АКТ вазири: «Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди»

  •   DiMaX
  •  431
  •  13.11.2019 09:28

АКТ вазири: «Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди»

2019 йилнинг 12 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар, деб ёзади Xabar.uz нашри.

ЎҚИНГ: «Ҳукумат соати»да АКТ вазири депутатлар саволларига жавоб берди

Мажлисда Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ахборот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги «Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан бир қатор ишлар бажарилди.

Сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришни таъминлаш мақсадида Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди ва saylov.gov.uz манзили бўйича жойлаштирилди. Бугунги кунда 3400 дан ортиқ округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзоларига тизимда ишлаш ҳуқуқи (логин ва парол) тақдим этилди (15 ноябрга қадар тўлиқ якунланади).

ЎҚИНГ: АКТ вазири Alibaba билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 20,5 млн. дан ортиқ сайловчи фуқаролардан иборат Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди ҳамда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими билан интеграция қилинди.

Марказий сайлов комиссиясининг янгиланган расмий веб-сайти ишлаб чиқилди.

Республика бўйича жами 28 мингдан ортиқ округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, операторлари ҳамда сиёсий партиялар аъзоларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича кўникмалари оширилди. Жорий йилнинг 15 ноябрига қадар 33 мингдан ортиқ фойдаланувчиларнинг кўникмаларини ошириш ишлари якунланади.

Ахборот тизимида ишлаш жараёнида юзага келадиган муаммоларга тезкорлик билан ёрдам бериш мақсадида узлуксиз (7 кун 24 соат) ишлайдиган қўллаб-қувватлаш (Call-Center, 71 200-7337) маркази ташкил этилди.

Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда видеокузатув қурилмалари билан жиҳозлаш учун 60 та ҳамда биометрик паспорт маълумотларни идентификация қилиш қурилмалари билан жиҳозлаш учун 20 та намунавий сайлов участкалари танлаб олинган. Ушбу намунавий участкаларда жами 120 та видеокузатув қурилмалари ҳамда 60 та биометрик паспорт маълумотларни идентификация қилиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизнинг барча вилоят ва туманларида ташкил этилган 15 700 дан ортиқ сайлов округлари ва участкаларини телефон алоқаси ҳамда интернет хизматлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда жойлардаги маҳаллий ҳокимиятларнинг мурожаатларига биноан жами 5 500 дан ортиқ объектлар телекоммуникация тармоғига уланган бўлиб, маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда белгилаб олинган сайлов округи ва участкаларини телекоммуникация тармоқларига улаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

ЎҚИНГ: Дунёнинг инновация бўйича пешқадам ўн давлати. Улар орасида Ўзбекистон йўқ, аммо Осиёнинг уч вакили бор

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!