АКТ вазири: «Электрон ҳукуматни ҳеч қачон бир шахс ёки бир ташкилот ривожлантира олмайди» (+видео)

  •   DiMaX
  •  258
  •  25.06.2021 12:34

АКТ вазири: «Электрон ҳукуматни ҳеч қачон бир шахс ёки бир ташкилот ривожлантира олмайди» (+видео)

Бугун – 2021 йилнинг 25 июнь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда рақамлаштиришда ижобий натижаларга эришган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сўзга чиқди, деб ёзади Xabar.uz нашри.

ЎҚИНГ: Speedtest: Ўзбекистон яна тўрт поғонага кўтарилди, мобил интернет тезлиги 64,8 фоизга ошди!

 «Бугунги кунимизни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Смартфон, планшет, компьютер каби замонавий технологиялар аллақачон кундалик ҳаётимизга кириб бўлган.

Шунингдек, ҳар биримиз ҳаётий жараёнларда турли давлат хизматларидан фойдаланамиз.

Хўш, шундай экан, нега бу икки ҳаётий жараённи бирлаштириб, давлат хизматларидан фойдаланишни ҳам замонавий технологиялар асосида амалга оширса бўлмайди? Албатта бўлади!

Мен буни ҳозир оддийгина, икки оғиз сўз билан гапиряпман, лекин бу аслида жуда мураккаб ва машаққатли жараёндир», деди вазир.

ЎҚИНГ: Жаҳон банки эксперти: «Марказий Осиёда интернет қиммат ва сифатсиз!»

Қайд этилишича, айнан шу машаққатли ишни амалга оширишни ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш учун Президентнинг 2020 йил 28 апрелдаги қарори билан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси ташкил этилди.

Ҳукуматнинг тегишли қарори (2020 йил 25 июндаги 409-сон) билан ушбу Марказ фаолияти йўлга қўйилганига мана бугун роппа-роса бир йил бўлди.

«Электрон ҳукуматни ривожлантиришни ҳеч қачон бир шахс ёки бир ташкилот амалга ошира олмайди. Электрон ҳукумат гўёки бир катта занжир бўлиб, ҳар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар ахборот тизимлари, маълумотлар базалари унинг элементлари ҳисобланади.

Агар ушбу занжирнинг бирор элементи заиф бўлса, занжир узилгани каби электрон ҳукуматнинг тўлақонли фаолияти учун ҳар бир ташкилотнинг рақамлаштириш даражаси юқори даражада бўлиши муҳим», дея таъкидлади соҳа раҳбари.

Президентнинг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш бўйича қабул қилинган Фармони билан электрон ҳукумат бўйича мингдан ортиқ лойиҳалар белгилаб берилган бўлиб, рақамлаштириш бўйича юқори натижаларга эришган ташкилотлар раҳбарларини мукофотлаш бўйича чоралар кўриш юзасидан ҳам топшириқлар берилган.

ЎҚИНГ: Ягона портал: 2021 йили ишга тушадиган 60 та янги хизмат тасдиқланди

Вазир Шуҳрат Содиқов мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида қўшган ҳиссасини эътироф этиб, келгусида бунданда юқори натижаларга эришишга рағбатлантириш мақсад қилинганини айтиб ўтди.

«Электрон ҳукуматни қуришда ҳар бирингизнинг ўрнингиз беқиёслигини яна бир бор таъкидлаган ҳолда, Сизларни бу борада олиб бораётган ишларингизда, амалга ошираётган лойиҳаларингизда муваффақият ва улкан зафарлар тилайман.

Биз Сизларни доим қўллаб-қувватлаймиз, кўмаклашамиз ва албатта рағбатлантириш юзасидан чоралар кўриб борамиз», деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, мазкур маросимни қуйидаги ҳавола орқали онлайн кузатиш мумкин:

ЎҚИНГ: Фаррош, қоровул, чой тарқатувчи... Ўзбекистонда кимлар IT-мутахассисдан ИККИ КАРРА КЎП маош олади?