iOS 11: Apple жорий қилаётган 10 инновацион функция

iOS 11: Apple жорий қилаётган 10 инновацион функция

Калифорнияда Apple шафелигида ўтаётган жаҳон дастурчилари анжумани доирасида ўтказилган тақдимот чоғида Apple iOS 11 мобил платформаси тақдим қилинди. Тим Кук 96% Apple фойдаланувчилари iOS операцион тизимидан қониқиш ҳосил қилишларини, уларнинг 86 фоизи iOS 10’дан фойдаланишини маълум қилди.

Гарчи, Apple Developer Center дастурчиларга мўлжалланган бўлса ҳам, унинг синов талқинини хоҳловчилар ўз айфонларида ишлатиб кўришлари мумкин.

Apple талқинига кўра, iOS 11 жаҳоннинг энг илғор мобил операцион тизими.

Юқоридаги суратда: чап томондан бундан 10 йил аввал тақдим қилинган iPhone OS 1 тизими, ўнг томонда эса iOS 11 мобил платформаси.

iOS 11’да Apple 10 та янги функция қўшган ва тизимнинг негиз технологиясини такомиллаштирган. Қуйида янги функциялар тўғрисида айрим маълумотларни тақдим қиламиз.

Messages иловаси iCloud’га уланди

Маълум қилинишича, энди Messages иловасидан келадиган контент iCloud хизматида сақланади. Натижада, iOS ва Mac OS тизимлари ўртасида синхронлаш мумкин бўлади. Мисол учун, Messages иловасидаги маълумотларни айфондан ўчириб ташлаган тақдирда, улар автоматик равишда компьютердан ҳам ўчиб кетади.

Шунингдек, қурилмадаги хотирани тежаш учун энди мессенжерлардан келаётган хатлар iCloud “булутли” хизматида сақланади.

Тўловларни тўлаш янада осон

iOS 11 фойдаланувчилари  Touch ID шахсни тасдиқлаш тизими ёрдамида iMessage ва Apple Pay орқали ўзаро тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлди. iOS 11 билан бирга янги Apple Pay Cash Card виртуал тўлов картаси ҳам чиқарилади. Бунда бошқа фойдаланувчилардан олинган пул маблағлари сақланади. Бу маблағни кейин шахсий ҳисоб рақамига ўтказиш мумкин.

Siri энди фойдаланувчини тушуна бошлади

Янги тизимни ишлаб чиқишда бош эътибор Siri виртуал ёрдамчиси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Овозли модел ривожлантирилган ва энди ассистентнинг жавоблари нисбатан табиийроқ овозда янграйди. Шунингдек, Siri энди инглиз, хитой, француз, немис, итальян, испан тилларидан таржималар ҳам қилади.

Янги ақлий функциянинг татбиқ қилиниши эвазига Siri энди шунчаки ёрдамчи эмас, у фойдаланувчини тушунади ва ундан нима қизиқлигини, мисол учун қайси мавзудаги янгиликлар унинг учун қизиқ бўлишини сўрайди. iOS 11’да Siri фойдаланувчи ўқиб борадиган янгиликларни ўқишни ўрганади ва уларни ўқишни таклиф қилади, янги сўзларни ўрганади.

Шунингдек, бу ёрдамчи фойдаланувчининг кейинги хатти-ҳаракатларини тахмин ҳам қилади. Қолаверса, ассистент шахсий маълумотлар ва махфий сўзалрни эслаб ҳам қолиши мумкин.

«Бошқарув маркази» такомиллашди

iOS 11 экран қуйисини босганда пайдо бўладиган «Бошқарув маркази»ни такомиллаштирган: энди фойдаланувчига бу ерга бир нечта тез-тез фойдаланиладиган иловаларни ўрнатиш ёки мусиқани созлаш имкони берилади.

“Files” иловаси ёрдамида файлларни бошқаринг

Яп-янги — айфонга файлларни марказлашган ҳолда бошқариш имконини берувчи “Files” иловаси iCloud, Google Drive, Box ва DropBox каби йирик “булутли” хизматларга уланган.

“Хариталар” — ҳайдовчининг маслаҳатгўйи

«Хариталар» иловасида энди баъзи биноларнинг, мисол учун савдо марказлари ва аэропортларнинг ички харитаси ҳам киритилган. Ҳозирча, бу каби маълумотлар киритилган шаҳарлар сони чегараланган. Шунингдек, автомобил бошқараётганда илова бир қанча фойдали маслаҳатларни ҳам бериб боради. Жумладан, фойдаланувчи йўлдаги ҳаракатланиш “полоса”си ва ҳаракатланиш тезлиги тўғрисида огоҳлантиришлар олади.

Янги — “Do Not Disturb While Driving” (автомобил бошқараётганда халақит қилманг) функцияси эса фойдаланувчи рулда бўлганда, имкон қадар гаджет билан боғлиқ чалғитувчи омилларини бартараф қилади.

Сурат ва видеолар сифатини йўқотмайди!

iOS 11’да фотосурат ва видеороликларни сақлаб қўйиш учун янгича форматлар татбиқ қилинади. Хусусан, HEVC формати  4K сиғимли видеоларнинг, HEIF (High Efficiency Image Format) эса суратларнинг сифатига таъсир етказмаган ҳолда гаджетга сақлаб қўйишга хизмат қилади.

Камера ва суратларда ишлаш — янада қизиқ!

Apple’нинг маълум қилишича, камера иловаси такомиллашиб,  сунъий интеллектга эга Memories функцияси жорий қилинган. Натижада, камера тасвирлардаги шахсни, воқеа-ҳодисани, объектни таний олади. “Фото” иловасида суратларни қўшимча эффектлар билан бойитиш мумкин бўлди.

Аудио тизимлар хизматингизда!

iOS 11’га эга iPhone, iPad ёрдамида аудиони бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг акустик тизимларида тинглаш мумкин. Apple Music’даги ижтимоий функция ёрдамида фойдаланувчи дўстининг қайси мусиқани тинглаётганини билиши мумкин. Шунингдек, хоҳишга кўра, фойдаланувчи ўзи тинглаётган мусиқадан бошқалар хабар топиш имкониятиини чеклаб қўйиши ҳам мумкин.

Live Photo – керакли кадрни ўзингиз танланг!

iOS 11’да Live Photo иловаси ҳам такомиллашган — энди муҳим кадрларни танлаб, таҳрир қилиш, жумладан эффектлар қўшиш мумкин.

Экрандан тасвир ёзиб олиш, бир қўлда матн киритишга мўлжалланган клавиатура, иловаларда махфий сўзларни автоматик тўлдириш, «Home» (Уй) иловаси қўллаб-қувватлайдиган аксессуарлар турининг янада ошгани каби муҳим янгиликлар ҳам эътироф этилди.

iOS 11 мобил операцион тизими жорий йилнинг куз ойида тўлиқ фойдаланувчилар ихтиёрига тақдим қилинади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!