Аккаунтингизни бузиб киришдан сақлаш усуллари

  •   DiMaX
  •  2828
  •  16.03.2017 15:27

Аккаунтингизни бузиб киришдан сақлаш усуллари

Шахсий маълумотларингизни муҳофаза этишнинг биринчи шарти – барча аккаунтларингиз учун 12345 ёки qwerty сингари пароллар ўрнатишдан воз кечинг. Иккинчи ва кейинги шартларини эса қуйида кўриб чиқамиз.

  1. Ишлатилмаётган аккаунтларни йўқ қилинг

Интернет-русурслардаги янги профилингиз зарарланмаслиги учун, ундаги эски аккаунтингизни ўчириб ташланг. Фаол профиллар қанча кам бўлса, шунча яхши. Лоақал, бир нечта логин-паролни ёдда сақлаб юрмаслик учун ҳам керак бу.

Худди шу тавсия ижтимоий тармоқлар орқали кириладиган иловалар масаласига ҳам тегишли. Тўғри, бирор илова, сервис ё сайтда рўйхатдан ўтишнинг барча жараёнларини босиб ўтишдан кўра, «Зайти с помощью Facebook» тугмачаси орқали кириб қўяқолиш анча қулай. Аммо сиз қанақа шартлар билан ўз профилингиз маълумотларига киришга рухсат бераётганлигингизга эътибор қаратинг. Агарда сервисдан энди фойдаланмаётган бўлсангиз, ундаги профилингизни йўқ қилинг, кейин эса сайт ёки иловада сизнинг шахсий маълумотларингизга кириш рухсати сақланиб қолмаганлигини текшириб кўринг. Жумладан, Facebook аккаунтингизга рухсатлар рўйхатини бу ердан, Google-аккаунтингизга рухсатларни эса – мана бу ердан текшириб, ортиқчаларини ўчириш мумкин.

  1. Пароллар менежерини созланг

LastPass сингари дастурлар нафақат сизнинг мавжуд логин ва паролларингизни эслаб қолади, балки янгиларини – ультраҳимояланган логин-паролларни яратиб беради ҳам. Шунингдек, бир нечта ресурс учун айни бир хил пароль ўрнатишнинг олдини ҳам олади. Сиз ўзингиз бундай қилмайсиз-ку, тўғрими?

  1. Икки босқичли аутентификациядан фойдаланинг

Агар икки босқичли аутентификацияни созлаб қўйсангиз, жиноятчи сизнинг логин ва паролингизни эгаллаб олган тақдирда ҳам, барибир SMS-тасдиқлашсиз аккаунтингизга кира олмайди. Аутентификациянинг бу тури Microsoft, Apple ва Google’нинг деярли ҳар бир маҳсулотида бор.

Бунинг биттагина ноқулайлиги бор: ўз аккаунтингизга кираётганингизда, ҳар гал телефонингизга SMS орқали келадиган кодни киритишингиз лозим.

  1. Паролни ўзгартириш созламаларини ҳимояланг

Сизнинг аккаунтингиз паролини бошқа бировлар алмаштириши қанчалик осон? Масалан, Apple ID аккаунтингиз паролини йўқ қилиш учун икки босқичли аутентификациядан ўтиш ёки назорат саволларига жавоб бериш лозим. Gmail почтангиздаги паролни тиклаш учун уяли телефон рақамингиз ёки муқобил (альтернатив) почтангиз манзили керак бўлади. Аммо бу созламаларнинг барчасини олдиндан белгилаб қўйиш зарур: муқобил email манзилингизни киритиб қўйинг ва назорат саволи сифатида фақат ўзингизгагина маълум бўлган жавобни белгилаб қўйинг. Ҳозир – бирор хавф туғилмасидан олдин қилиб қўйганингиз яхши буни.

Агарда саволномалар ёки ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда сизга «Биринчи сақлаган кучугингизнинг лақаби нима эди?» каби саволлар беришса – айта кўрманг! Паролингизни ўзгартириш ёки тиклашда ишлатиладиган махфий саволларни жиноятчилар шунақа саволлар орқали билиб олишади.

  1. Профилингизнинг фаоллигини текширинг

Кўпчилик сервислар сизнинг фаоллигингизни эслаб қолишади, бу нафақат безарар, балки ҳатто фойдали ҳам. Шу тариқа сиз, бирор бегона шахс аккаунтингиздан фойдаланиб бу сервисга кирганини аниқлашингиз мумкин. Gmail каби айрим сервислар эса ҳатто, профилга фойдаланувчига хос бўлмаган ҳудуд ёки мамлакатдан кириш амалга оширилганида, смартфонингиз ёки почтангизга хабарнома ҳам юборади. Масалан, ҳозирнинг ўзида Google ёки Facebook профилингиз фаоллигини текшириб кўришингиз мумкин.

  1. Дастурларингизни тез-тез янгилаб боринг

Эскирган дастурлар нафақат қурилманинг ишини секинлаштиради, балки хакерлар кириши учун яна бир туйнук бўлиб ҳам «хизмат қилади». Бунинг олдини олиш учун, бирор дастурнинг янги версияси чиққанлиги ҳақида хабар келиши билан уларни янгилаб боринг. Кўпгина сервислар бу жараённи автоматизм даражасига етказишган, шу боис сиз созламаларини ўзгартирмасангиз ҳам бўлади. Шунчаки, тегишли хабарнома келиши билан янгиланишни тасдиқлаш тугмачасини боссангиз бас.

  1. Паролларни мунтазам алмаштириб туринг

Паролни бир йилда бир марта алмаштириб туриш – яхши омил. Бунда мураккаброқ комбинациялар ўйлаб топишга эринманг. Эски паролнинг кўринишини сал-пал ўзгартириб қўйиш унча иш бермайди.

  1. Рўйхатдан ўтиш учун алоҳида email ишлатинг

Яхшиси, барча ресурсларда ҳамда ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун алоҳида почта яратиб қўйинг. Унинг манзилини эса ҳеч кимга берманг, бу сизнинг махфий мактублар сандиғингиз бўлсин. Иккинчи email манзилингизни эса ишчи контактларингиз ва ташриф қоғозларингизда кўрсатишингиз мумкин.

  1. Смартфонни масофадан бошқаришни созланг

iOS ҳамда Android тизимида ишловчи қурилмаларни масофадан туриб бошқариш, ичидаги маълумотларни ўчириб юбориш имкониятлари мавжуд. Агарда смартфонингизни йўқотиб ё ўғирлатиб қўйган, қайтариб олишдан умидингизни узган бўлсангиз – шу функциядан фойдаланишнинг айни мавриди.

  1. VPN ишлатинг

VPN – фойдали технология, у фойдаланувчининг ҳақиқий жойлашув ўрнини яширишга, узатилаётган ва қабул қилинаётган маълумотларни ҳимоялашга имкон беради. Шунингдек, бирор ҳудудда ёпиқ бўлган сайтлар ва сервисларга кириш имконини тақдим этади. Умуман олганда, жуда фойдали нарса.

  1. Компьютер ва смартфонингизга пароль ўрнатинг

Худди икки босқичли аутентификация каби, бу усул ҳам қўшимча ҳаракатларни талаб этади. Аммо шуни ҳам эсдан чиқарманг: Microsoft аккаунтингиз паролини яна бир марта териш учун сизга 3-5 сония кифоя қилади, бошқа биров бузиб киришга уринса – кўпроқ уринишига тўғри келади. Агарда смартфонингиз ёки ноутбукингизда бармоқ изи бўйича аутентификация қилиш функцияси мавжуд бўлса, ундан рақамли пин-кодларга муқобил сифатида фойдаланинг.

  1. Аккаунтларингизни бошқа бировга бериб турманг

Кимдир сиздан смартфонингиз ёки ноутбукингизни «бир дақиқага» бериб туришни сўраса, қурилмангизни меҳмон аккаунти режимига ўтказиб, кейин беринг. Тизимга меҳмон сифатида кириш функцияси Windows ва macOS тизимларида аввалдан бор. Нисбатан яқинда Google ва Apple ҳам смартфонларида меҳмон режимини жорий этишган. Асосий профилдан меҳмон профилига ва аксинча қайтиб ўтиш кўп вақт олмайди.

  1. Ижтимоий тармоқларда нималарни бўлишаётганингизга эътибор беринг

Ҳа, туғилган кунингиз санаси, манзилингиз ва телефон рақамингиз фақат дўстларингизга, энг яхшиси – фақат ўзингизганига кўринадиган бўлсин. Ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқатманг.  Яна, севимли футбол жамоангиз ёки футболчингиз, хонандангиз номини ҳеч бир жойга пароль сифатида ўрнатманг.

Ўйлаймизки, юқоридагиларга амал қилган ҳолда, сиз ўз аккаунтларингизнинг ҳимоясини янада яхшилаган бўласиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!