Смартфонга тобеликдан қутулса бўлади!

  •   DiMaX
  •  6308
  •  27.03.2017 12:14

Смартфонга тобеликдан қутулса бўлади!

Замонавий кишининг бир кунда ўртача уч соат вақти бевосита смартфон билан ўтади. Аммо уни ҳамиша қўлда ушлаб юришга ўтдингизми – демак, ҳаётингизга ўзгартириш киритиш керак экан. Ахир, энди телефон сизники эмас, балки сиз уники бўлиб боряпсиз!

Бизга ёрдам бериши керак бўлган кўпчилик технологиялар аслида бизнинг тўлақонли яшашимизга халақит беради. Бу борада энг кўп зарар айнан смартфонлардан келади, чунки улардан кун давомида (баъзиларимиз тун бўйи ҳам) деярли ажралмаймиз. Олимларнинг аниқлашларича, смартфонлар пайдо бўлмасидан аввал, оддий телефонларга кишилар кунига ўртача 18 дақиқа вақт сарфлашган экан.

«Олимлар қизиқ бир сўровнома ўтказиб кўришди, – дейди Нью-Йорк университети маркетинг профессори, руҳшунос Адам Алтер. – Унда иштирокчилар шунақа саволга жавоб беришган: «Иккита вариантдан бирини танланг: масалан, йиқилиб тушганингизда смартфонингиз сингани қўрқинчлироқми, ёки бирор суягингизми?» Сўровнома қатнашган америкаликларнинг 46 фоизи смартфонидан кўра ўз суяги синишини маъқул кўришган! Қолган 54 фоизи ўз соғлиғини ёқлаб овоз берган эса-да, уларнинг бу қарорга келиши ҳам осон бўлмаган».

Телефонга тобелик қаердан келиб чиқади?

Ўрганиб қолиш, хумор ҳисси кишининг лаззатланиш туйғусига боғлиқ эмас, акс ҳолда, деярли барчамизни шоколад хумори тутиб юрган бўларди, тўғрими? Ўрганиб қолиш, одатда, бирор руҳий стрессни олиб ташлашга уринишимиздан, қандайдир муаммони ҳал этишга уринишимиздан келиб чиқади.

Ўрганиб қолиш кўпинча ҳаётда бирор муаммоси бор кишиларда ривожланади. Масалан, ёлғизликдан азият чекаётган ёки ўз турмушини яхши томонга ўзгартиришни эплай олмаётган бўлса.

«Тинчланиш учун айнан нима қилаётганингиз муҳим эмас: компьютер ўйини ўйнайсизми ёки наркотик қабул қиласизми… Физиология нуқтаи назаридан хулқий ва наркотик қарамлик ўзаро жуда ўхшаш», – дейди Алтер.

Биз стресслар даврида яшамоқдамиз, телефонимиз эса бунда бизни тинчлантирувчи восита бўлиб хизмат қилади. Айрим тадқиқотчилар смартфонни ҳатто катталар учун сўрғичга ҳам ўхшатишади – чақалоққа сўрғич бериб тинчлантириб қўйгандек, катталар ҳам жаҳлимиз чиққанида, хафа бўлганимизда ёки зерикканимизда смартфон билан ўзимизни овутамиз. Аммо бу тўғри ечим эмас, ахир, вақт ўтиши билан бу фақат муаммони чуқурлаштиради.

Демак, телефонга тобеликдан қутулишимиз керак экан. Хўш, қандай қилиб?

Қарамликдан қутулиш йўллари

  1. Телефонни қўлда ушлаб юрманг

Атрофингиздаги вазиятни ўзгартиришга уриниб кўринг: сизни васвасага солаётган шу матоҳни ўзингиздан узоқроқ тутинг. Телефонни сал нарироққа қўйингки, унга узаниб, қўлингизга олишингиз осон бўлмасин. Яхшиси, уни хонанинг нариги бурчагида қолдиринг, барибир жирингласа овозини эшитасиз-ку. Смартфонни ёнингизда қўйиб туриб, унга тегинмасдан иродангизни синашингиздан кўра барибир мана шу усул самаралироқ-ку.

Агар бирор сабаб билан телефонни ёнингизда қўйишга тўғри келиб қолса, ундаги кераксиз билдиришномаларни узиб қўйинг. Кўп вақтингизни олиб қўядиган иловаларни эса битта папкага жойлаб, ичкарироққа яшириб қўйинг.

  1. Тўхташингизга ўзингиз ёрдам беринг

Бир дақиқага деб телефонни қўлга оласиз-у, бирпасда бир соат ўтиб кетганини пайқамай ҳам қоласиз… Сиздаям шунақа бўлган-ку, тўғрими? Ижтимоий тармоқлардаги билдиришномаларни қараб чиққунимизча янги хатлар келади. Уларни кўриб чиққунингизча бирор танишингиз мессенжерда хабар юборади. Сўнг, чиқиш олдидан, дея яна ижтимоий тармоқларга қараб қўясиз… Шу тариқа, ёпиқ айланага тушиб қоласиз, олимлар буни «ўйин сиртмоғи ҳолати» деб аташади. Одатда бу ҳолат ўйин автоматларида ўйнаётганимизда юзага келади, аммо компьютер ва смартфонга ўралашиб қолиш ҳам ундан кўп фарқ қилмайди.

Бизни сунъий хотиржамлик ҳолати ўзига тортади. Унда қолиш учун, биз қайта ва қайта бир хил ҳаракатларни такрорлайверамиз. Четдан кимдир ёки нимадир чалғитиб, бу ҳолатдан тортиб чиқармагунича, биз ўзимизни тўхтата олмаймиз.

Адам Алтер

Шунақа чалғитувчи воситани олдиндан режалаштириб қўйинг. У сизга тўхташ вақти келганини эслатиб, сунъий хотиржамлик ҳолатидан чиқариб оладиган бўлсин. Масалан, тескари саноқ таймери ҳам қўл келади. Бирор илова ёки ижтимоий тармоққа киришдан аввал таймерни ишга туширинг. Сигнал жаранглаши билан ўша эрмакни тўхтатиб, телефонни нарироққа суриб қўйинг.

  1. Зарарли одатдан қутулиш ўрнига, уни фойдалисига алмаштиринг

Диванга ўтираётганингизда, телефон сиздан узоқроқ турсин, ёнингизда эса бирор фойдали китоб бўлсин. Смартфонни кавлаштиргингиз келганида китобни олиб, мутолаага киришинг. Бошланишига сал қийин бўлиши мумкин, шунинг учун сал ҳазми осонроқ – қисқа ҳикоялар ёки турли фактлар, қизиқарли воқеалар китобларидан бошланг. Шу тариқа, воз кечишингиз керак бўлган зарарли одатингизни аста-секинлик билан фойдалисига алмаштириб оласиз.

Агар узоқроқ вақт смартфонингиз билан ёлғиз қолишингизга тўғри келса ва ёнингизда китобингиз бўлмаса, телефонингиздан ҳам тўғри фойдаланинг. Бунинг учун, масалан, унга электрон китоблар юклаб қўйиш мумкин. Instagram ёки бошқа бирор иловада янгиликларни кўриб чиққач, илованинг ўзини ҳам ўчириб ташланг. Шунда кейинги гал яна киргингиз келганида уни бошқатдан ўрнатишингизга тўғри келиб қолади, бу орада бошқа нарсага чалғишингиз мумкин.

Мутолаа қилишга мўлжалланган иловаларни эса бош экранга жойлаштириб қўйинг. Уни қўлга олганингизда, биринчи галда шу каби фойдали дастурларга кўз югуртиринг.

Хулоса

Одатда ҳаётингизда бирор муаммо бўлса, бирор нимага қарамлик ривожланади. Демак, ҳамиша телефонингизни текшириб қўйишга ўзингизда қандайдир ички эҳтиёж сезаётган бўлсангиз, бу – биринчи навбатда ҳаётингиздаги қайсидир жиҳатларга ўзгартириш киритиш кераклигига ишорадир.

Агарда тўлақонли ҳаёт билан яшаётган ва ўз яқинларингиз билан яхши муносабатларда давом этаётган бўлсангиз, бирор нимага ўрганиб қолишингиз эҳтимоли анча кам бўлади.

Адам Алтер

Агарда смартфонга боғланиб қолиш одатингиздан қутулишни истасангиз, кўпроқ вақтингизни яқинларингиз билан мулоқотда ўтказинг. Тушунинг – улар билан сизнинг орангизда тўсиқ бўлаётган восита – айнан шу телефонингиздир! Уни фақат иш юзасидан гаплашиш, бирор яқинингиз билан мулоқот қилиш, зарур маълумотни излаш учунгина қўлга олинг.

Хуллас, қўлингиздаги душманингизни дўстга айлантириш ўз ихтиёрингизда!

Дарвоқе, ижтимоий тармоқларга тобеликдан қутулиш йўллари ҳақидаги мақоламизга ҳам назар солишни тавсия этамиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!