HD, Full HD, Quad HD, Ultra HD – бу терминлар нимани англатади?

HD, Full HD, Quad HD, Ultra HD – бу терминлар нимани англатади?

Бугунги кунда компьютер ва смартфонлар, шу билан бирга телевизорларнинг такомиллашуви натижасида турли техник терминлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, экраннинг намойиш аниқлигини ифодалайдиган HD, Full HD ва Ultra HD каби атамалар тез-тез қулоққа чалинади. Бироқ ушбу терминлар аслида айнан нимани англатишини ҳаммамиз ҳам яхши билмаймиз. Бундай маълумотларни тўғри англаш, келгусида сифатли дисплейга эга бўлган қурилмани танлашда сизга асқотади. Демак, барчаси тўғрисида бир бошдан.

HD

Ушбу термин юқори аниқликдаги телевизорларда биринчи бўлиб қўлланган бўлса керак. Ҳар ҳолда ушбу терминни кўпчилик эшитган, кўпчилик билади. HD инглиз тилидаги High Definition (юқори аниқлик) сўзининг қисқартмасидир. Бундай форматдаги дисплейда 1 280х 720 нисбатидаги пикселлар мавжуд бўлади. Бунда дисплейнинг катталиги аҳамиятга эга эмас. Бироқ дисплей қанчалик кичик бўлса дюймдаги пикселлар сони ҳам ортиб бораверади. Мисол учун 4,3 дюймли экранда пикселлар сиғими 342 тани ташкил қилади, 4,7 дюймда эса ушбу кўрсаткичнинг миқдори – 312 та. Ҳозирда аксарият смартфон ишлаб чиқарувчилар мазкур форматдаги дисплейни ўртача нарх сегментига мансуб қурилмаларга ўрнатишмоқда.

AndroidPIT-Samsung-Galaxy-S3-6-w782

Full HD

Ушбу форматдаги экранда пикселлар нисбати НD форматидан юқори бўлиб, 1 920 х 1280 пикселни ташкил қилади. Яна таъкидлаймиз, бунда пикселларнинг сиғими экраннинг ўлчамига чамбарчас боғлиқ. Беш дюймли смартфон экранида бир дюймдаги пикселлар зичлиги 440 та, 5,5 дюймли смартфонларда 400 та пиксель атрофида бўлади. Масалан, Samsung Galaxy S5 ва Huawei P8 флагманларининг дисплейи Full HD форматида ишланган.

nexus-5-wallpaper-4-w782

Quad HD, QHD ёки 2К

Ҳозирги кунда жаҳоннинг энг етакчи смартфонлари айнан мана шу аниқликдаги экранлар билан таъминланмоқда. Мисол учун, Samsung Galaxy S6, S7, LG G4, LG G5 моделлари худди мана шундай форматдаги экранга эга. Бироқ Apple ҳалигача ўз смартфонларида HD форматини сақлаб келмоқда. Америка компаниясининг маълум қилишича, бир дюймда 300 та пикселнинг жойлаштирилиши инсоннинг кўриш лаёқати учун етарли. Ундан ортиқ аниқликдаги экраннинг фарқини барибир кўпчилик фарқлай олмайди. Бироқ Хитой ва Жанубий Корея технология гигантлари “Олма”нинг фикрига унчалик ҳам қўшилмайдилар ва телефонлардаги экран аниқлик форматини ошириб келмоқдалар.

how-to-change-app-shortcuts-on-the-galaxy-s7-and-s7-edge-lock-screen-and-other-app-tips

Quad HD ёки 2К аниқлик форматида пикселлар нисбати 2560 Х 1440 тани ташкил этади. 5,5 дюймли QHD экраннинг бир дюймига тахминан 538 та пиксель жойлашади. Айни кунда  Quad HD форматини баъзилар 2К термини билан ифодалашмоқда. Бироқ бу бироз нотўғри, сабаби 2К пикселлар нисбати 2 мингтадан кўп аниқликни билдиради. Quad HD форматида эса пикселлар нисбати айнан – 2560 Х 1440.

 Ultra HD ёки 4К

Мазкур терминлар ҳам, кўпчилик одамлар ўйлаганидек, бир хил маънони билдирмайди. Бироқ тушунча борасида бир-бирига анча яқин. 4К форматида пикселлар сони 4000 тадан юқори бўлиши талаб этилади, Ultra HD аниқлигида эса бу кўрсаткич 3840 тани ташкил этади. Аниқроғи Ultra HD форматида (бўйига ва энига) 3860 х  2160 та пиксель мавжуд. Қайтарамиз, бунда дисплейнинг катталиги аҳамият касб этмайди.

Бугунги кунда бундай формат, асосан, монитор, телевизор каби йирик экранли қурилмаларга қўлланмоқда. Бир қарашда смартфон учун бундай аниқлик даражасидаги дисплей зарур эмасдек, аммо, смартфон ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар харидорлар эътиборини гаджетларга янада жалб этиш учун айнан мана шундай форматдаги флагман смартфонларга тайёрлашни мақсад қилишган. Дарвоқе, Япониянинг Sony компанияси 2015 йилнинг сентябрь ойида Ultra HD форматидаги дисплей билан жиҳозланган Sony Xperia Z5 Premium смартфонини намойиш қилган эди. Модель диагонали 5,5 дюйм бўлган экранга эга, дюймдаги пиксел зичлиги – 806 та!!!

04sony-xperia-z5-compact-premium-3

Хулоса

Смартфон танлаётганда, албатта, унинг экрани қайдай аниқлик даражасида экани билан қизиқинг. Бу орқали сиз сифатли дисплейга эга бўлган қурилмани харид қилишингиз мумкин. Ахир, дисплей смартфондаги энг асосий компонент ҳисобланади. Одатда, гаджетни сотиб олишдан аввал у ҳақдаги техник параметрларни ўрганиш яхши натижа беради.

Тез орада дисплей матрицалари тўғрисида ҳам маълумот берамиз. Бизни кузатиб боринг

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!