Биз ҳаммани кузатамиз: ўткир кўзли сергак технологиялар бутун дунёни назоратга олмоқчи

Биз ҳаммани кузатамиз: ўткир кўзли сергак технологиялар бутун дунёни назоратга олмоқчи

Хитойнинг йирик шаҳарларида турфа ҳаёт қайнайди. Чендуда ўсмирлар корейс поп-гуруҳлари клипини томоша қилади, Пекиннинг серҳашам давраларида эса Uniqlo янги коллекциясини муҳокама қилишади.

Бироқ бу аралаш-қуралаш ҳаёт тез орада тусини йўқотиши мумкин. Хитой ҳукумати махсус замонавий тизимлар ёрдамида йирик шаҳарлар ҳаётини барқарорлаштиришни истайди. Бунинг номи ижтимоий кредит тизими деб аталади.

Тўғриликнинг баҳоси

Мазкур тизим ҳар бир хитойликнинг ҳаётини онлайн ва офлайн тарзда назорат қилишга мўлжалланган. У сизнинг нима харид қилишингизни, ижтимоий тармоқда ўзингизни қандай тутишингизни, қайси қонунларни бузишингизни, жарима тўлаш-тўламаслигингизни, қўшниларингиз билан тортишишингизни – барча-барчасини назорат қилади.

Кузатувлар натижасида ягона “тўғриликнинг баҳоси” келиб чиқади. Бу рақамли индекс фуқаронинг яхши фазилатлари ва масъулиятлилиги даражасини кўрсатади. Айни шу сон фуқаро ўз хислатлари туфайли қандай эркинликлар ва имтиёзларга муносиблигини ҳамда салбий хулқ-атвори боис қандай имкониятлардан маҳрумлигини белгилайди.

Ҳозирча, ушбу оммавий назорат тизими устида ишланмоқда, бироқ у ҳақидаги айрим нарсалар олдиндан маълум. Биринчидан, “ижтимоий кредит” қимматга тушади, буни тажрибалар ҳам кўрсатмоқда. Иккинчидан, у шаҳар тузилмасини ўзгартириб юборишга қодир. Учинчидан эса бу тизимни, фақатгина, Хитойда эмас, бошқа мамлакатларда ҳам қўлласа бўлади.

Шаҳар барқарорлиги – шаҳарликларнинг қўлида

Ғарбона дунёқараш катта шаҳарда тартиб ўрнатиш давлат даражасидаги эмас, ўзини-ўзи бошқарув даражасидаги юмуш, деб ҳисоблайди. Георг Зиммель, Жейн Жекобс ва Ричард Сеннет сингари мутафаккирлар катта шаҳар қиёфасини ўша шаҳарда ҳамнафас бўлиб яшовчи одамлар белгилайди, деб ҳисоблайди.

Бундай ўзаро муносабат схемаси қарор топган шаҳарларда кишилар, кўпинча, “фуқаровий эътиборсизлик” режимини ёқиб олади, яъни бир-бирининг борлигини билади, бироқ зарурат туғилмаганда на дўстона, на душманона муносабат ўрнатади. Бу Берлиндан Дакаргача бўлган катта ва сершовқин шаҳарларнинг толерант характерини ташкил этади.

Олимлардан бири Жейн Жекобснинг фикрича, шаҳар аҳолисининг турли-туманлиги муайян фуқаролар гуруҳини ҳимоялаб, “кўчадаги табиий кўз” вазифасини бажаради, масалан, зарурат туғилганда сотувчилар ёки ўткинчи одамлар ўз кўчасидаги зўравонлик ёки низони тўхтатишга ҳаракат қилади.

ХХ асрда бу тамойил бузила бошлади, бироқ шаҳарларнинг функцияси ўзгармай қолди. Йирик шаҳарнинг мураккаб тузилиши унинг барқарорлигини таъминлайди, деб ҳисоблайди олим.

Шаҳарнинг ўзини ўзи бошқаришининг Ғарбда ўйлаб топилган модели Хитойда ишламайди, деб хулоса ясаш ноўрин бўларди. Албатта, у ҳам ишлайди, масалан Циндао шаҳри Нью-Йоркдаги Гринвич-Вилли кварталида мавжуд қонуниятлар бўйича яшайди.

Циндаодаги дўкон эгаси ўз қўшниларининг нима билан шуғулланиши тўғрисида яхши тасаввурга эга, бордию у бирор ножўя ҳаракат содир қилса, жамоатчилик норозилиги ва гап-сўзларга дучор бўлиши шубҳасиз.

Аммо Хитой ҳукумати ҳаққоний социалистик жамият барпо этишни жуда муҳим жараён ҳисоблаб, уни миллионлар кишиларнинг ўзаро бетартиб муносабатлари ихтиёрига ташлаб қўймоқчи эмас. Хитой мансабдорларининг фикрича, тартиб ҳамиша устувор вазифа бўлиб, айнан у барқарорликка элтади ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Бу нуқтаи назардан қараганда пастдан ўрнатилган тартиб унчалик ишончли туюлмайди. Бунинг устида у шаҳардаги ғалаёнларнинг олдини ололмайди ва ўз-ўзидан бошқарувдаги партияни қониқтирмайди. Шу ўринда ижтимоий кредит барча муаммоларнинг ечимини таклиф этади.

Ипидан игнасигача назорат қилиш

2014 йилнинг июн ойида ХХР Давлат Кенгаши “Ижтимоий кредит тизимини қуриш бўйича режа лойиҳаси” ҳужжатини чоп этди. Унда Хитой аҳолисининг хулқ-атвори ҳақидаги ошкор ва махфий маълумотларни жамлашнинг усуллари баён қилинган. Ушбу маълумотлар асосида ҳар бир фуқаронинг рейтинги юритилади. Аввалига бу тизим коррупциялашган амалдорлар ва қонунга хилоф маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни фош этишга мўлжалланганди.

Тизим Конфуцийча ҳалоллик тушунчалари асосида тузилган. Албатта, энг илғор технологиялар унда мужассамдир, сунъий идрок ва улкан ҳажмдаги онлайн-база дейсизми, видеокузатув тизими ва смартфон дейсизми – ҳаммаси мавжуд.

Бироқ коррупция ва бошқа турдаги қонунбузарликка қарши, дея изоҳланган матн Давлат Кенгашининг асли мақсадини беркитиб турарди. Ҳужжатнинг охирги саҳифаларида ижтимоий назорат тизими жамият устидан ўрнатилиши таклиф этилганди. Бундай тўла-тўкис назоратга аввалги ҳукмдорлар фақатгина ҳавас қилиши мумкин.

Кимга қанд, кимга қамчи?

Хитойнинг ижтимоий кредит тизими ғарбнинг машҳур кредит рейтинги тизимидан нусха олган. Бу ўзига хос обрў индекси бўлиб, машинангизни қаерда ижарага олганингиз, қаерда ўқиганингиз, қаерда ишлашингиз ва қаерларда саёҳат қилганингиз ва бошқа маълумотларга боғлиқдир.

Хитойликлар ғарбча кредит рейтингини ижтимоий интизомни баҳолаш мезонига айлантирди. Даставвал, тизим қонунга итоаткорлик дастури каби ишлайди. Ижтимоий рейтинги юқори бўлган фуқаро турли чегирма ва имтиёзлардан фойдаланади, масалан, меҳмонхонада шоҳона хонадан ёки бепул Wi-Fiдан фойдаланиш ҳуқуқи унга тақдим этилади.

Агар у ўзини яхши тутишда давом этса, масалан, жамоат транспортидан намунали фойдаланса, йўлда тирбандлик содир қилмаса ва жамоатчиликка зиён келтирувчилардан шикоят қилса, қўшимча бонусларга эга бўлади. Бу гаровсиз квартира олиш ёки фарзандини олий тоифали мактабга бериш имконияти деганидир.

Қонунга итоаткорлик дастури қўрқинчли авторитаризмга ўхшамайди, шунинг учун юртини севадиган кўплаб хитойликлар ижтимоий кредитни мустабидликка тенглаштирувчи европаликлар билан тортишиб юради.

Аммо хитойча назорат сизни фақат қанд билан эмас, қамчи билан ҳам сийлаши мумкин. Мухолифатнинг сиёсий йиғилишларида иштирок этасизми? Хуфёна бизнесингиз борми? Марҳамат қилиб, баъзи имтиёзлардан фойдаланмаслигингизга тўғри келади. Зимдан қилаётган ишларингизнинг бари давлат назоратида. Қанақа сайтларни кўздан кечиряпсиз, қаерда турибсиз – буларнинг ҳаммасини мобил телефонингиз ва кўчадаги камера кузатиб туради.

Агар тизим сизни бирор ножўя хатти-ҳаракат устида қўлга туширса, дарҳол чора кўради. Бу ҳолда фақат ўзингиздан ўпкалашингиз мумкин холос, шикоят қилиш сира кутилмаган оқибат келтириши мумкин.

Бордию, тизимнинг кўзига бало-қазодек кўриниб қолсангиз (албатта, ўз фаолиятингиз орқасидан), у ички паспортингизни блоклайди ва озодликдан маҳрум этиласиз. Ҳа, буларнинг барчасини замонавий технологиялар бажаради, аммо ўша-ўша мингйиллик услуб.

Ким амалга оширади?

Мисли кўрилмаган лойиҳани амалга оширишда Хитой ҳукумати тадбиркорлар ёрдамидан фойдаланмоқда. Асосий ёрдамчи интернет-гигант Alibaba онлайн савдо компаниясидир. Қолаверса, Хитойдаги йирик ижтимоий тармоқ эгаси Tencent, қидирув тизими Baidu ҳам ижтимоий кредит лойиҳасини амалга оширишга бош қўшган.

Бундан ташқари яна бир қатор йирик ташкилотлар бевосита тизим устида ишламоқда ёки унинг принципларини ўз иловаларига жойламоқда. Улар мижозларнинг сўров ва харидларини кузатибгина қолмай, уларнинг хулқ-атворини баҳолашнинг мураккаброқ усулларини ҳам ишлатади.

Масалан, соатлаб онлайн ўйин билан машғул бўладиган инсон, гарчи, бирор ножўя қилмиши бўлмаса-да, ишончсиз ва интизомсиз инсон, деб тавсифланади. Агарда фуқаро тез-тез таглик сотиб олса, демак унинг чақалоғи бор ва у масъулиятли кишидир.

Бундай тавсифлар ишончли бўлиши мумкин, бироқ ижтимоий кредитнинг хитойча тизими ғарбдан ғалати, кулгили алгоритмларни ҳам кўчириб олган. Масалан, фуқаро буюртма варағини фақат бош ҳарфлар билан тўлдирса, у автоматик тарзда ишончсиз ва тўлов қобилияти йўққа чиқарилади ҳамда унинг бу “айби” хусусий тадбиркорларнинг қўли билан жазоланади. Яъни меҳмонхонага қўйилмайди, самолётга чипта ололмайди, ижарага машина ололмайди.

Асли ижтимоий кредит тизими Хитойда азалдан мавжуд. Яқин ўтмишда бир фуқаро ички рейсга чипта ололмаганининг сабаби у бир неча ой муқаддам ҳудудий судга ёзган узрномаси носамимий деб топилгани экан.

Сиёсий фаол Лю Ху эса исёнкорлик руҳидаги қарашлари туфайли умуман самолёт ёки поездга чипта ололмай, кўчмас мулк харид қилолмай қолиши мумкин.

Давлат, ҳозирча, баъзи ҳудудларда тажриба ўтказмоқда. Чекка ҳудудлардан бири норозилик билдиришга ҳам улгурди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, янги тизим ХХ асрнинг 60-70-йилларидаги қонли маданий инқилобни эслатади. Бироқ биргина ҳудуднинг норозилиги кўп нарсани ўзгартирмайди.

Инсонлар кулранг омма тусини оладими?

Ижтимоий кредит, нафақат, ўзгача фикр ва хатти-ҳаракатни, балки шаҳарнинг ҳаётий энергиясини ҳам бостирувчи тизимдир. Сергак ва огоҳ тизимнинг оқибати номаълум чораларидан чўчиган фуқаролар ижтимоий фаолиятини минимумга тушириб қўяди.

Alibaba ширкатининг вице-раиси Жо Цай ўз хатти-ҳаракати қандай оқибат келтиришини сезиб қолган одамлар интернетда анча ройиш бўлиб қолади, бироқ бу янги шароитга мослашишдир, дейди. Қизғин ва сершовқин шаҳар эса зерикарли ва туссиз бўлиб қолади.

Қизиғи шундаки, бунақа ҳол фақат Хитойдагина юз бермаслиги мумкин. Дунё бўйича хусусий компаниялар шаҳарлар бошқарувида иштирокини янада оширмоқда, янгича авторитаризм кучга келмоқда, технологиялар эса жамият ҳаётида кўпроқ ўринларни эгалламоқда.

Хитойча ижтимоий кредитни жорий этиш учун кўпгина мамлакатларда шарт-шароит юзага келмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ Ғарбда кредит рейтинги тушунчаси мавжуд, корпорациялар ва давлат ҳар бир фуқаронинг интернетдаги ҳаёти билан қизиқади, сўров ва изоҳларини кўздан кечиради. Буларнинг барчасини ягона назорат тизимига бирлаштириш қолди холос. Бордию, огоҳ тизимнинг ўткир нигоҳи Хитойда кутилган натижани берса, унда бутун дунё аҳолиси мисли кўрилмаган назорат тизими остига олинишига яқин кунлар қолди.

vc.ru асосида тайёрланди