Панорамали 360-видео қанақа бўлади?

  •   DiMaX
  •  1242
  •  17.02.2017 16:42

Панорамали 360-видео қанақа бўлади?

Диванда ётган жойингизда Ҳимолай тоғининг тепасидан ўзингиз истаган томонга қараб атрофни кузатишни, севимли гуруҳингизнинг концертига ўзингизга мос вақтда тушиб, зал бўйлаб юриб томоша қилишни, уйқу олдидан Сатурн орбитаси бўйлаб сайр қилишни хоҳлайсизми?

Энди бунинг имкони бор, гарчи виртуал тарзда бўлса ҳам. 360 даражалик видео технологияси шарофати билан бугунги кунда видеотасвирнинг «ичида туриб», атрофга – ўзингиз хоҳлаган томонга қараб панорамали тарзда томоша қилиш мумкин.

Хўш, қанақа бўлади ўзи у?

Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу – ўзига хос видеоролик: унинг тасвири фақатгина бир томонлама камерадан олинган эмас, балки видеони кўришда 360 даражали атрофга қараш имкони мавжуд – нафақат горизонтал, балки ҳатто вертикал йўналишда ҳам! Видеони томоша қилиш жараёнида худди экрандаги воқеаларнинг ичида тургандек бўласиз. Дейлик, дискотека залидан олинган видеолавҳани кўряпсиз, залнинг ўртасида, нақ хонанданинг рўпарасида туриб олинган тасвир. Шунда сичқонча билан (ёки сенсор экранда – дисплейни силаш орқали) экранни чапдан ўнгга «бурасиз». Шунда гўёки сиз кўраётган видеолавҳани тасвирга олаётган камера чапга ўгирилади-да, ён томонда рақс тушаётганларни кўрасиз. Қалай, мўъжизами?

Бунинг янада ривожлантирилгани виртуал реаллик – Virtual reality дейилади. Буларнинг фарқини содда тарзда қуйидагича тушунтириш мумкин: 360 даражалик панорамали видеолавҳа кўраётиб, сиз фақатгина «камера билан бирга юриб», шунинг баробарида 360 даражада атрофга қарай оласиз. Масалан, видеолавҳа коридор бўйлаб юриб тасвирга туширилган, коридорнинг икки томонида очиқ эшиклар орқали хоналарнинг ичлари кўриниб турибди. Видеооператор фақат шу коридор бўйлаб юриб ўтган, хоналарга кирмаган. Сиз роликни кўраётиб, ўша коридор бўйлаб юргандек бўласиз, атрофга истаганча қараб, икки томондаги хоналар ичларига қараб ўтасиз, орқангизга қайрилиб ва юқорига «бошингизни кўтариб» ҳам қарай оласиз.

Энди худди шу лавҳа виртуал реаллик, яъни VR-видео тарзида олинган бўлса, сиз нафақат коридор бўйлаб юриб ўтасиз, балки ён томондаги ўзингиз шу тобда истаган бирор хонанинг ичига кириб кетишингиз ҳам мумкин. Яъни, бунақа видеолавҳада нафақат «видеокамерани атрофга қаратиш», балки уни ўзингиз истаган томонга «олиб бориб» кўриш ҳам мумкин. Бу энди ўзига хос янгича форматдаги медиа!

360-видеоларни қаердан кўриш мумкин?

Бунақа видеолавҳаларнинг асосий ва энг йирик манбалари учта: Oculus VR, Samsung VR ҳамда YouTube (аниқроғи, ундаги Virtual Reality канали). Булардан ташқари, бир нечта мустақил сервислар ҳам бор, аммо уларнинг контенти буларники қадар бой эмас ва тор йўналишда.

Булардан ҳар бирининг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятлари мавжудки, ҳар бирига чуқурроқ тўхталиш – алоҳида мақолалар мавзуси. Ҳозирча шуларга ўтиб, баҳра олинг!

Шунингдек, пойтахтимиздаги диққатга сазовор масканларга 360° панорама кўринишида назар солиш ҳам мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!