Apple’нинг еттита ёлғонини Павел Дуров фош этди ва ҳар бир фикрини батафсил асослаб берди

  •   DiMaX
  •  4940
  •  30.07.2020 16:31

Apple’нинг еттита ёлғонини Павел Дуров фош этди ва ҳар бир фикрини батафсил асослаб берди

Telegram асосчиси яқиндагина Apple ва Google’ни жиддий айблаб, уларнинг гегемонлигини тўхтатиш йўлини кўрсатган эди. Энди эса у шу мавзуни давом эттириб, Apple дастурчилардан олиб қоладиган 30 фоизлик ҳақнинг асоссиз эканлигини еттита бандда кўрсатиб берди.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси барча iPhone эгаларини ташвишлантирувчи еттита сабабни айтди

Павел Дуровнинг бу ҳақдаги расмий мақоласини Telegram Uzbekistan ўзбекчалаштириб эълон қилган ва унда шундай дейилади:

Apple ўзининг монопол мавқеини сақлаб қолиш учун жуда кўп воситаларни PR ва лоббизмларга сарфлайди. Агар сиз нархлар кўтарилиши ва иловалар сифатини пасайтиришга олиб келадиган Apple компаниясининг 30 фоизлик ҳақи атрофидаги мунозарани кузатаётган бўлсангиз, эҳтимол, қуйидаги етти уйдирманинг камида биттасини учратгансиз.

1-уйдирма: 30 фоизлик ҳақ Apple’га App Store’ни таъминлашга имкон беради

Аслида, Apple илова дастурчиларидан олиб қўяётган маблағларнинг озгина қисмини App Store таъминотига сарфлайди. Apple ҳар йил чорагида учинчи томон иловалар дастурчиларидан миллиардлаб АҚШ доллари миқдорида маблағ йиғиб олади. Бироқ, Apple’га хостинг харажатлари ва иловаларни модерация қилиш харажатлари миллиардларда эмас, балки атиги ўн миллионлаб долларларда ҳисобланади. Биз Telegram’да буни биламиз: чунки биз App Store’га қараганда анча кўпроқ оммага очиқ бўлган контентни жойлаштирамиз ва модерация қиламиз. Ҳар қандай катта видео платформани таъминлаш App Store каби иловалар каталогини таъминлашдан кўра кўпроқ серверлар ва модераторларни талаб қилади.

2-уйдирма: 30 фоизлик ҳақ Apple’га яхшироқ смартфонлар яратиш имконини беради

Apple компанияси захираларида 200 миллиард долларга яқин бўш маблағ мавжуд ва компания бир неча йиллардан бери уни нима қилишни билмайди. Apple стартаплардан улар ўсиши учун фойдали бўлиши мумкин бўлган ундирилган пуллар худди компаниянинг оффшор ҳисобларида абадий қолган чоғи. Apple сўнгги йилларда Android’даги флагманларга аппарат ва функционаллик жиҳатидан етиб олишга уринмоқда. Apple жамоаси сўнгги вақтларда инновацион ғояларни дунёга келтириб чиқармаяпти, бошқалардан нусхалашда эса дастурлаш кўп маблағ талаб қилмайди. Шундай экан, 200 миллиард доллар, шу жумладан дастурчилардан олинган маблағлар смартфонларни яхшилаш учун ишлатилмайди.

3-уйдирма: ҳар ким ўз тизимини яратиши ва Apple билан рақобатлаша бошлаши мумкин

Муаммо рақобатдош мобил операцион тизимни (ОТ) ишга туширишда эмас, балки учинчи томон дастурчиларни янги ОТ учун иловалар яратишга ишонтиришдадир. Бу иккинчиси биринчидан, биринчиси эса иккинчидан чиқадиган жуда аянчли иш: дастурчилар етарли миқдордаги фойдаланувчиларнинг етишмаслиги сабабли янги тизим учун иловалар яратмайдилар ва фойдаланувчилар учинчи томон иловаларининг етарли сонининг йўқлиги сабабли янги тизимда ишлайдиган телефонларни харид қилмайдилар. Ҳатто дастурчилар орасида катта таъсирга эга бўлган улкан компания – Microsoft ҳам ўз Windows Phone смартфонлари лойиҳасини ёпишга мажбур бўлди, чунки у ўз операцион тизими учун Instagram каби дастурларни ололмади. Кимдир янги ва ўзгача вариантни яратишга қанча сармоя киритиши муҳим эмас: 2020 йилда мобил ОТ бозори янги ўйинчилар учун деярли ёпиқ.

4-уйдирма: агар Apple бўлмаганида, мобил иловалар дастурчиларида фойдаланувчилар бўлмас эди

Бунинг акси ҳақиқат: агар iPhone’да учинчи томон иловалари бўлмаганида, уни 2020 йилда деярли ҳеч ким харид қилмас эди. Apple мобил иловаларни ихтиро қилмаган ва агар улар бўлмаганида, бир оз йил ўтгач, бошқа бир компания имкониятларга бой мобил ОТ учун ўсиб бораётган бозор эҳтиёжларини қондирар эди. Дунё компьютерлардан мобил қурилмаларга ўтишидан олдин, турли хизматлар дастурчилари юз миллионлаб одамларнинг фойдаланувчи базаларини тўплаб олишган ва десктоп (стол компьютери) операцион тизимлари яратувчиларига ҳеч ҳақ тўламаганлар. Иқтисодий жиҳатдан кўплаб оммавий хизматлар дастурчилари учун App Store’нинг келиши яхши томонга эмас, балки ёмон томонга ўзгариш бўлган.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси «кўпга тушди»: АҚШ ҳукуматига $18,5 миллион, инвесторларга эса нақ $1,244 млрд. тўлаши керак!

5-уйдирма: агар дастурчи Apple ҳақини хуш кўрмаса, у Android учун иловаларни яратиши мумкин

Аслида, дастурчилар iOS ва Android ўртасида танлов қила олишмайди: агар улар ижтимоий аҳамиятга эга хизматни ишга туширишни хоҳласалар, мобил дуополиясининг (Apple ва Google) иккала платформаси учун иловалар яратишга мажбур бўлишади. Telegram ёки Тик Токъни фақат Android учун ишлаб чиқилганини тасаввур қилишга ҳаракат қилинг ва нима учун бу мумкин эмаслигини тезда тушуниб етасиз. iPhone фойдаланувчиларини бемалол истисно қилиб бўлмайди. Истеъмолчи учун iOS’дан Android’га ўтишнинг нархи шунчалик каттаки, бу монополияни эгаллаб олиш тушунчасига мос келади (қўшимча маълумот учун Йэл университети мутахассислари томонидан ўтказилган «Apple’га қарши антимонопол иши» билан танишиб чиқинг).

6-уйдирма: App Store’нинг 30 фоизлик ҳақи бошқа ўхшаш платформаларнинг ҳақлари билан тенг

Яқинда Apple Android’даги Google Play каби платформалар ҳам 30 фоизли ҳақ ундираётгани ҳақида сўзлаб ўтилган тадқиқотга буюртма берди. Ушбу таққослаш нотўғри, чунки Android фойдаланувчилари нафақат Google Play’дан, балки бошқа манбалардан ҳам иловаларни ўрнатиши мумкин. Android’да, шунингдек, ўз илова каталогларини яратиш имконияти мавжуд. Бозор тадқиқотида айтиб ўтилган бошқа платформаларга келсак, улар ҳеч қандай тарзда мобил ОТ билан боғлиқ эмас ва уларни фойдаланувчилар сони/иловалар сони/рақобатдош платформаларга ўтиш нархи бўйича iOS ва Android билан таққослаб бўлмайди.

7-уйдирма: тартибга солувчиларнинг эътиборини Apple компаниясининг ҳаракатларига қаратишга уриниш эркин бозор ва адолатли рақобат ғояларига зид

Apple соф «эркин бозор» ўйинчиси эмас, чунки компания тартибга солувчиларнинг имкониятларидан жеилбрекни криминаллаштиришда фаол фойдаланади (яъни App Store’дан бўлмаган иловаларни ўрнатишни криминаллаштириш учун), бу у сотилган ҳар бир телефон устидан тўлиқ назорат қила олишини кафолатлайди. Apple компаниясининг монополияси азалдан бозор механизмларига тартибга солувчилар аралашувига асосланганлиги сабабли, уни либертариан нуқтасидан ҳимоя қилиш ғалатидир. Apple компаниясига ўз монополиясини амалга оширишга ҳукумат ёрдам берар экан, улар ҳам ушбу монополиянинг салбий оқибатлари учун жавоб беришлари керак.

Хулласи калом, ҳозирда Apple компанияси устидан антимонопол текширув Европада ва АҚШда бошланган ва компания бу уйдирмаларни тарқатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини икки баравар оширса ажаб эмас. Apple лоббистлари ва PR-агентлари жамоатчиликни йўлдан оздирганда, бўш турмаслик лозим. Биз – фойдаланувчилар ва илова яратувчилари – ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишни бошлашимиз керак. Apple ақлли равишда бизни тузоққа туширдим, деб ўйлаши мумкин, чунки биз аллақачон уларнинг смартфонларини жуда катта миқдорда харид қилиб бўлганмиз ва улар учун жуда катта миқдорда иловаларни яратиб бўлганмиз. Аммо биз уларнинг бозор ҳолатидан суиистеъмол қилишларига йўл қўймаслигимиз керак.

2020 йил 28 июль,

Павел Дуров

ЎҚИНГ: ИИВ огоҳлантиради: Telegram’да тарқалаётган вирусли дастурдан эҳтиёт бўлинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!