Ахборот технологиялари вазири журналистлар билан жонли эфирда мулоқотда бўлди

Ахборот технологиялари вазири журналистлар билан жонли эфирда мулоқотда бўлди

17 май – “Жаҳон телекоммуникация ва ахборотлашган жамият куни” муносабати билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқаро пресс клуб билан ҳамкорликда “Zo’r TV” канали студиясида оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этди. 2 соатдан ошиқ давом этган учрашувда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов соҳанинг ривожланиш ҳолати ва қисқа давр ичидаги режаларига бағишланган тақдимот билан иштирок этди. Учрашув жонли эфирда 1 соат давомида “Ўзбекистон” телеканалида эфирга узатилди. Самимий руҳда ўтган учрашув қизиқарли ва долзарб саволларга бой бўлди.

Матбуот анжуманида соҳадаги натижалар қаторида муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.

Жумладан, тадбирда бугунги мобил алоқа тармоқларида ҳар қандай форматдаги (овозли, файл ва видео) маълумотларни юқори тезликда алмашиш имконини берувчи 4G стандартини ривожлантириш қониқарли даражада эмаслиги, аҳолининг алоқанинг бу стандарти билан қамрови 1 фоизга ҳам етмаслиги айтилди. Шу мақсадда 900 / 1800 МГц  диапазонларидаги радиочастота полосалари Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши қарори билан мобил алоқа операторлари ўртасида тенг миқдорда қайта тақсимлангани қайд этилди.

Шунингдек, интернет масаласида тезлик ва нарх – ҳар бир фойдаланувчи учун муҳим омил. Маълумот берилишича, 2016 йилда халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш умумий тезлиги (провайдерлар учун) 26,3 Гбит/с.га, 2017 йилда эса 65,7 Гбит/с.га етди. Шунингдек, йил охирига бу тезликни секундига 200 гигабитга етказиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар бир интернет фойдаланувчига сезиларли равишда тез ва сифатли интернет хизматларидан фойдаланиш имконини беради.

2013 йилда провайдерлар учун ташқи интернет каналларига уланиш нархи 1 Мбит/с учун 422 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 4 йил давомида бу нарх мунтазам пасайтирилиб, бугунги кунда $67,85 долларгача камайган. Интернет трафикка бўлган эҳтиёжнинг ўсиши – ўз навбатида унинг арзонлашувига ҳам хизмат қилмоқда. Журналистларга айни пайтда халқаро тармоққа қўшимча каналлар орқали уланиш устида хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилинди.

Яна бир муҳим янгилик.

Гарчи, ҳудудларимиз бўйлаб 20 минг км.дан зиёд оптик толали алоқа линиялари ётқизилган бўлса ҳам, афсуски, бугунги кунда кенг полосали симли интернетга уланиш кўрсаткичи мамлакатимизда ҳар 100 нафар фойдаланувчига 1.33 кишини ташкил қилмоқда. Бу эса рейтингда Ўзбекистоннинг ўрнига жиддий таъсир ўтказади. Кенг полосали интернетни жорий қилиш оптик толали алоқа кабелларига бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Жумладан, 2021 йилга қадар Ўзбекистонда оптик толали алоқа кабелларига бўлган эҳтиёж 277 минг км.ни ташкил қилади. Шуни инобатга олиб, вазирлик томонидан юртимизда оптик толали алоқа кабели ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилмоқда. Ушбу корхона йилига 50 минг км илғор алоқа кабелини тайёрлаш салоҳиятига эга бўлади.  Натижада, экспортга сарф қилиниши мумкин бўлган 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни асраб қолиш имконияти туғилади.

Ш.Шерматов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолияти хусусида ҳам тўхталиб, Виртуал қабулхона давлат ва жамият бошқарувида тўхтаб қолган механизмларни ҳаракатга келтиришнинг муҳим омилига айлангани, фуқароларнинг тўғридан-тўғри ҳукуматга мурожаат қилиши коррупциянинг олдини олаётгани, ислоҳотлар фуқаролар истакларига кўра, “қуйидан-юқорига” тамойили асосида амалга оширилаётганига диққатни қаратди.

Шунингдек, журналистларни синов тариқасида ишга туширилган Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги талқинининг ўзига хосликлари қизиқтирди. Порталнинг асосий афзаллиги – жисмоний ва юридик шахслар учун шахсий кабинет яратилган бўлиб, фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотлар бевосита “электрон ҳукумат”нинг маълумотлар базасига юкланади. Портал бу маълумотларни автоматик равишда қайта ишлаб, фойдаланувчига давлат хизматларини таклиф қилади. Порталда жараённинг ўзида кўрсатиладиган хизматларни жорий қилиш ҳам назарда тутилган. Яъни, фуқаро сўрови асосида керакли маълумотномалар сўров берилган вақтдаёқ берилади.

Оммавий ахборот воситаларини қачон Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудуд, ҳар бир фуқаро интернетдан бемалол, ҳеч бир техник тўсиқларсиз фойдаланиши мумкин бўлади, деган савол қизиқтирди. Бу саволга “Ўзбектелеком” АК директори Шуҳрат Қодиров жавоб қайтариб, кейинги 5 йилда ҳар бир юртдошимизга интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлади. Жумладан, “Кенг полосали интернетга уланишни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида 2021 йилга қадар мамлакатимизда 1.5 миллион дона тезкор интернет ўтказувчанлигига эга кенг полосали портлар ўрнатилади. Бу эса аҳолига тезкор интернет хизматларининг кўрсатилишига замин яратади.

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!