Amazon бош директори Жефф Безос бу лавозимидан кетади

  •   DiMaX
  •  592
  •  03.02.2021 14:00

Amazon бош директори Жефф Безос бу лавозимидан кетади

АҚШнинг Amazon компанияси асосчиси, дунёнинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган Жефф Безос ушбу йилда бош директор лавозимидан кетади. Компания матбуот хизмати хабарига кўра, у энди директорлар кенгаши ижрочи раиси лавозимини эгаллайди.

ЎҚИНГ: Дунёнинг энг бой одами ва унинг собиқ рафиқаси бир ҳафтада $12 млрд.га бойиди

Хабарга кўра, компания асосчиси ва бош директор Жефф Безос 2021 йилнинг 3-чорагида ижрочи раис лавозимига ўтади, унинг ўрнини Энди Жесси эгаллайди.

«Мен ҳеч қачон ҳозирдагидек кучга тўлиб-тошмаганман ва ишдан кетишим ҳақида гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен ижрочи раис сифатида қолиб, Amazon’нинг муҳим ташаббусларида иштирокимни давом эттираман. Менда Day 1 Fund, Bezos Earth Fund, Blue Origin ва бошқа қизиқарли лойиҳаларни ривожлантириш учун кўпроқ вақт пайдо бўлади», деб айтган Безос.

Безоснинг фикрича, компаниянинг яхши молиявий кўрсаткичлари ва барқарор ҳолати унга ўз лавозимини ўзгартиришига имкон беради. «Ҳозирда Amazon инновацияларнинг энг юқори босқичида турганини кўрмоқдаман ва бунинг эвазига бундай ўзгартиришни амалга ошириш вақти келди», деб қўшимча қилган миллиардер.

ЎҚИНГ: Дунёнинг энг қиммат брендлари: Global 500 рейтингида лидер алмашди!

Безос ўрнини эгаллайдиган Энди Жесси айни вақтда компаниянинг Amazon Web Services хизматига раҳбарлик қилмоқда.

Компания тақдим этган ҳисоботга кўра, у 2020 йил 4-чорагида 125,6 млрд доллар тушум олган. Компаниянинг чораклик тушуми илк бор 100 млрд доллардан ошган ва 2019 йил 4-чорагига нисбатан 44 фоиз кўпроқни ташкил қилган.

Amazon’нинг 2020 йил бўйича жами тушуми 2019 йилга нисбатан 38 фоизга ўсиб, 386,1 млрд долларни ташкил қилган. 4-чоракдаги даромад 7,2 млрд долларни, йил бўйича эса 21,3 млрд долларни ташкил қилган.   

Forbes нашри маълумотларига кўра, Безос айни вақтда 196,2 млрд доллар билан дунёнинг энг бой одами саналади. Унга Amazon’нинг 11,1 фоиз акцияси тегишли. Бундан ташқари, Безос Blue Origin аэрокоинот компаниясига асос солган ва АҚШнинг энг нуфузли нашрларидан бири The Washington Post эгаси саналади.

ЎҚИНГ: Миллиардер ҳақида миллиардларга тенг фактлар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!