Galaxy S8: тақдимотгача маълум барча тафсилотлар

Galaxy S8: тақдимотгача маълум барча тафсилотлар

Америкалик таниқли технолог-таҳлилчи Эван Бласс Twitter тармоғидаги саҳифасида тақдимоти 29 март куни бўлиб ўтиши кутилаётган Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus смартфонларининг Европада сотиладиган нархларини эълон қилди. Хитойнинг Weibo тармоғида эса бу флагманларнинг Кореянинг ўзида қанчадан сотилиши маълум қилинди.

Эван Бласснинг маълум қилишича, Европага мўлжалланган Samsung Galaxy S8 гаджети 799 евро (863 АҚШ доллари), Samsung Galaxy S8 Plus — 899 евро (971 АҚШ доллари)дан сотувга чиқарилади. Шу билан бирга, бу смартфонларни персонал компьютерга улайдиган DeX док-станция 150 евро, Gear VR виртуал воқелик шлеми 129 евро ҳамда маконни 360 градусда сураттга олувчи Gear 360 камераси 229 евродан сотилади. Кореяда эса янги гелексилар 803 ва 901 евродан бозорга чиқарилади. Яъни, янги мобиль алоқа воситалари ўзларининг “аждодлари” бўлмиш Samsung Galaxy S7 ва S7 edge’га қараганда 100 евро қимматроқдир.

Samsung Galaxy S8 смартфони 2 талқинда — 5,8 дюймли ҳамда 6,2 дюймли дисплейларда ишлаб чиқарилади. Ҳар иккала талқин AMOLED матрицали, 2 ёнга букик, Quad HD (2560 x 1440 пикселли) ёки WQHD+ (2960×2400 пикселли) экран билан таъминланади. Экран iPhone 6s ва 7 каби, бармоқ зарбига кўра буйруқни бажарадиган 3D Touch функциясига эга бўлади. Samsung’нинг бармоқ излари сканери орқа панелдан жой олган. Янги Galaxy’да олд панел деярли экрандан иборат.

Galaxy S8’нинг бош камера матрицаси 12 Мп, олд камера — 8 Мп сиғимли бўлиб, ҳар иккаласида ҳам f/1.7 ўлчамли оптик апертура ўрнатилади. Селфи-камера ёнидаги қўшимча сенсор кўзнинг рангдор пардасини сканер қилади. Бу Galaxy Note 7’да ҳам мавжуд эди. Флагманда кутилаётган яна бир янги технология Bixby овозли ёрдамчисидир. Бу ёрдамчи мураккаб буйруқларни ҳам бажаради. Уни корпус ёнидаги махсус тугмача орқали ишга тушириш мумкин.

Смартфонларга ҳозирча кучли Qualcomm Snapdragon 835 ёки Samsung Exynos 8895 процессорлари, 4 ёки 6 ГБ оператив, 64 ГБ доимий хотира, 256 ГБ.гача хотира флешкасини ўқий оладиган microSD бўлмаси, 3250 ҳамда 3600 мА соат электр токи сиғимига эга, тезкор ва симсиз қувватлаш мумкин аккумулятор билан таъминланади. Флагманлар корпуси сув ва чанг таъсиридан ҳимояланган.

Galaxy S8’лар Android 7.1.1 Nougat опреацион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади ва алоқанинг 4G LTE, 2 диапазонли Wi-Fi (IEEE 802.11ac/b/g/n) ва Wi-Fi Direct, Bluetooth, GPS, NFC каби тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Унда 3,5 мм.ли анъанавий наушник туйнуги ва USB Type-C порти мавжуд бўлади.

Смартфонларнинг корпуси шиша ва металл уйғунлигида ишлаб чиқарилади. Корпус тилла, кумуш, жилодор ва жилосиз қора, кўк, нафармон ҳамда пушти талқинларда ишлаб чиқарилади.

Samsung Galaxy S8 анонси 29 мартда Нью-Йоркда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Инсайдерлар гаджетларнинг 21 апрелдан сотувга чиқарилишини ёзишмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!