Twitter'да энди янада кўпроқ сўзлар билан пост ёзиш мумкин

Twitter'да энди янада кўпроқ сўзлар билан пост ёзиш мумкин

Илон Маск анчадан бери Twitter'да узунроқ твитлар ёзиш имкониятини яратилишини ваъда қилиб келаётган эди ва у ўз сўзининг устидан чиқди. Энди платформада 4000 та белгили постлар ёзиб қолдириш мумкин.

Twitter энди битта пост учун белгилар сони 4000 тагача оширилганлигини эълон қилди. Бироқ, бу фақат Blue ойли обунаси фойдаланувчилари учун, яъни сиз узунроқ твитлар ёзиш учун пулли обунага эга бўлишингиз керак. Қолаверса, функция ҳозирча фақат Америкада ишлайди.

Маълум бўлишича, узун твитлар учун ҳам кўплаб стандарт функциялар ишлашда давом этади. Масалан, сиз бундай твитларга расмлар бириктиришингиз, уларда ҳештеглардан фойдаланишингиз ёки улар билан сўровномалар яратишингиз мумкин. Аммо ҳозирча Twitter'нинг веб-саҳифасида узун твитларни қоралама (драфт) сифатида сақлаш ёки кейинроқ юбориш учун режалаштиришнинг иложи йўқ.

Шунингдек, Blue обунаси эгалари узун твитларни бошқаларнинг постларига изоҳ ёки жавоб сифатида ёзишлари мумкин. Албатта, Twitter'нинг пулли обунасига эга бўлмаганлар ҳам узун твитларни ўқишлари, уларга изоҳ қолдиришлари, жавоб ёзишлари ва уларни ўзлари учун ретвит қилишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, узун твитлар лентада қисқа твитлар каби кўринади, яъни улар 280 белгидан сўнг ёпилган ҳолда пайдо бўлади. Уларнинг давомини ўқиш учун "Show more" тугмасини босиш керак бўлади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, бу Twitter биринчи марта постлар учун белгилар сонини ошираётгани эмас. 2017 йилда платформада твит қолдириш учун белгилар сони 140 тадан 280 тагача, яъни икки баробарга кўпайтирилган эди.

ЎҚИНГ: Galaxy S23 Ultra ҳатто Илон Маскни ҳайратлантирди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!