Бегона кўздан сақлаш учун Windows’да файллар ва жилдларни сурат файлига яширамиз

  •   DiMaX
  •  1215
  •  12.02.2019 14:59

Бегона кўздан сақлаш учун Windows’да файллар ва жилдларни сурат файлига яширамиз

Шахсий маълумотларингиз, муҳим ҳужжатларингизга бошқаларнинг кўзи тушмаслиги учун, компьютерингизда уларни биров кирмайдиган жилдларнинг энг тўрига жойлаб қўясизми? Биз эса Windows тизимли компьютерда уларни яширишнинг ва бошқаларга билдирмасдан керакли одамга узатишнинг қизиқ йўлини тавсия этамиз.

ЎҚИНГ: iPhone ва iPad’ларда жилдлар (папкалар) номини кўринмайдиган қиламиз

Шундай қилиб, муҳим файллар ва жилд (папка)ларни архивлаб, бирор расмнинг JPEG форматли (кенгайтмаси *.jpeg ёки *.jpg) файлига жойлаб қўйиш мумкин. Сўнг уни расмларни кўрувчи исталган дастурда очганда фақат суратнинг ўзини кўриш мумкин, лекин архиватор дастур ёрдамида очиб, унга жойланган архив ичидаги маълумотларни кўриш имкони бўлади.

Бунинг учун қуйидаги амалларни бажарамиз:

  1. Яшириш керак бўлган жилд ёки файлни ZIP ёки RAR форматида архивлаймиз. Масалан, шартли равишда уни arxivim.rar деб номлайлик.
  2. Ушбу архивни ҳамда керакли JPEG-суратни (тушунишимиз осон бўлиши учун уни surat.jpg деймиз) компьютеримизнинг C диски ичидаги янги жилдга (тушунарли бўлиши учун ҳозир уни jildim деб атаймиз) соламиз. Яъни, унга борар йўл мана бундай бўлиши керак: C:\jildim
  3. Клавиатурада Win + R тугмачаларини баравар босиб, cmd буйруғини терамиз ва Enter тугмачасини босамиз.
  4. Очилган буйруқлар қаторида C:\jildim ёзувини териб, бояги янги жилдга кирамиз.
  5. Энди эса қуйидагини терамиз: copy /b surat.jpg+arxivim.rar yangirasm.jpg

Тайёр – буйруқлар қатори yangirasm.jpg номли янги сурат файлини яратди. Энди уни бошқалар шунчаки расм кўриш дастурида очиб, фақат суратни томоша қилиши мумкин. Сиз эса уни архиватор дастур ёрдамида очиб, ичидаги маълумотларингизни кўрсангиз, архивдан чиқариб олсангиз бўлади.

Шунингдек, суратдан бошқа бирор турдаги файл узатиш мумкин бўлмаган форумлар ва чатларда керакли махфий файлларни ушбу расм орқали суҳбатдошингизга жўнатишингиз ҳам мумкин. Бунинг учун, албатта, суҳбатдошингиз ҳам ушбу усулдан бохабар бўлиши керак – шу боис мазкур мақоламизни яқинларингизга ҳам улашинг.

ЎҚИНГ: Share Files – ўзаро файл алмашишнинг энг қулай ва тезкор йўли

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.