800 долларлик янги Apple смарт соатининг чидамлилиги текшириб кўрилди

800 долларлик янги Apple смарт соатининг чидамлилиги текшириб кўрилди

YouTube'даги TechRax канали технология оламидаги янги маҳсулотларнинг чидамлилигини текшириб кўриши билан танилган. Яқинда канал муаллифи Apple'нинг энг қиммат соати - Watch Ultra'нинг бардошлилигини синаб кўрди. 

Муаллиф биринчи Apple Watch Ultra соатини 1.2 метр баландликдан ташлаб кўрди. Титан корпусдаги майда қирилишларни ҳисобга олмаса, гаджетга ҳеч қандай зиён етмади. 

Кейинги босқичда соат мих билан тўлдирилган қутига ташланди. Унда ҳам смарт соат ўз бардошлилигини кўрсата олди. Кейин эса соатнинг экранидаги сапфир кристалли ойнага болға билан бир неча бор уриб кўрилди. Тест давомида муаллиф соат экрани синиб кетгунича уни болға билан уришни давом этди. Қизиғи шундаки, соатдан олдин унинг пастидаги стол синиб кетди. 

Биринчи босқичда қурилманинг экранига ҳеч қандай зарар етмаган бўлса-да, у негадир ўчиб қолди. Бу ички компонентларнинг зарар кўрганидан бўлиши ҳам мумкин. Кейинги босқичда соатга яна болға билан кучли зарбалар берилгандан сўнг унинг экрани ниҳоят синиб кетди. 

Албатта, кундалик фойдаланишда ҳеч қачон бундай ҳолат кузатилмайди. Аммо тест Apple Watch Ultra'нинг сапфир кристалли ойнаси ҳақиқатдан ҳам мустаҳкамлигини кўрсатиб берди. 

Apple'нинг таъкидлашича, Watch Ultra компаниянинг энг бардошли, мустаҳкам ва экстремал смарт соати ҳисобланиб, у тўғридан-тўғри Garmin билан рақобатлашиш учун ишлаб чиқилган. Ўз навбатида Garmin компанияси Apple Watch Ultra'га жавобан смарт соатлар қувватини “соат“ билан эмас, балки “ойлар“ билан ўлчаш кераклигини айтди. Apple Watch Ultra'нинг ҳозирги нархи 799 долларни ташкил қилади.

ЎҚИНГ: Apple янги iPhone 14 моделларида муаммолар бўлаётганини тан олди 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!