AirPods'ингиз қалбакими? iOS 16 сизни огоҳлантиради!

AirPods'ингиз қалбакими? iOS 16 сизни огоҳлантиради!

Apple'нинг симсиз қулоқчинлари юқори сифатли эканлиги билан биргаликда, уларнинг нархи ҳам "юқори даражада" ва бу бозорда арзон, лекин сохта AirPods'ларнинг кўпайишига олиб келган. Айтиш керакки, агар iPhone смартфонингиз ёки iPad планшетингизга сохта қисмлар ўрнатилган бўлса, iOS буни айтиб бера олади ва бу хусусият ўтган йилдан бери мавжуд. 9То5Маc нашри берган хабарга қараганда, Apple сохта маҳсулотларни аниқлашда кейинги қадамни ташлаётган кўринади: iOS 16 сохта қалбаки AirPods'ларни аниқлай оладиган бўлади.

Маълум бўлишича, iOS 16'нинг дастурчилар учун янги версиясидаги ички файлларда сохта AirPods'ларни аниқлай оладиган код топилган бўлиб, бунда тизим смартфон ёки планшетингизга уларни уламоқчи бўлганингизда сизни огоҳлантиради:

"Бу қулоқчинларни ҳақиқий AirPods деб бўлмайди ва улар кутилганидек ишламаслиги мумкин." дейилади огоҳлантириш хабарида.

Шунингдек, хабар остида "Learn More" (Кўпроқ билиш) тугмаси ҳам бўлади ва у фойдаланувчини қалбаки AirPods'ларни қандай аниқлаш бўйича Apple'нинг қўллаб-қувватлаш саҳифасидаги мақолага йўналтиради. Бундан ташқари, огоҳлантириш фойдаланувчига "Уламаслик" вариантини ҳам таклиф қилади. Бироқ, ҳозирча Apple ушбу сохта AirPods'ларни iPhone ва iPad билан ишлашига тўсқинлик қиладиган белгилар йўқ, яъни уларни ишлатишда давом этишингиз мумкин бўлади. Албатта, бу бошқа бренд қулоқчинларига таъсир қилмайди. 

Бир неча кун олдин Apple ўзининг янги авлод симсиз қулоқчинлари, AirPods Pro 2 моделини тақдим қилган эди. 

ЎҚИНГ: AirPods Pro 2 - янгиланган флагман қулоқчин