АҚШ аллақачон 3G тармоқларини ҳам ёпяпти

  •   DiMaX
  •  1171
  •  27.04.2021 14:50

АҚШ аллақачон 3G тармоқларини ҳам ёпяпти

Ер юзида аллақачон 6G тармоғининг даври келмоқда, ҳаттоки 5G технологиясига яқиндагина ўтган Apple ҳам аллақачон 6G устида ишламоқда. Турли мамлакатларда уяли алоқа операторлари эски стандартлардаги мобил тармоқларда хизмат кўрсатишни тўхтата бошлади.

ЎҚИНГ: Четроқ тур, 5G! Бу ёқда 6G тайёр бўляпти...

АҚШдаги таниқли Verizon оператори ўзининг 3G тармоғини ёпишини эълон қилди. Айтиш керакки, айни мазкур компаниянинг тармоғидаги 3G уяли алоқаси биздагидек эмас, балки аслида иккинчи авлод ҳисобланувчи CDMA2000 технологиясига асосланган. Лекин АҚШда уни учинчи авлод стандарти, дея қабул қилишган ва, нима бўлган тақдирда ҳам, оператор уни 2022 йилнинг декабрида тўлиқ тўхтатмоқчи. Дарвоқе, мазкур тармоққа уланиш 2018 йилиёқ ёпилган ва ҳозирда Verizon абонентларининг атиги бир фоизи ундан фойдаланмоқда.

Уммон ортидаги бошқа операторлан ҳам ҳақиқий 3G тармоқларини тез орада тугатишмоқчи. Жумладан, AT&T мазкур стандартда хизмат кўрсатишдан 2022 йилнинг февралида воз кечишни мўлжаллаган. T-Mobile эса ундан ҳам аввал – келаси йил январда учинчи авлод уяли алоқа тармоғини узиб қўймоқчи.

ЎҚИНГ: 3G ва 4G'нинг нима фарқи бор?

Дарвоқе, 2019 йилнинг бошида LG компанияси 6G тармоғини яратишга киришган, кейинроқ Huawei ҳам 6G тадқиқотларини бошлаб юборган. Шунингдек, бош директор Лей Цзюнь расман маълум қилишича, Xiaomi ҳам аллақачон олтинчи авлод уяли алоқа тармоғи – 6G устида ишламоқда.

Хитойнинг яна бир дадил компанияси – Vivo ҳам Европа иттифоқининг Интеллектуал мулк ташкилотига 6G тармоғи билан боғлиқ патент учун ариза топширган. Samsung компанияси ҳам 6G қачондан бошлаб жорий қилинишини айтган.

Шунингдек, биз дунё бўйича симсиз 5G-интернет тезлиги рейтинги ҳамда турли смартфонларда 5G тезлиги тести натижаларини эълон қилганмиз. Ўзбекистонда 2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари асосида тезкор интернетга улаш қандай кетаётганлиги ҳақида эса мана бу хабаримиздан маълумот олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда илк 5G тижорий тармоғи ишга тушди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!