AndroidBozor.uz – TAS-IX’даги биринчи профессионал иловалар дўкони!

  •   DiMaX
  •  5243
  •  03.03.2017 15:11

AndroidBozor.uz – TAS-IX’даги биринчи профессионал иловалар дўкони!

TAS-IX ҳудудидаги ушбу иловалар дўконида энди пулли иловаларни жойлаштиришингиз ва харид қилишингиз мумкин! Гап нима ҳақида кетаётганлигини билмоқчимисиз, марҳамат – қуйидаги янгилик билан танишиб чиқинг.

Андроид смартфон ва планшетлар учун иловаларни, одатда, Google Play market’дан ёки қурилмамиз ишлаб чиқарувчиси ташкил этган шу каби бошқа иловалар дўконидан олиб ўрнатамиз. Аммо баъзида бунинг ноқулайликлари ҳам бўлади: интернет тезлигининг пастлиги сабабли секин кўчирилиши, пулли (ёки лимитли) ташқи трафикдан мегабайт сарфланиши, пулли иловаларни харид қилишда тўлов усулининг мураккаблиги ва ҳоказо.

Юртимиздаги фойдаланувчилар учун шу каби қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида «Smart Soft Development» масъулияти чекланган жамияти Android қурилмалар учун иловаларнинг миллий дўконини ташкил этган.

AndroidBozor.uz иловалар маркети лойиҳасининг мақсади Ўзбекистонда иловалар электрон бозорини яратиш ва маҳаллий дастурчилар учун ўз маҳсулотларини тарқатиш, сотиш инфратузилмасини ривожлантиришдан иборат. Мазкур лойиҳа 2015 йили ўз ишини бошлаган бўлиб, шу кунгача кўплаб мобил дастурларни миллий бозорда тақдим этиб келаётир. 2017 март ойидан бошлаб эса бозорда пулли иловалар сотиш ва сотиб олиш учун механизмлар ишлаб чиқилди.

Фойдаланувчи ҳисобини тўлдириш

Мазкур маркетдан иловалар олиб ўрнатиш учун, аввало қурилмангизга унинг мобил иловасини кўчириб олиб ўрнатишингиз лозим бўлади. Сўнг унда рўйхатдан ўтиб, турли дастурларни кўчириб олиш имкониятига эга бўласиз.

Мазкур маркет интерфейси уч тилда: ўзбекча, русча ва инглизчада тақдим этилган. AndroidBozor’да иловалар бир нечта тоифаларга ажратилган ҳолда жойланган, бош саҳифада эса тавсия этилган, янги ва оммабоп дастурлар рўйхати алоҳида-алоҳида ҳолда чиқиб туради.

AndroidBozor’нинг бошқа чет маркетлардан асосий афзалликлари ва имкониятлари қуйидагилардан иборат:

– TAS-IX ҳудудида жойлашганлиги учун иловаларни юклаб олиш тезлиги;

– Android қурилмалар учун мобил иловаси мавжудлиги;

– дастурчилар қулай «dashboard» орқали ўз дастурларини бозорга чиқара олишлари;

– дастурчилар ўзларининг оммабоп ва фойдали иловаларини ҳамда иловаларда пулли контентларни (In-app Purchases) сотиш имконияти;

– фойдаланувчилар эса миллий тўлов тизимлари ёрдамида ўз ҳисобларини тўлдиришлари ва бу орқали пулли контентларни сотиб олиш имконияти.

Айни дамда пулли иловалар сифатида Русча-Ўзбекча луғат ҳамда TV Gid дастурларини синаб кўришингиз мумкин. Русча-Ўзбекча луғат ҳақида аввал батафсил тўхталиб ўтган эдик, келгуси янгиликларда маҳаллий дастурчиларимиз томонидан яратилган TV Gid иловаси ҳақида ҳам маълумотлар келтирамиз.

Дастурчи «dashboard»и

Энди «Отанг – бозор, онанг – бозор» мақоли ҳам ҳозирги замон, яъни электрон тижорат даврида янгича талқин этилиб, бу ёш лойиҳанинг шиорига айланган: «Отанг – бозор, онанг – бозор, энг яхшиси – AndroidBozor». Шундан келиб чиқиб, дастурчилар ҳам мазкур лойиҳа имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ўзларининг иловалари орқали қўшимча даромад топишлари мумкин. Зеро, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар яхши билишадики, Ўзбекистон ҳудудидаги ишлаб чиқувчи Google Play market’га ўзининг пулли иловасини жойлай олмайди. AndroidBozor эса дастурчиларимизга шу имкониятни тақдим этади: улар бу маркетга ўзларининг маҳсулоти бўлган пулли иловаларни ҳам жойлай олишади. Тағин, пулли ёки бепул бўлишидан қатъи назар, AndroidBozor’га ҳар қандай иловани жойлаш мутлақо бепул! Ҳа, ҳозирча бу бошланиши, синаб кўришга арзийди!

Ҳозирда AndroidBozor лойиҳаси жамоаси ушбу бозорни янада ривожлантириш учун дастурчиларга қулай ва зарур бўлган дастурий кутубхоналар (software libraries)ни мукаммаллаштириш, обунавий харидлар (subscription) механизмини яратиш ва асосийси – хорижий бозорлар билан ҳамкорликда дунёга машхур Android иловалар ва ўйинларни миллий валюта – сўмда сотиб олиш имкониятларини ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда.

Ишонамизки, AndroidBozor лойиҳаси ривожланишда давом этиб, юртимиздаги фойдаланувчилар ҳамда дастурчилар учун муҳим ва фойдали иловалар дўконига айланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!