AliExpress’даги сохта «чегирма»лар: онлайн савдода сизни қандай лақиллатишади?

  •   DiMaX
  •  3306
  •  29.03.2018 09:58

AliExpress’даги сохта «чегирма»лар: онлайн савдода сизни қандай лақиллатишади?

Энг йирик Хитой онлайн савдо платформаси – AliExpress ташкил этилганига саккиз йил тўляпти. Компания буни йирик миқдордаги – ҳатто 50 фоизгача борувчи чегирмалар билан нишонлашга бел боғлаган. Одатда шунақа паллаларда кўпчилик фойдаланувчилар бирор нима буюртма қилишга ошиқади.

ЎҚИНГ: AliExpress’да чегирмалар куни: уч дақиқада 1,5 миллиард долларлик савдо!

Лекин, афсуски, бу чегирмаларнинг аксарияти сохта эканлигини кўпчилик хаёлига ҳам келтирмайди. Hi-Tech Mail.Ru нашри ушбу онлайн бозордаги айрим дўконлар харидорларни қандай лақиллатаётганини яққол мисоллар билан кўрсатиб берган.

Сохта «чегирма»лар

«Биз 8 ёшдамиз» шиори остида AliExpress’да кўплаб турдаги товарларга чегирма эълон қилинган, аммо бизни смартфонлар, уларнинг аксессуарлари ва бошқа электроника гаджетлари қизиқтиради.

Масалан, тачбарли MacBook Pro 13 ноутбукини олайлик – чегирмада унинг нархи 106 минг рублгача тушибди, яъни аввалги нархидан 28 минг рублга арзон. «Бунақа қулай фурсатни қўлдан чиқариб бўладими!» дея буюртма қилишга шошилманг. Нархлардаги ўзгаришлар динамикасини акс эттирувчи махсус кенгайтмани очиб текширсангиз, айни шу MacBook Pro 13 бундан бир ойгина аввал ҳатто ҳозирги нархидан ҳам 2500 рублга арзон турганини кўрасиз! Яъни, эътиборсиз фойдаланувчи нафақат чегирмадан қуруқ қолади, балки ҳатто одатдагидан қимматроққа ҳам олади!

Келинг, сал ҳамёнбопроқ бўлган бошқа товарларга ўтиб кўрамиз. 2017 йилнинг энг зўр флагмани – OnePlus 5T смартфонига AliExpress’даги бир дўконда 32 минг рубль миқдорида нарх белгилаб қўйишибди. Нима ҳам дердик, қулай нарх – тахминан 555 АҚШ доллари. Сотувчининг даъвосига кўра, у мазкур товар учун 8 минг рубль чегирма қилган. Лекин нархлар тарихига назар солсангиз, айни шу телефон январь ойида бундан уч минг рублга арзон турганига гувоҳ бўласиз.

ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

Хўш, давом этамиз... Samsung Galaxy S8 – жанубий кореялик гигантнинг энг сўнгги бўлмаса-да, ҳар ҳолда, зўр ва оммабоп смартфони. Уни 22 фоизлик чегирма билан 37 минг рублга сотишяпти экан. Бироқ нархлар ўзгариши тарихига қараб, февралда у ҳатто бундан ҳам минг рублга арзон баҳода савдога қўйилганини тушунасиз.

Хўш, нима қилиш керак?

Тўғри бунақа акциялар даврида ҳақиқий чегирмаларни ҳам топиш мумкин, аммо нархларнинг нақ ярмигача тушишидан умид қилиш – юмшоқроқ қилиб айтганда, соддалик бўлади. Хабарда маълум қилинишича, таҳририят ходимлари махсус излаб кўриб, ҳатто бунга яқин миқдордаги чегирмани ҳам топа олишмаган. Кўпинча чегирмалар 5–10 фоизлик доирада бўлади, аммо барибир бошқа аксарият товарлар то «арзонлатиб» қўйилгунигача белгиланган нархнинг ўзида сотилади.

Бунақа ҳолатларда алданиб қолмаслик учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

  1. Чегирма билан сотилаётганлиги даъво қилинган айни шу товарнинг нархини бошқа дўконлардаги нархи билан ҳам таққослаб кўринг.
  2. Онлайн савдоларда ёрдам берувчи махсус браузер кенгайтмаларидан фойдаланинг. Масалан, Chrome браузери учун ишлаб чиқилган AliTools кенгайтмасини мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин. Айни шу дастурий таъминотнинг Android-иловасини мана бу, iOS-иловасини эса мана бу ҳавола орқали смартфонингизга ўрнатиб қўйсангиз ҳам бўлади.

Сизга манфаатли ва хайрли харидлар тилаймиз!

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!