2020 йилда бутун дунё бўйича ҳукумат томонидан қанча муддат интернет ўчириб қўйилган?

2020 йилда бутун дунё бўйича ҳукумат томонидан қанча муддат интернет ўчириб қўйилган?

2020 йилда ҳукумат томонидан интернетнинг ўчириб қўйилиши давомийлиги 2019 йилгига нисбатан 49% кўпроқ бўлди. Бу ҳақда Top10VPN хизматига таяниб, Business Insider хабар бермоқда.

Онлайн хавфсизлик ва онлайн ҳуқуқларга ихтисослашган Top10VPN хизматининг ҳисоботига кўра, 2020 йилда бутун дунё бўйлаб 21 та мамлакатда 93 та интернет ўчирилиш ҳолатлари кузатилган. Интернет тезлигини 2Ғга тушириб қўйиш, ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш ва интернетга алоқани бутунлай узиб қўйиш шулар жумласидан.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари 22,1 миллиондан ошди

2020 йилда интернетга уланишда, умумий ҳисобда, 27,165 соатлик чекловлар кузатилган. Бу эса 2019 йилгига нисбатан 49% узоқроқ муддат давомида интернетга кириб бўлмаганини англатади. Top10VPN'нинг тахминича, ушбу чекловлар дунё бўйлаб 268 миллион (2019 йилгига қараганда 3% кўпроқ) фойдаланувчига таъсир қилган.

Ҳисобот муаллифларидан бирининг Business Insider'га айтишича, интернетнинг ўчирилиши инсонларнинг соғлиқни сақлашга доир маълумотларни олишига тўсқинлик қилган «ва шу сабабдан вируснинг тарқалишига сабаблардан бири бўлган бўлиши мумкин». Интернет узиб қўйилишининг иқтисодиётга таъсири 2019 йилгига қараганда 50% га кам бўлган бўлса-да, инсон ҳуқуқларига етказилган зарар анчайин юқори бўлгани ҳам ҳисоботда қайд этилган.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, интернетнинг ўчириб қўйилиши, асосан, қашшоқ давлатларда кузатилган ва, шу сабабдан, ушбу амалиётнинг глобал иқтисодга таъсири катта бўлмаган.

«Жаҳон иқтисодиётига умумий таъсир пасайган бўлса-да, авторитар режимлар глобал пандемия шароитида интернетни ўчиришдан тийилмади ва бу камбағал давлатларга номутаносиб таъсир кўрсатди», деб ёзади мутахассислар.

Ҳиндистонда интернет ўчирилиши иқтисодга 2.8 миллард доллар зарар етказган. Мамлакатда 2020 йил давомида жами 75 марта, умумий ҳисобда 8,900 соат давомида, интернетга киришда узилишлар кузатилган. Top10VPN'нинг айтишича, реал кўрсаткичлар бундан анча юқори бўлган бўлиши керак.

«Қисқа муддатлик ўчиришларнинг кўпи маълум гуруҳларга қаратилган ва бир неча қишлоқлар ёки алоҳида шаҳарлар туманларига таъсир ўтказган. Шунинг учун, бу чекловлар ушбу ҳисоботда инобатга олинмаган, чунки ҳисобот минтақавий узилишларга эътибор қаратган. Шу боисдан, ҳақиқий иқтисодий зиён биз ҳисоблаган 2.8 миллард доллардан ҳам юқори бўлгани эҳтимоли бор», — дейди Top10VPN'дагилар.

Ҳисобот муаллифларидан бўлган Самуэл Вудхемс Business Insider'га, жумладан: «Кашмирдаги узоқ муддатли узилишлар, айниқса, катта зарар келтирлган. Чекловлар тиббий хизматлар кўрсатилишига ҳалал берган, талабалар таълимига салбий таъсир кўрсатган ва маҳаллий бизнесларга зарба берган», деб айтди.

Ҳиндистон Кашмирда интернетни 2019 йил 4 августда — мамлакат ҳукумати ҳудуд автономлигини бекор қилган санада — узиб қўйган. Ушбу чеклов 2020 йил март ойида қисман бекор қилинган эди, бироқ шундан кейин ҳам интернет тезлиги секинлигича қолаверган.

Вудхемснинг қўшимча қилишича, пандемия шароитида интернетнинг узиб қўйилиши инсон ҳуқуқларининг одатдагидан-да талафотлироқ бузилиши ҳисобланади. «Пандемия даврида интернетнинг ўчирилиши фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир зарур маълумотларни олишини чеклаган ва шу сабабдан вируснинг тарқалишига сабаблардан бири бўлган бўлиши мумкин», — дейди Вудхемс.

Мянмарда ҳам интернет узилишлари давомийлиги Ҳиндистондаги билан бир хил бўлган. Июнь ойида олинган маълумотларга кўра, интернетга кира олмагани боис Мянмарнинг баъзи аҳолиси ҳатто коронавирус пандемиясидан бехабар бўлган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон интернет эркинлиги рейтингида сўнгги ўнликдан жой олди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!