BMW янги электрокроссоверини тақдим қилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1548
  •  12.11.2020 10:13

BMW янги электрокроссоверини тақдим қилди (+видео)

Машҳур машинсоз – BMW компанияси 11 ноябрда тўлиқ электрлаштирилган кроссовери iX’ни тақдим қилди. Янги модель яқин орада сотувда пайдо бўлиши кутилмоқда, деб ёзади Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Учадиган автомобил – AirCar’нинг илк парвозини видеода кўрамиз!

BMW сайтида маълум қилинишича, машина компаниянинг моделлар қаторида янги авлоддаги биринчи электрокар ҳисобланади.

iX олдидан 4-сериядаги BMW’ни эслатади, ўлчамлари бўйича эса X5’га яқин. У умумий қуввати 500 от кучидан ошадиган иккита электромотор билан жиҳозланган. Кроссовер 100 км/соат тезликка 5 сониядан камроқ вақт ичида эриша олади. Автомобил бир қувватланишда 600 кмгача йўл босади.

Машинада тез қувватлагич мавжуд бўлиб, у 200 кВтда аккумуляторни 10 фоиздан 80 фоизгача 40 дақиқадан камроқ вақт ичида қувватлаш имконини беради. Машинанинг стандарт қувватлагичи 11 кВтда ишлайди ва автомобилни 10 фоиздан 80 фоизгача 11 соатда қувватлайди.

Электрокар 3-даражадаги автопилот учун мўлжалланган датчиклар билан жиҳозланган. Кроссовер белгиланган йўналиш бўйича ўзи мустақил ҳаракатланиши, секинлашиши, тезлашиши, бошқа машиналарни қувиб ўтиши, бурилиши мумкин.

Машинанинг эътиборли жиҳатларидан шуни айтиш мумкинки, унинг эшикларида анъанавий дастаклар ўрнига тугмалар қўлланган. Сув сепувчи идиш тешиги эса капот остида эмас, балки «тумшуғи»даги BMW белгисида жойлашган.

ЎҚИНГ: Tesla «дамини олсин!» – Mercedes-Benz рекордчи электромобилни эълон қилди

BMW iX’нинг радиатор панжараси нафақат радиаторни совитиш, балки яримавтоном ҳаракатланиш учун зарур бўлган камералар, радарлар ва бошқа датчикларни ҳимоялаш учун мўлжалланган. Панжара «ўзини тикловчи» материалдан ишланган: ундаги майда тирналишлар хона ҳароратида 24 соат ичида ўзи «битиб кетади».

Автомобил салонида 12,3 дюймлик рақамли асбоблар панели, мултимедиа тизимининг 14,9 дюймлик сенсор дисплейи жойлашган. Машина рули олтибурчакли шаклга эга. Компанияда бу ҳайдовчига ноқулайлик туғдирмаслигига ишонтирилган.

Электромобил 5G-модем ва маълумотларни қайта ишлаш учун юқори унумдор тизим билан жиҳозланади. Бу ҳар бир BMW iX’га марказий сервер билан йўлдаги жорий вазият борасидаги маълумотлар билан алмашиш имконини беради. Сервер ўз навбатида маълумотларни таҳлил қилиб, бошқа машиналарга тавсиялар бериб туради.

BMW iX’ни ишлаб чиқаришни 2021 йил охирида бошлаш режалаштирилган. Электрокарнинг бозорга чиқиши муддатлари ва унинг тахминий нархи ҳозирча маълум қилинмаган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда атиги 12 минг сўмлик ток билан 300 км юрадиган электромобил синалмоқда (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!