Amazfit Verge — ақлли ва ҳамёнбоп фитнесс соат (тўлиқ тавсиф)

Amazfit Verge — ақлли ва ҳамёнбоп фитнесс соат (тўлиқ тавсиф)

Одатда, фитнесс соатлар арзон бўлмайди. Шундай бўлса-да, GPS сенсори, юрак уришини назорат қилувчи датчикнинг мавжудлиги, қўнғироқлар қабул қила олиши ва бошқа кўплаб функцияларга эга бўлишига қарамай, Amazfit Verge рақиблари каби қиммат эмас. Буларга қўшимча, икки ядроли процессор ва қуввати беш кунгача етадиган аккумуляторга эга ақлли соат атиги 1 220 000 сўм туришини айтсак, ишонасизми?

Тўғри, агар ақлли соатлар нархлари билан таниш бўлсангиз, бу гапимизга ишонмаслигингиз мумкин. Лекин Xiaomi асосидаги Huami компанияси ўзининг Amazfit Verge ақлли фитнесс соати билан бундай нархда смарт соат ишлаб чиқариш имкони мавжудлигини исботлаб берди.

Apple Watch ёки Samsung Galaxy Watch'ларга таққослаганда, Amazfit Verge нархи кишини ўзига қаратади. Юқорида ҳам айтганимиздек, соатга ҳам юрак уришини назорат қилувчи датчик, ҳам GPS сенсори ўрнатилган. Ваҳоланки, нархи 200 АҚШ долларидан кам бўлган аксарият ақлли соатларда булардан фақат ё униси ёки буниси бўлади; иккала сенсорга ҳам эга бўлган соатни топишингиз осон бўлмайди.

Техник маълумотлар:

•Ишлаб чиқарувчи: Huami (Хитой);
•Экран тури: AMOLED;
•Экран ҳажми: 1,3 дюйм;
•Вазни: 46 грамм;
•Аккумулятор сиғими: 390 мА/соат;
•Хотира сиғими: 512 МБ тезкор, 4 ГБ доимий;
•Сувга чидамлилик*: бор (IP68);
•ОТ: Amazfit ОS (Android асосида);
•Қўллаб-қувватланувчи ОТлар: Android 4.4/iOS 9.0 дан юқори;
•Нархи: 1 220 000 сўм (сотиб олиш).

Асосий жиҳатлари

Соат бу нарх атрофидаги рақибларидан кўра кўпроқ функционалликка ва чиройли кўринишга эга.
Экран айлана шаклдаги 1,3 дюймли 360 х 360 AMOLED панельдир. Соат сувга чидамлиликнинг IP68 номиналига ҳам эга*.

У бир неча хил рангларда мавжуд бўлиб, олд ва орқа қисмида икки хил ранглар гаммасидан фойдаланилган. Масалан, олд панель қора бўлса, орқа томони оч кулранг; тасма ҳам тўқ қора рангда бўлади ва ҳ. Рангларнинг бундай уйғунлиги гаджетнинг нафис чиқишини таъминлаган.

Бундан ташқари, соат 12, 3, 6 ва 9 ларни кўрсатувчи нуқталарда қизил чизиқлар мавжуд. Ўнг томондаги ягона тугмача ҳам кишига ёқадиган рангда ишланган.

Verge свайплар ва чертишлар орқали бошқарилади. Экранда об-ҳаво маълумоти ва бошқа UI элементларини кўрсатиб турувчи нафис графикалар жой олган. Асосий экранни узоқроқ босиб туриш билан содда параметрларга кириб, бир неча муқобиллардан бирини танлаш билан дисплей кўринишини ўзгартришингиз мумкин. Bluetooth орқали Android қурилмага уланганда эса гаджет қўнғироқлар қабул қилувчи восита сифатида ҳам ишлаши мумкин.

Verge'нинг бозори чаққонлигига сабаб унинг аккумуляторидир. Huami'нинг таъкидлашича, тўлиқ қувват билан соатни беш кунгача ишлатиш мумкин.

Дизайн ва экран

Қаҳрамонимиз ўта катта ёки қўпол эмас, 46 грамм вазни билан жуда оғир ҳам эмас. Вазнининг енгиллигига сабаб унинг пластикдан ишланган корпуси ва енгил резина тасмасидир.

Соатдаги икки тонли ранг гаммаси унга нафис кўриниш беради. Сотувдан қора ва оч кулрангли ҳамда оқ ва мовий денгиз рангли танловларни топишингиз мумкин.

Умуман олганда, дизайн содда, нафис ва фойдаланувчи учун қулай равишда ишланган. Дабдабадан қочилган.
AMOLED экран графикаларни тиниқ ва рангга бой ҳолда тасвирлай олади. Кўриш бурчаги ҳам ўткир. Соатда, шунингдек, доимий ёниқ экран функцияси ҳам мавжуд. Бироқ агар қувватни тежамоқчи бўлсангиз, экранни фақат қўлингизни айлантириб, юқорига ҳаракатлантирганингизда ёнадиган қилсангиз ҳам бўлади.
Экран автоматик ёруғлиги опцияси ҳам бор. Хоҳишингизга кўра, уни созламалардан фаоллаштириб ёки ўчириб қўя оласиз.

Интерфейс

Amazfit Verge'нинг энг сўгги дастур янгиланишидан сўнг унга экранни ёқиш учун икки марта чертиш функцияси қўшилди; бу версия операцион тизимида мавжуд эмас эди — унда қурилма экранини фаоллаштириш учун ён томондаги тугмани босишга тўғри келарди.

Операцион тизим янгиланиши ҳақида гап кетганда, соат қайси системада ишлаши ҳақида табиий савол туғилган бўлса керак. Қурилмага Huami'нинг смарт соатлар учун ишлаб чиқилган махсус Amazfit OS дастурий тизими ўрнатилган бўлиб, Android'га асосланган. Соат Android 4.4/ундан юқори ва iOS 9.0/ундан юқори тизимдаги гаджетлар билан мос келади.

Фунционал жиҳатдан олиб қарасак, соат интерфейси фойдалунвчи талабини қондира олади ва бир қатор ажралиб турувчи жиҳатларга эга. Мисол учун, UI иллюстрациялари катта, бармоқ билан фойдаланишга қулай, тизимни тушуниш ва соатни бошқариш осон. Турли томонга свайплар орқали бош экранга қайтиш; тезкор созламалар, билдиришномалар, иловалар ва ҳ. ларни очиш мумкин.

Иккинчи томондан эса, машқ бажаришга мўлжалланган иловаларда баъзи функциялар, масалан, таймер иловасида секунд кўрсаткичи йўқ.

Фитнесс кузатуви

Фитнесс кузатувида баъзи камчиликлар бор. Мисол учун, соат поездда кетаётганингда ҳам сизни пиёда юраётган ҳисоблаб, буни ҳам машқлар қаторига қўшиб юборади.

Иккинчи томондан, машқларни автоматик аниқлаш функциясига "беш" баҳо қўйса бўлади. Тўрт дақиқадан кўп пиёда юрсангиз, соат вибрация бериб, Кузатув режимини фаоллаштиришни “тавсия қилади“; гаджет бундай “маслаҳат“лар беришини хоҳламасангиз, бу функцияни ҳам ўчириб қўйишингиз мумкин. Бироқ режим ишга туширилганда, кузатув анча тўғри ишлайди.

Юқорида ҳам айтилганидек, машинага ёки поездга чиққанингизда ҳам соат кузатувни давом эттираверади, функция автоматик тарзда ўчмайди. Режимни қўлда ўчиришингизга тўғри келади.

Машғулот режими танлови ҳам Apple ва Samsung'нинг ақлли соатларидаги каби кенг эмас. Мисол учун, югуриш режими бор, аммо Спорт зали режими йўқ: эркин вазн ёки айланма машғулот билан шуғулланаётганингизда юрак уришини тўғри назорат қилиб бўлмайди.

Иккинчи томондан, машқлар учун соатда интервал трейнинг функцияси бор. Бу билан смартфон иловаси орқали машғулотларингиз орасидаги вақт интервалини белгилаб боришингиз мумкин.

Шундай қилиб, умуман олганда, спорт ҳақида гап кетар экан, айтишимиз мумкинки, соат деярли фақат юрак уришини назорат қилувчи қурилмага айланиб қолади.

Юрак уришини ўлчовчи оптик сенсори ҳам яхши ишлайди. Одатий ҳолларда юрак утриши аниқ ўлчанса, машғулот пайтида соат кўрсаткичида энг тўғри ишловчи сенсорлардан 5-10 пульс фарқи бўлиши мумкин.
Amazfit Verge кузатиб борадиган яна бир жиҳат бу — уйқу. Соатнинг бу жиҳати жуда яхши ишлайди. Қурилма енгил бўлгани ва аккумулятор автономлиги бошқа соатлар, масалан, Samsung Gear S3 дагидан каттароқ бўлганини бунга сабаб қилиб келтириш мумкин. Яъни соат металлдан ишланган Gear S3 каби оғир бўлмагани боис тунда уни тақиб ётсангиз ҳам, ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Бу, ўз навбатида, уйқу кузатуви функцияси тўғри ишлашини таъминлайди.

Бундан ташқари, тўлиқ қувват билан икки кунгина ишлай оладиган Gear S3'дан фарқли равишда, Verge'нинг қуввати 5 кунгача етади. Шундай қилиб, уни тунда эмас, балки кундуз пайтида бошқа ишлар билан банд бўлганингизда (масалан, офисдалигингизда) қувватлаб олсангиз бўлади.

Соат бир соат чуқур уйқу, етти соат енгил уйқуни сифатсиз уйқу деб, 4 соатлик чуқур ва 4 соатлик енгил уйқуни мароқли хордиқ, деб баҳолайди.

Мусиқа ва қўнғироқлар

Афсуски, қаҳрамонизда мусиқани назорат қилиш бироз мураккаб масала. Буни икки хил усул билан амалга ошириш мумкин. Биринчидан, билдиришномлар панелидаги виджет орқали. Пастга томон свайп қилиш билан виджетга ўтишингиз мумкин. Ушбу йўл билан смартфонингизда қўйилаётган мусиқаларни назорат қилсангиз бўлади. Функция учинчи томон иловалари, масалан, Spotify билан ҳам ишлайди. Бундаги камчилик шуки, функция ўта секин ишлайди. Мусиқа овозини паслатмоқчи бўлсангиз, махсус иконка устига босиб, “талабингиз бажарилгунгача“ бир муддат кутишингизга тўғри келади, лекин хафсалангиз пир бўлиши ҳам мумкин: соат “буйруғингизни“ умуман “писанд қилмаслиги“ эҳтимолдан ҳоли эмас.

Энди иккинчи усулига ўтамиз. Мусиқаларни тинглаш учун уларни Verge'нинг ўзига юклаб олишингиз мумкин. Бу смартфонингизни ўзингиз билан олиб юрмаган пайтингизда қўл келади ва биринчи усулдан кўра яхшироқ ишлайди.

Соатдан қўнғироқ қилиш мақсадида фойдаланиш амалиётингиз мусиқа амалиётидан кўра силлиқроқ кечади. Android мобилингиздаги контактлар соатга синхронлаштирилиши учун бироз вақт кетса-да, рақам ва исмлар қурилма хотирасига ўрнатилгандан сўнг, функция кечикишларсиз ишлайди. Тан олиш керак, бу ерда ҳам камчилик йўқ эмас. Ишлаб чиқарувчи контактларни қидириш функциясини қўшмаган. Масалан, Шерзод исмли танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, қайта-қайта свайп қилиш билан, кўчма маънода, бироз тер тўкишингизга тўғри келади.

Amazfit иловаси

iOS (юклаб олиш) ва Android (юклаб олиш) учун Amazfit иловаси ҳақида тўхталсак, илова жуда яхши ишлайди. Ундан соат аккумулятори, хотираси ҳақидаги маълумотларни кузатиб боришингиз, уйқу ва машғулотлар кузатуви статистикасини назорат қилишингиз мумкин. Шунингдек, соат интерфейси дизайнини ҳам ўзгартиришингиз мумкин.

Соатга учинчи томон иловаларини ўрната олмайсиз. Ишлаб чиқарувчи тақдим қилган иловалар билан чекланишингизга тўғри келади.

Илова орқали яна об-ҳаво параметрлари ва будильникни созлашингиз ҳамда ўнг томонгга свайп қилганингизда соатда қайси икки виджет очилишини ҳам танлаб, қурилмани ўзингизга янада мослаб олишингиз мумкин.

Аккумулятор

Соат орқа панелдаги Pogo коннектори орқали қувватланади. Тўлиқ қувватланиши учун ярим соат етарли. Агар машғулотларни автоматик кузатиш функциясини ўчириб қўйган бўлсангиз, заряд 4-5 кунга етади. Функция ёқилганда эса, қувват сувдек кетади: кунига бир соатдан машқ билан шуғуллансангиз, соатни уч кунгача ишлата оласиз. Аммо бу қурилма нархини ҳисобга олганда, ёмон кўрсаткич эмас.

Хулоса ва баҳо

Нархи, нафис дизайнли эканлиги, функцияга бойлиги, Android ва iOS билан ишлай олишини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Amazfit Verge — ҳаваскор спортчилар учун яхши танлов.

Мусиқа қўйилишида кечикишлар ва транспортга чиққанингизда ҳам кузатиш режимининг ишлайвериши соатнинг камкчиликларибан. Бироқ, яна таъкидлаймиз, гаджетнинг нархини инобатга олиб, бу камчилиликларга кўз юмиш мумкин.

Умуман олганда, ҳамёнбоп смарт соатга GPS, юрак уришини назорат қилувчи сенсор, қуввати 5 кунгача етувчи аккумуляторнинг ўрнатилгани Huami'нинг маҳсулотини нархига нисбатан ҳақиқий арзирли маҳсулотга айлантирган.

*Соат сувга чидамлиликнинг IP68 номиналига эга. Буни сув ўтказмаслик билан адамаштирмаслик керак. Сувга чидамли қурилмалар маълум муддат давомидагина сувга бардош бера олади, ундан сўнг функционаллик тўхтайди. Сув ўтказмайдиган қурилмалар эса ҳеч қандай вақт лимитисиз сувда ишлай олади.

ЎҚИНГ: Huami Amazfit GTR – нақ 74 кунгача қувватлаш талаб этилмайдиган смарт-соат чиқди!

Хулоса

8.5балл

Дизайни

Нархи

Пульс сенсори

Функциявийлиги

Режимлар хилма-хиллиги

Мусиқа назорати

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 1 220 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Содда дизайн
  • Кўп функцияга эгалик
  • Ажойиб нарх

 Камчилиги

  • Интерфейс устида ишланиши керак
  • Спорт зали режими мавжуд эмас
  • Мусиқа назорати аъло даражада эмас
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.