Apple тез орада iPhone 14 нинг янги вариантини тақдим қилиши мумкин

Apple тез орада iPhone 14 нинг янги вариантини тақдим қилиши мумкин

Агар сиз Apple'нинг ашаддий мухлиси бўлсангиз, унда купертинолик компания тез орада ўзининг ҳозирги iPhone 14 смартфонларини янги ранглар билан янгилашини биласиз. Гап шундаки, Apple ҳар йилнинг баҳор фасли бошида сотувларни ошириш учун ўзининг айфонлари рангларини баҳорий кайфиятдаги ранглар билан янгилайди ва биз, эҳтимол, бу йилги ранг қандай бўлишини биламиз.

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида пайдо бўлган постга асосланиб Mac Otakara япон блогининг хабар беришича (MacRumors орқали), Apple баҳорда ўзининг iPhone 14 ва iPhone 14 Plus смартфонларининг сариқ – "Canary Yellow" рангдаги вариантини тақдим қилишни режалаштирмоқда.

Фото: MacRumors

MacRumors, шунингдек, Apple'нинг PR жамоаси кейинги ҳафта янги маҳсулот тақдимотини тайёрлашаётганин маълум қилади. Ўтган йилги iPhone 13 серияси янги яшил рангда 8 март куни тақдим қилинганлигини ҳисобга олсак, бу янги рангли iPhone билан боғлиқ эълон бўлиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Apple портфолиосида аллақачон бундай рандаги смартфонлар мавжуд: iPhone 11 (2019) ва iPhone ХR (2018). Шундай экан, iPhone 14 смартфонлари чиқарилиши кутилаётган баҳорий ранг сариқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Агар миш-мишлар тўғри бўлса, балки бу тилла рангга яқинроқ бўлган сариқ бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!