Кучли процессор ва камерали Xiaomi Mi 6 тақдим қилинди!

Кучли процессор ва камерали Xiaomi Mi 6 тақдим қилинди!

Xiaomi компанияси ҳозиргина Пекинда ўзининг энг сўнгги Xiaomi Mi 6 “байроқдор” смартфонини мухлислари эътиборига расман тақдим қилди. Xiaomi Mi 6 ўз корпусида ҳозирча жаҳоннинг энг илғор процессорига, шунингдек қўш объективли бош камерага эгалиги билан мақтана олади.

Mi Mix’дан фарқли равишда Xiaomi Mi 6 дизайнига алоҳида урғу қаратилган ва Galaxy S7 каби унинг корпус ҳошияларини ўраб олган пўлат металли ҳамда қайрилма шаклдаги дисплей шишаси мос тарзда уйғунлашиб кетган.

Xiaomi Mi 6 зангламайдиган пўлат корпусга эга. Корпуснинг олд ва орқа панеллари қайрилма ҳимоя шишаси билан қопланган. Маълум қилинишича, ҳар бир корпуснинг сайқалланиш ишлари 12 кун давомида амалга оширилган ва бунда корпус 40 та технологик жараёндан ўтказилган.

Корпусда ёқиш ва овозни бошқариш тугмалари ўз ўрнида қолган. Xiaomi бу галги аппаратини чанг ва сув таъсиридан ҳимояланган корпусда ишлаб чиқарган. Бу — уни сувга тиқса бўлади дегани эмас. Мисол учун, ёмғирда ҳам унда бемалол суҳбат қуриш мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг яна бир муҳим янгилиги — корпусда анъанавий 3,5 миллиметрли аудио қулоқчиннинг коннекторидан воз кечгани бўлган. Афтидан, компания симсиз аудио-қулоқчинларни ҳам сотувга чиқаради.

Xiaomi Mi 6 девайси 5.15 дюймли экранга эга. Samsung Galaxy S8 ҳамда Sony XZ Xperia Premium’дан сўнг Mi 6 ҳам 2.45 гигагерц частотата тезлигида ишлайдиган Snapdragon 835 процессори, Adreno 540 график-тасвирни қайта ишлашга масъул видео-карта билан таъминланди.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, Xiaomi Mi 6 маълумотларни 10 нанометрли технология асосида қайта ишлашга мўлжалланган жаҳондаги илк тижорат мобил процессорига эга. Натижада, смартфон ўзининг шу чипга эга бошқа рақибалирга қараганда 35% камроқ ейди ва қувват тежаш самарадорлиги 25% юқори.

Қолаверса, яна бир ўзига хос жиҳат — флагманда X16 LTE мобил алоқа модеми ўрнатилган бўлиб, унинг ёрдамида секундига 1 Гбит.гача маълумотни юклаш мумкин.

Xiaomi Mi 6 гаджетидаги Adreno 540 ёрдамчи график-тасвир процессорининг ишлаш самарадорлиги 25% юқори ва қувватни 45% камроқ истеъмол қилади.

Xiaomi Mi6 флагмани Samsung Galaxy S8’дан сўнг Bluetooth 5.0 модулига эга жаҳондаги 2-смартфон.

3350 мА соатли аккумулятор смартфондан бир иш куни мобайнида тинимсиз фойдаланиш имконини беради. Боиси, нафақат аппарат таъминот платформаси, шунингдек MIUI операцион тизимидаги дастурий таъминот тизими ҳам смартфоннинг қувватини тежашига ёрдам беради. Юқоридаги жадвалга асосан, Xiaomi Mi 6’ни йирик қувват тошига эга флагман дейиш мумкин.

Xiaomi Mi 6 смартфони 5,15 дюймли Full HD сиғимли дисплей билан таъминланган. Уни ишлаб чиқаришда жиддий ёндашилгани сезилиб турибди. Экраннинг NTSC ранг маконидаги ранглар қамрови 94,4 фоизни ташкил қилади.

Экраннинг 600 nit ёруғлик ишлаб чиқариши ундан очиқ кунд фаол фойдаланиш, тунда эса ёруғлик миқдорини камайтириш режимидан фойдаланиш, экрандаги кўк нур миқдорини камайтириш имконини беради.

Янги смартфон қўш модулли бош камерага эга — 12 Мп кенг бурчакли ҳамда 12 Мп «телефото» линзали модуллар. Бош камера iPhone 7 Plus’нинг жиҳатларига эга. Бу модуллар манзарани профессионал эффектлар билан муҳрлаш имконини беради.

Камера 2 карралик оптик ҳамда 10 маротабалик рақамли яқинлаштириш функцияларига эга. Камерада суратни тўрт ўқли тизим асосида барқарорлаштирувчи махсус илғор технология ҳам татбиқ қилинган. Флагманда 8 мегапикселли олд камера мавжуд.

Қуйида флагман камерасида олинган қуратларга баҳо беринг.

12 мегапикселли телефото-объектив сифатни йўқотмасдан туриб манзарани 2 карра яқинлаштириб суратга олиш ва ён томон эффектларига эга портрет режимида суратга олиш имконини беради.

Бош камера тасвирни ўта юқори бўлган 4К форматда ёзиб олади. Xiaomi Mi 6 корпуснинг қуйи ва том қисмида қўш, яъни стерео динамикларга эга.

Смартфон кўм-кўк, кумуш ҳамда қора корпусли талқинларда ишлаб чиқарилади. Xiaomi Mi 6’нинг ўзига хос услубдаги қора талқинининг камера модули ҳошияси 18 каратли олтин билан зарҳалланган керамик корпусда ишлаб чиқарилади.

Xiaomi Mi 6’нинг бошқа ўзига хос жиҳатлари қаторига 64 / 128 ГБ доимий хотирасини, корпус олд панелидаги бармоқ излари сканери, яқин масофада электрон тўловларни амалга ошириш имконини берувчи NFC технологиясини киритиш мумкин.

Нарх-наво
Смартфоннинг 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 (2499 Yuan), 6 ГБ тезкор ва 128 ГБдоимий талқини — $421 (2899 Yuan), ҳамда 6 ГБ / 128 ГБ хотирали махсус «керамика» талқини $435 (2999 Yuan) АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Xiaomi Mi 6 смартфонлари 10 кундан сўнг — 28 апрелдан сотувга чиқарилади.

Xiaomi Mi6 қисқа тавсифда:
Дисплей: 5.15 дюймли FHD (1920 x 1080), 2.5D эффектидаги қайрилма шишали;
Процессор: 2.45 Гггц, 64 битда ишлайдиган 8 ядроли Snapdragon 835;
Видео-карта: Adreno 540
Тезкор хотира: 6 GB
Доимий хотира: 64 GB / 128 GB
Бош камера: қўш модулли 12 МП кенг бурчак остида суратга олувчи модул + 12 МП телефото линзасига, 2 карралик оптик яқинлаштириш, суратни оптик барқарорлаштириш функцияларига, портрет режими эга модул. Бош камера қўш тусли LED фоточақноғига эга;
Селфи камера: 8 МП.
Батарея: 3,350 мА соат, Quick charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси;
Операцион тизим: Android 7.1 Nougat;
Алоқа тармоқлари: 2 та SIM-картали, WiFi, 3G, HSPA+, LTE w/ VoLTE, NFC, GPS, A GPS, GLONASS
Бошқа жиҳатлар: бармоқ излари сканери, USB Type C порти, қўш динамиклар; Корпус ранглари: кумуш, қора, кўк;

Ўлчамлари: 145,17 x 70,49 x 7,45 мм;
Вазни: 168 грамм (керамика талқини 182 грамм).