Алламжонов: Сайтларни блоклашдан фойда йўқ

Алламжонов: Сайтларни блоклашдан фойда йўқ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов фикрича, мамлакатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун сайтларни блоклашдан фойда йўқ. Бу ҳақда у “Alter Ego” видеоблоги билан ўтказилган эксклюзив суҳбатда айтди.

Ўтган йили бир неча ой давомида “Facebook”, “Youtube” каби бир қатор ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон ҳудудида ишламай қолган эди. Шунингдек, баъзи янгилик сайтларида ҳам шу ҳолат кузатилган. Комил Алламжонов янги ташкил этилган агентликка раҳбар бўлиб келиши билан ижтимоий тармоқлар тўсиқсиз ишлашни бошлаган.

“Ҳозирги кунда интернетни ўчириш билан ҳеч нарсага эришмайсан. Яхши, Facebook'ни ўчиришди. Натижада нима бўлди?” – дея савол ташлади Алламжонов суҳбатда.

Агентлик раҳбарига кўра, салбий ахборотларга қарши фақат контраргумент ва контрфактлар билан курашиш керак.

“Менинг ойим VPN нима эканлигини билмас эдилар. Бироқ улар ҳам ундан фойдаланишни бошладилар. VPN эса барча хавфсизлик тизимларини бузади. У барча ресурсларга кириш имконини беради. Агар ҳамма VPN дан фойдаланишни бошласа, давлатда назорат қилиш воситаси қолмайди, масалан, террористик сайтларни, конституцияга қарши турли тарғибот ҳаракатларини ёки гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи сайтларни назоратга олиб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси веб-ресурслар орқали бўлади-ку. Агар ҳар бир фуқаро ҳар қандай тўсиқдан ўтиб кетадиган VPN'дан фойдаланаётган бўлса, қандай қилиб мамлакатни ҳимоя қилиш мумкин? Шундай қилиб, биз буларнинг барчасини тушунтирдик ва уддасидан чиқдик”, - деди Алламжонов.

Суҳбатда у сайтларни блоклаш ташаббуси ортида турган расмийлар номини очиқламади, аммо уларнинг бугун қамоқда эканини айтди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон президентининг мобил телефони борми?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!