AnTuTu’нинг янги рекордчиси, тағин ҳамёнбоп iQOO Monster геймерофони тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1811
  •  02.03.2019 10:24

AnTuTu’нинг янги рекордчиси, тағин ҳамёнбоп iQOO Monster геймерофони тақдим этилди!

Vivo компанияси янги – iQOO бренди остида смартфонлар туркумини жорий этиши ҳақида хабар берганди. Ниҳоят, ўйинларга мосланган iQOO Monster русумли қурилма намойиш қилинди ва барчани ҳайратга солди!

ЎҚИНГ: Vivo iQOO флагмани: Snapdragon 855, Super HDR-дисплей ва 12 ГБ «оперативка»!

AnTuTu бенчмаркида Xiaomi Mi 9 флагмани 387 851 балл олиб, ҳозиргача тақдим этилган Android-смартфонлар орасида мутлақ ғолиб бўлиб турган эди. Аммо Vivo’нинг iQOO Monster модели ундан ҳам ошиб, салкам 407 000 баллик натижа кўрсатди!

Vivo iQOO Monster бир неча сабабларга кўра ўта ажойиб смартфон бўлиб чиқди. Унинг экрани корпус олд юзасининг 91,7% майдонини эгаллайди. AMOLED матрицали 6,41 дюймлик дисплейнинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида. Кейинги пайтлардаги флагманларга хос тарзда, бармоқ изи сканери дисплейнинг ўзига татбиқ этилган.

Мазкур девайснинг аппарат платформаси асосини Snapdragon 855 процессори ташкил этади. Унинг самарали ишлаши учун эса, ҳароратини пасайтириб турувчи суюқликли совитиш тизими жорий қилинган.

iQOO Monster асосан мобил геймерларга мўлжалланган, шу боис ҳам унга бир қатор «турбо-технологиялар» жорий этилганки, бунақаси ҳали биринчи марта учрамоқда. Жумладан, AI Turbo технологияси иловаларнинг юкланиш тезлигини 30 фоизга, Center Turbo эса кадр частотасини нақ 73 фоизга оширади! Game Turbo технологияси ўйин пайтида Adreno 640 график чипининг самарадорлигини кўтаради. Net Turbo интернетга барқарор ва тезкор уланиш учун жавобгар бўлса, Cooling Turbo совитиш учун масъул. 4D gaming 2.0+ технологияси ўйинларда овознинг ижро сифатини ва экран сенсори орқали қайта алоқани яхшилайди.

«Монстр» смартфон хотира бўйича тўрт хил конфигурацияда таклиф этилади: 6/128 ГБ, 8/128 ГБ, 8/256 ГБ ва 12/256 ГБ.

Vivo мазкур геймерофонни «уч кўзли» камера билан таъминлаган, унинг асосий модули – 12 мегапикселлик ва Sony IMX363 датчигидир. Иккинчиси 13 МПлик сенсор бўлиб, кенг бурчакли объективга эга, 2 мегапикселлик учинчи модул эса орқа фонни чаплаш учун хизмат қилади.

iQOO Monster контактсиз тўловлар учун NFC чипи, замонавий USB-C порти, 4000 мА/соатлик аккумулятор билан таъминланган. Батареяси 44 ваттлик технологияга кўра тезкор қувватлана олади (фақат 6/128 ГБлик бошланғич қерсияда бу йўқ). Айтилишича, тезкор зарядлашда 50 фоизлик натижага атиги 15 дақиқада эришилади, аккумуляторнинг буткул тўлиши учун эса жами 45 дақиқа кифоя.

Корпус металл ромга эга, олд ва орқа панеллари тобланган шишадан ишланган. Смартфоннинг орқа панелида узунасига тушган ёруғлик-диодли чизиқ бор – ўйинлар давомида у махсус оптик эффектлар бериб туради.

iQOO Monster геймерофони Android 9 Pie базасидаги Funtouch OS 9 тизими билан жиҳозланган. Хитойда уни 6 мартдан сота бошлашади, нархлари эса қуйидагича: 6/128 ГБлиги – 447 доллар, 8/128 ГБлиги – 492 доллар, 8/256 ГБлиги – 537 доллар, 12/256 ГБлиги эса – 640 доллар.

Ушбу смартфон Хитойдан ташқарида расман сотувга чиқиш-чиқмаслиги ҳозирча номаълум. Лекин мобил ўйинлар ишқибозлари учун Terashop.uz интернет-дўконидан 6/64 ГБ хотирали, глобал версиядаги Xiaomi Black Shark геймерофонини 3 849 000 сўмга сотиб олиш имкони бор. Бундан ташқари, ҳозирда мазкур интернет-дўкондан харид қилсангиз, «Баҳор кайфияти» акцияси доирасида ютуққа ҳам эга бўлишингиз мумкин!

ЎҚИНГ: Gaming Mode – ҳар қандай смартфонни ўйинга мослаб кучайтирувчи бепул илова

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!