олд томоннинг марказидаги юмалоқ тешикли тирқишда эса 16 МП эканлиги таҳмин қилинаётган селфи камера жойлашган.

Камераларга тўхталадиган бўлсак, улар учта ва уларнинг асосийси Sony'нинг 50 мегапикселли IMX890 сенсорини ўзлаштиради – бу яқинда тақдим қилинган флагман, OnePlus 11 камераси билан бир хил. Шуни қўшимча қилиш мумкинки, камера OIS (Optic Image Stabilization), яъни тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусиятига эга бўлади. Қолган камералар 8 МП ултра-кенг, 2 МП макро камералар бўлиши мумкин.

Realme GT Neo 5 батареяси ва унинг зарядланишига қараб икки хил вариантда таклиф қилиниши ҳақида олдин хабар берган эдик.

  • 240 Вт тезликда зарядланадиган 4600 мА/соат батареяли
  • 150 Вт тезликда зарядланадиган 5000 мА/с батареяли

Айтиш керакки, 240 Вт тезликда қувватланиш фойдаланувчига смартфондан фойдаланишдаги мисли кўринмаган тажрибани беради. Хусусан, аввалроқ компания вице-президенти атиги 30 сониялик қувватланиш билан 1 соатлик онлайн видео томоша қилиш мумкинлигини айтган эди. 150 Вт тезликда эса сиз 5000 мА/с батареяни 16 дақиқада қувватлай оласиз.

Қўшимчасига смартфон расман инфрақизил нур узатувчиси ва NFC хусусиятга эга бўлади.

Миш-мишларга кўра, смартфоннинг қолган хусусиятлари қуйидагича: 2772×1240 пикселлар ўлчамидаги 6.74 дюймли, 144 герц янгиланиш тезлигига эга AMOLED дисплей ва унинг остида бармоқ изи сканери, шу билан бирга 12/16 ГБ LPDDR5Х оператив, ҳамда, 256 ГБ дан 1 ТБ гача UFS 4.0 доимий хотирада ишлайдиган Android 13'га асосланган Realme UI 4.0 операцион тизими.

Realme GT Neo 5 смартфони 9 феврал куни Хитойда тақдим қилиниши кутилмоқда. Албатта, у глобал бозорга ҳам чиқарилади ва бу феврал ойи охирида ўтказилиши кутилаётган MWC 2023 тадбирида рўй бериши мумкин.

ЎҚИНГ: Apple'нинг Ultra смартфони Pro Мах ўрнини эгалламайди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!