Беш камерали LG V40 ThinQ тақдим этилди: 900 долларлик мустаҳкам смартфон!

  •   DiMaX
  •  1483
  •  04.10.2018 13:09

Беш камерали LG V40 ThinQ тақдим этилди: 900 долларлик мустаҳкам смартфон!

LG компанияси, ниҳоят, ўзининг V40 ThinQ русумли флагманини расман намойиш этди. Ушбу смартфон бир қатор хусусиятлари билан рақобатчиларидан устун келади.

ЎҚИНГ: LG бешта камерали V40 ThinQ флагманини илк расмий видеода кўрсатди

 LG V40 ThinQ ультра кенг бурчакли расмлар олувчи ва оптик зумга эга бўлган дунёдаги илк смартфон бўлди. Асосий камерасидаги 107 даражали ультра кенг бурчакли объектив, 78 даражали асосий линза ва 45 даражали телеобъектив эвазига бу флагман уч каррали оптик зумни қўллаб-қувватлайди.

Смартфоннинг бош камерасидаги асосий датчик 12 мегапикселли ва янада сезгир – f/1.5 диафрагмали бўлиб, яхши ёритилмаган шароитларда ҳам тасвирларни оптик барқарорлаштириш хусусиятига эга. Бу – қўшалоқ пикселли автофокусировкани таклиф этаётган илк LG камерасидир. Оптик зум учун эса иккинчи – 12 мегапикселли ва f/2.4 апертурали телефото-объектив масъул. Камеранинг учинчи – 16 мегапикселли ва ўта кенг бурчакли модули эса G7 моделидаги билан бир хил.

LG янги флагманининг асосий камерасидаги ҳар учала датчик ҳам “сунъий идрок” билан таъминланган ва оптик барқарорлаштириш функциясига эга. Улар 4К сифатида, сониясига 60 кадр тезлигида (секинлаштирилган съёмкада эса 1080p сифатида, сониясига 240 кадр тезлигида) HDR-видео тушира олади.

ЎҚИНГ: LG V40 смартфони уч модулли «идеал» камерага эга бўлади

Селфи учун бу флагманда қўшалоқ камера ўрнатилган: унинг 8 мегапикселли (f/1,9, 80 даража) ҳамда 5 мегапикселли (f/2,4, 90 даража) иккала модули ҳам “сунъий идрок”ка эга.

V40 смартфони Android 8.1 Oreo талқинидаги операцион тизим бошқаруви остида ишлайди. Унинг самарадорлигини Snapdragon 845 процессори ва 6 гигабайтлик тезкор хотира таъминлаб беради. Флагман фақат 64 гигабайтлик ички хотирали вариантда чиқарилади, аммо унга microSD картаси ўрнатиш мумкин.

Гаджетнинг 6,4 дюймлик, “кемтик”ли OLED-дисплейи QHD+ форматида, томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатда. Шунингдек, LG компанияси мазкур флагманининг овоз имкониятларига ҳам жиддий эътибор берган. Товушлар учун 32 битлик QuadDAC технологияси ҳамда BoomBox динамиклар тизими масъул.

LG V40 ThinQ флагмани яна IP68 стандарти бўйича ҳимояланган. Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас: у MIL-STD-810G ҳарбий стандарти сертификатига ҳам эга!

Смартфон аккумуляторининг ток сиғими 3300 мА/соатга тенг бўлиб, тезкор симсиз қувватлаш ҳамда QuickCharge 3.0 технологияси бўйича симли тезкор қувватлаш технологияларига эга. LG V40 ThinQ флагмани 18 октябрдан қора ва кўк рангли корпусларда сотувга қўйилади. Унинг нархи эса 900 долларга тенг.

ЎҚИНГ: LG V40: 5 камерали флагман дизайни қандай бўлиши керак?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.