Galaxy S8: мобил технологиядаги сўнгги 12 инновация

Galaxy S8: мобил технологиядаги сўнгги 12 инновация

29 март куни расман тақдим қилинган Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus флагман смартфонлари хусусида деярли барча маълумотлар маълум қилинди. Йилнинг энг пешқадам илғор смартфони бўлиши кутилаётган Galaxy S8 хусусида қуйида 12 та муҳим инновацион янгиликни эслатиб ўтмоқчимиз. S8 ва S8 Plus’даги фарқ уларнинг ўлчами ва аккумулятор сиғимида.

Энди смартфонни блокировкадан чиқариш учун унга қиёфани тутса бўлди. У ўз эгасини танийди. Қолаверса, кўзнинг рангдор пардасини сканер қилувчи сенсорнинг борлиги ҳам аҳамиятли. Бу тизим жуда тез ва аниқ ишлаши билан кечанинг ўзидаёқ барчанинг диққатини тортган. Қолган муҳим жиҳатлар хусусида.

  1. “Четидан – четигача экран”ли дизайн

Samsung’нинг фикрича, 5,8 ва 6,2 дюйм дисплейларнинг ромсиз дизайни смартфонлардаги бош инновациядир. Galaxy S8 экран томонларининг нисбати 18,5:9’га тенглиги билан “келажак смартфони”, дея айтилмоқда. Экран янада чўзилган ва олд панелни деярли тўлиқ эгаллаб турибди. Тўғри, ундан бир оз кичкина LG G6 экрани томонларининг нисбати 18:9’га тенг. Бироқ, кўпчиликнинг фикрича, Samsung флагманининг жозибадорлиги юқорироқ. Боиси, LG смартфонида экран ёнларида рамка мавжуд ва экран ҳам текис. Samsung эса бу галги “байроқдор”ларида аввалги Galaxy S7 edge’никидан силлиқроқ букик экрандан фойдаланган. Энди ҳар иккала талқиндаги S8 шундай букик экранларга эга бўлади.

  1. Экраннинг пикселлар сиғимини танлаш мумкин

Galaxy S8’нинг Super AMOLED матрицасининг пикселлар сиғими 1440х2960 белгига тенг, 4K сиғимли. Аммо, менюда уни 2220х1080, ҳаттоки 1480х720 пикселли қилса ҳам бўлади. Иловалар элементлари ҳам экранда шунга кўра акс этади. Бу функция қувватни тежаш учун жорий қилинган. Шу орқали 3000 (S8 Plus’да 3500) мА соат ток сиғимига эга аккумулятор 2,5 кун мобайнида ишлайди.

  1. Корпус янада чўзилди

Ҳали бундай ўлчамдаги смартфондан фойдаланишга кўз ҳам, қўл ҳам ўрганмаган. Экран атрофи рамкадан холи бўлгани туфайли интерфейс элементларидан фойдаланишга мослашиш учун вақт керак, шунингдек бу чўзинчоқ смартфонни бир қўлда бошқариш имконсиз. Galaxy S8 155 грамм, Galaxy S8+ эса 173 грамм вазнга эга. iPhone 7 смартфони 20 грамм енгилроқ бўлса ҳам, экран масаласида кореялик рақибига мағлуб бўлади.

  1. Илғор процессорлар

Қувват тежашда ном қозонган Qualcomm Snapdragon 835 процессорига эга смартфонлар фақатгина АҚШда сотилади. Қолган мамлакатларда сотувга чиқадиган Galaxy S8 компаниянинг шахсий Exynos 8895 чипида ишлайди. Умуман олганда, бу – яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Уларнинг ҳар иккаласи 8 ядроли бўлиб, ишлаш тезлиги 10 нанометрли техник жараённи ташкил этади. Qualcomm Snapdragon 835’даги илк 4 ядронинг частота тезлиги 2,35 гигагерц ва қолган 4 ядроники 1,7 гигагерц. Exynos’да эса 4 та ядро 2,35 гигагерц ва қолган 4 таси 1,9 гигагерц тезлигида ишлайди.

  1. Кучли, аммо бир объективли камера

Олд камера 8 мегапикселли, орқа камера — 12 МП. Dual Pixel технологияси ёруғлик паст жойда ва кичик объектларни сифатли суратга олишда ёрдам беради.

Оптик яқинлаштириш, кенг бурчак остида суратга олиш имконини берадиган қўш объективли бош камералар урф бўлаётган бир пайтда, кореяликларнинг бир модулли бош камераси кутилмаган янгилик бўлди. Афсуски, S8’да тасвир сифатини йўқотмасдан туриб, уни яқинлаштириш имконсиз.

Лекин, худди шундай дизайндаги S7/S7 edge’га ҳам бир модулли бош камера “йилнинг энг яхши смартфони” ёки “энг яхши камерафони” бўлишларига халақит қилмади. Samsung  бу гал ҳам яхши сурат оладиган камерага урғу берган. Камераларнинг ёруғликни қабул қилувчи приборлари ҳажми F1.7 бўлган, қўш-пикселли матрицага эга модулдан фойдаланган. Бу ерда компаниянинг камера иловаси ҳам аниқ-тиниқ сурат олинишида муҳим ўрин тутади.

Бош камеранинг кадрларни қайта ишлаш алгоритми такомиллашгани боис, суратларнинг юқори аниқликда акс этиши айтилмоқда. Мисол учун, камера ҳар гал 3 та кадр олади ва улардаги энг яхши жиҳатларни бирлаштириб, омихта кадрни тақдим қилади. У Galaxy S7’нинг камерасидан тез ишлайди. Олд камера янада илғорлашган — 8 Мп! У кенг бурчак остида сурат олади. Шунингдек, автофокус тизимига ҳам эга.

  1. Бармоқ излари сканерининг жойлашуви “ғалати”

Экран “четидан – четигача” дизайнда тугмалардан холи ишлангани эвазига, бармоқ излари сканерига орқа панелдан жой ажратилди. Унинг корпус маркази эмас, камера ёнига жойлаштирилгани ғалатироқ. Натижада, фойдаланувчи бармоғини тўғридан-тўғри сканерга қўйишини учун аввал панелга кўз ташлашга мажбур. Аммо, мавжуд қоидаларни кимдир четалб ўтиши ҳам керак. Айниқса, бу пешқадам компанияларга ярашади.

  1. IP68 стандарти смартфон корпусидан сув ҳамда чангни ўтказмайди

Бу турдаги чидамли корпус ижодкорининг янги смартфонлари ҳам дам олиш пайтлари чўмилиш ҳавзаларида суратга олишни, ёмғир остида ҳам суҳбат қуришни хуш кўрганлар учун айни муддао. Galaxy S7 ва янги А-сериясидаги смартфонларнинг бу жиҳатларига ҳозирча оммавий тарзда норозилик кузатилмаяпти. Демак, янги гаджетлардаги бу жиҳат ҳам ўзини оқлайди.

  1. Хотира майдони

Galaxy S8 девайси 64 ГБ доимий хотира билан таъминланди. Бу аввалгига нисбатан 2 баробар кўп дегани. Оператив хотира сиғими эса 4 гигабайтни ташкил қилади. Бугунги кунда 6-8 ГБ “оперативка” ўрнатиб, харидорларнинг диққатини тортишга уринаётган компаниялар ҳам бор. Аммо, экспертларнинг фикрича, ҳозирги даврда смартфон яхши ишлаши учун ундаги 4 ГБ тезкор хотира кифоя қилади ва бундан ортиғи шунчаки маркетинг сиёсатидир. Гибрид бўлмачага 1 дона SIM-карта ёки хотира флешкаси ўрнатиш мумкин.

  1. Bixby – “тугмача”ли ёрдамчи

Бугунга қадар Siri, Alex каби виртуал ёрдамчиларни билардик. Galaxy S8’да Samsung ўзининг илк овозли ёрдамчиси бўлган Bixby’ни татбиқ қилди. Уни чақириш учун корпус ўнг биқинидаги махсус тугмачани босиш керак. У билан инглиз тилида суҳбатлашиш, маслаҳат сўраш, маълумот олиш, маълумот-тавсия сўраш, унга эслатмаларни айтиш мумкин. Ишлашига кўра, у Apple’нинг Siri ёрдамчисини эслатади. Шунингдек, Google ассистент каби, Bixby ҳам буйруқни тушунади, қўшимча топшириқларни бажаради. Samsung кейинчалик Bixby’ни  интернет буюмлар ва “ақлли уй”га улаб, фойдаланувчига масофадан туриб турли қурилмаларни бошқариш, хавфсизлик ёки бирор жараённи назорат қилиш имконини бериш режасида.

  1. Ноодатий ранглар

Бугун кутилмаган ранглар ҳам смартфон савдосига ижобий таъсир ўтказмоқда. Мисол учун, Huawei яқинда намойиш қилган P10’нинг ўзига хос яшил ва кўк рангли талқини, Apple’дан қизил рангли  iPhone 7. Samsung ҳам янги флагманини маржон ранг, кўк, кулранг-сирен, арктик-оқ рангли талқинларда ишлаб чиқаради. Жумладан, S8 21 апрелдан бошлаб 5 та рангли: тим қора (Midnight Black), кумуш (Arctic Silver), тилла (Maple Gold), кўк (Coral Blue) ва сирен рангли (Orchid Gray) корпусда сотувга чиқади.

  1. Нарх-наво: кутилганидан арзон

Samsung Galaxy S8 ва S8 Plus’нинг халқаро бозорда 970 ҳамда 1065 АҚШ долларидан сотилиши кутилмоқда. 5.7 дюймли LG G6 билан солиштириб кўрилганида (915 доллар), янги процессор, замонавий камера учун бу адолатли нарх.

  1. Қўшимча аксессуарлар

Тақдимотнинг аксарият қисми флагманлар учун ишлаб чиқарилган Gear VR виртуал воқелик шлеми ҳамда унинг бир қўлда бошқариш мукин бўлган жажжи пультига бағишланди.

Шунингдек, Gear 360 камераси 4K сиғимли тасвирни 360⁰  градусда ёзиб олади. Samsung DeX док-станцияси ёрдамида эса смартфонга HDMI-монитор, клавиатура ва сичқонча улаб, уни персонал компьютерга айлантириш мумкин.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!