WannaCry вирусидан ҳаккерлар қанча ишлагани маълум бўлди

WannaCry вирусидан ҳаккерлар қанча ишлагани маълум бўлди

12 май куни жаҳон миқёсида тарқалган WannaCry товламачи-вируси 150 дан зиёд мамлакатда 200 мингдан ошиқ интернет фойдаланувчига зарар етказиб, ўзининг яратувчиларига $42 минг доллар ишлаб берган. Бу тўғрида Европа полиция агентлиги — Europol хабар қилмоқда.

WannaCry 12 май куни шиддат билан тарқалиб, қатор давлат ва нодавлат, оддий фуқароларнинг электрон қурилмаларини “қулфлаб” қўйган. Жумладан, Буюк Британиянинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасалари, Испаниядаги йирик телекоммуникация компанияси, Россия Ички ишлар вазирлиги ҳамда «Мегафон» компанияси вирусдан жабрланган.

Вирус компьютерга тушгач, ундаги файллардан фойдаланишни чеклаб қўяди ҳамда ўз “қурбони”дан 200 доллардан 600 долларгача миқдоридаги маблағни биткоин рақамли валютасида тўлашни талаб қилади. Шу кунга қадар 23,5 биткоинга тенг бўлган 110 тага яқин пул тўловлари амалга оширилган. Уларнинг сони эса тобора ошиб бормоқда. Сабаби, 3 кун давомида тўлов амалга оширилмаса тўлов суммаси 2 баробарга ошади ва 7 кун муҳлат берилади. Агар шу давр орасида тўлов қилинмаса, компютердаги мавжуд барча файллар ўчириб юборилади.

Ҳаккерлар тўловни амалга ошириш учун 3 та банк ҳисоб рақами кўрсатилган бўлиб, полиция томонидан бу ҳисоб рақамлари назорат остига олинган. Шу боис ҳам, жиноятчилар тўланган маблағларни ечиб олишга ҳаракат қилмаяптилар.

13 май куни уни йўқотишга қарши тайёрланган махсус домен ёрдамида вирусни вақтинча тўхтатиб қўйишга эришилган. Бироқ, вирус муаллифлари томонидан бу зарарли файлнинг янги — уни тўхтатишга қаратилган доменни танийдиган талқини тайёрланиб, Интернет тармоғида тарқатилди.

Британия махсус хизматининг маълум қилишича, жаҳон миқёсида WannaCry вируси зарарлаши мумкин бўлган Windows-компютерлари сони 1,3 миллион донага етади. Бу ҳаккерлик ортида эса ташкиллаштирилган йирик жиноий гуруҳ турибди.