Нархлар осмонда: Xiaomi 13 серияси глобал бозорга тақдим қилинди!

Нархлар осмонда: Xiaomi 13 серияси глобал бозорга тақдим қилинди!

Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтаётган Mobile World Congress 2023 тадбирида Xiaomi компанияси ўзининг янги авлод флагман смартфонлари: Xiaomi 13 сериясини тақдим қилди. Айтиш керакки, ушбу смартфонлар илк маротаба ўтган йил охирида Хитойда дебют қилишган эди.

Xiaomi 13 глобал серияси учта янги смартфонларни ўз ичига олади. Булар Xiaomi 13 Lite, Xiaomi 13 ва Xiaomi 13 Pro моделлари бўлиб, улар билан қуйида батафсил танишишингиз мумкин.

Xiaomi 13 Pro

Xiaomi 13 Pro қатордаги энг юқори модел бўлиб, у ўтган йилги Xiaomi 12S Ultra'га ўрнатилган 1 дюймли Sony IМХ989 – 50 MP (f/1.9) асосий камера сенсорини билан жиҳозланган ва у 23 мм фокус узунлигига эга. Қолган камералар ҳам 50 MP бўлиб, уларнинг бири тасвирни оптик барқарорлаштириш хусусиятга эга бўлган ултра-кенг сенсор бўлса, иккинчиси 115 даража кўриш майдони билан 14 мм фокус масофасига эга бўлган телефото сенсор ҳисобланади. Улар билан 8К ёки 4К/60фпс форматда видеога олиш имконига эгасиз. Учлик камералар билан бирга LED чироғи ва Leica ёзувини тўртбурчак камера ороли ўз ичига олади. Ҳа, Xiaomi ҳозирда Leica билан ҳамкорлик қилмоқда ва бу, шубҳасиз, тасвирлар сифатини ошириши аниқ.

Камералардан узоқлашмаган ҳолда смартфон олд томонига ўтамиз. Экран юқори марказидаги юмалоқ тирқишдан 32 MP селфи камера ўрин олган. Ён томонлари бироз эгилган экранга келадиган бўлсак, у 3200×1440 (WQHD+) пикселлар резолюциясидаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга бўлган ва HDR+ қўллаб-қувватлайдиган 6.73 дюймли AMOLED дисплей бўлиб, у нормал ҳолатда 1200 нит, ташқарида, қуёшли муҳитда эса 1900 нитгача максимал ёруғликка чиқа олади.

Капот остига қарайдиган бўлсак, у ерда Qualcomm'нинг Snapdragon 8 Gen 2 чипсетини кўришимиз мумкин. У 12 GB LPDDR5Х RAM ва 256/512 UFS 4.0 GB хотира билан Android 13 га асосланган MIUI 14 операцион тизимида ишлайди. Унинг бир кунга етадиган батареяси 4820 мА/соат бўлиб, сиз уни USB Type-C порти орқали 120 Вт тезликда симли ёки 50 Вт тезликда симсиз қувватлашингиз мумкин.

Xiaomi 13

Қатордаги ўртача модел, Xiaomi 13, ташқи кўринишда ўз "акаси"дан деярли фарқ қилмаса ҳам, техник хусусиятлар борасида бундай деб бўлмайди. Смартфон 6.36 дюймли 2400×1080 (FHD+) пиксел резолюцияси ва 120 герц янгиланиш тезлигига эга бўлган AMOLED дисплей билан таъминланган ва у ҳам 1900 нит максимал ёруғликка чиқа олади.

Теп-текис экран юқорида марказида селфилар учун 32MP олд камера ўрнатилган. Орқа томонда эса, ушбу модел ҳам учлик камера тизимига эга. Бироқ, улар Pro моделда бўлгани каби юқори даражадаги сенсорлар эмас: асосий камера 50 MP, ултра-кенги 12MP ва телефотоси эса 10 MP.

Pro модел каби эса қурилма Snapdragon 8 Gen 2 чипсетида ишлайди. Ушбу модел нафақат 12 GB, балки 8 GB RAM вариантида ҳам тақдим қилинади. Хотира эса фақат 256 GB. Батарея бироз камроқ, 4500 мА/соат, аммо у бир кунга етиши аниқ. Агар етмай қолса, уни 67 Вт тезликда симли ёки 50 Вт тезликда симсиз қувватлаб олишингиз мумкин.

Иккала модел ҳам 10 Вт тезликда бошқа қурилмаларни зарядлаш имконини беради. Бундан ташқари иккови ҳам NFC, Wi-Fi 7 ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди ва IP68 сертификати билан сув ва чангга чидамли ҳисобланади. Смартфонлар уч йиллик Android ва беш йиллик хавфсизлик янгиланишларини олишади.

Xiaomi 13 Lite

Xiaomi 13 линиясидаги янги модел эса бутунлай бошқа мавзу, лекин у янгилик эмас. Асли ўтган йилнинг сентабрида Apple'нинг динамик ороли стилидаги камера тирқиши билан Xiaomi Civi 2 номи остида илк марта тақдим қилинган эди. Бу сафар эса смартфон Xiaomi 13 Lite номи билан глобал бозорга тақдим қилинмоқда ва у ҳақиқатда "Lite", яъни "енгил" хусусиятларга эга.

Ўтган йилги Xiaomi 12 Lite давомчиси Snapdragon 7 Gen 1 чипсетида 8 GB LPDDR4Х RAM ва 128/256 GB UFS 2.2 хотира билан Android 12 га асосланган махсус MIUI 14 операцион тизимида ишлайди. Батарея 4500 мА/соат ва уни 67 Вт тезлик билан атиги 40 дақиқада 100% гача қувватлаш мумкин. Бошланғич модел симсиз қувватланиш хусусиятига эга эмас.

Камераларга келадиган бўлсак, смартфон орқа томонида Sony'нинг 50 мегапикселли (f/1.8) IМХ766 сенсори жойлашган ва у ўтган йилги 12 Lite'нинг 108 MP (f/1.9) камерасида 123% кўпроқ ёруғлик ушлай олади. Қолган 8 MP ултра-кенг ва 2MP макро камералар эса ўтган ўтган йилги моделникидан фарқ қилмайди. 

Смартфоннинг ўзига хос хусусияти унинг олд экранида жойлашган, Apple'нинг "динамик орол" стилидаги камера тирқишидан ўрин олган иккилик селфи камералари бўлиб, уларнинг бири 32 MP асосий, иккинчиси 8 MP портрет сенсорлардир. Бунда 8 мегапикселли иккинчи селфи сенсор янада табиий бокеҳ эффектлари учун хизмат қилади.

Xiaomi 13 Lite модели 1080×2400 пиксел резолюстиясидаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга 6.55 дюймли AMOLED, HDR+ экранга эга ва у 1000 нит максимал ёруғликка чиқиш қобилятига эга. Ушбу экран Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган. Смартфоннинг ўзи эса IP53 сертификатини олган. Шунингдек, смартфон 5G, Wi-Fi 6, Bluetooth 5.2 ва NFC қўллаб-қувватланишига эга.

Нархлар

Xiaomi 13 серияси Европа ва Осиё мамлакат бозорларида сотувга чиқарилади ва уларнинг нархи қуйидагича:

  • Xiaomi 13 Pro – 1299 евро
  • Xiaomi 13 – 999 евро
  • Xiaomi 13 Lite – 499 евро

Xiaomi худди атайин қилгандек, сотувларни 8 мартдан бошлашни ният қилган. Байрам учун ажойиб совға шундай эмасми?

ЎҚИНГ: Сунъий йўлдош орқали 2 томонли хабар алмашишни қўллаб-қувватлайдиган илк смартфонлар тақдим қилинди!

 
 
 
 
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!