Apple асосчиси Москвада: «Барча кўзи очиқларни кўрга айлантирибмиз»

  •   DiMaX
  •  2454
  •  09.10.2017 14:58

Apple асосчиси Москвада: «Барча кўзи очиқларни кўрга айлантирибмиз»

Ўтган шанба – 8 октябрь куни Москва давлат университетида бўлиб ўтган Фан фестивалида Apple муассисларидан бири – афсонавий Стив Возняк иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берган.

Анжуманда сўзга чиққан Стив Возняк иштирокчилар томонидан аввалдан тайёрлаб қўйилган саволларга жавоб берган. Шулардан айримларини қуйида келтириб ўтамиз.

– Ҳозирда мавжуд сунъий идрокнинг инсон миясидан фарқи нимада?

– Сунъий идрок у ёки бу масалани қайси усул билан ечишни ҳал этиш учун буйруқни кутади. Мия эса, уни қандай ечишни ўзи англайди. Афсуски, миянинг қандай ишлаши ҳақида биз тасаввурга эга эмасмиз. Шунга қарамай, мия иқтисодий жиҳатдан ҳам самаралироқ: бунақа «мураккаб нарса»ни яратиш учун атиги тўққиз ой етарли бўлади.

– Келажакда робот ҳис-туйғуларга ҳам эга бўлиши ва одамга ошиқ бўлиб қолиши мумкинми?

– Шунақа бўлишини мен инкор этмайман. Менимча, роботлар билан қанчалик яқинлашишимиз ҳақида тасаввурга эга эмасмиз. Шунга ўхшаш вазият «У» (инглизчадаги номи – «Her») фильмида тасвирланган, тўғри, унда гап операцион тизим ҳақида.

– Шахсий компьютер ихтиро қилинганидан кейин одамлар бахтлироқ бўлдими?

– Бу жуда мураккаб савол. Қачонлардин мен чинданам шунақа – агарда кишиларнинг ҳаётини осонлаштирсак, бу уларга бахт келтиради, улар камроқ ишлайдиган бўлишади, деб ўйлардим. Аммо улар ҳатто кўпроқ ҳам ишлай бошлашди – энди оилани ишлайдиган битта эмас, балки иккита одам боқишига тўғри келяпти. Ўйлашимча, агарда бахтлилик даражасига кўра бизни ибтидоий одамлар билан таққосласак, тахминан бир хил натижа чиқади.

Қачонлардир Стив Жобс иккаламиз, кўзи ожиз одамларни кўра оладиган қилувчи гаджет яратишни орзу қилгандик. Лекин ҳозир, мен метрога кириб, ҳамма ўз телефонларига кириб кетгудек бўлиб ўтиргани кўрганимда – англайманки, биз барча кўзи очиқ инсонларни кўрга айлантирибмиз.

Шунингдек, Стив келгусида механика ўтмишга айланиб кетишини, инсоният ўзга сайёраларга учмаслигини, одамлар ҳеч қачон ўлмайдиган бўла олмасликларини башорат қилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!