«Бортда интернет»ли тўртинчи самолёт ЎҲЙга келтирилди: Boeing 787-8 Dreamliner аввалгиларидан қандай фарқ қилади?

  •   DiMaX
  •  629
  •  15.04.2019 11:09

«Бортда интернет»ли тўртинчи самолёт ЎҲЙга келтирилди: Boeing 787-8 Dreamliner аввалгиларидан қандай фарқ қилади?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» тўртинчи замонавий йўловчи самолёти – Boeing 787-8 Dreamliner’ни ҳам Тошкент аэропортига олиб келди. Орзу лайнери АҚШнинг Сиэтл шаҳридан 11 соату 50 минутда 10 минг 142 километр масофа босиб келиб қўнди, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Самолётларимизда энди интернет-тўпламлар сотиб олиш мумкин, тўлови эса пластикдан!

Унга ёнилғи сарфлаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 газининг ажралиб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Аviation компаниясининг GEnх-1B двигателлари ўрнатилган. Авиалайнер 246 йўловчини ўз бағрига сиғдира олади.

Самолётда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Шинам самолёт саҳни, қулай ва кенг ўриндиқлар, янги пол қопламлари, ёритиш ва товуш изоляцияси, индивидуал кўнгилочар дастурли HD сенсор мониторлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» йўловчиларида парвоз давомида ажойиб таассурот қолдиради.

Самолёт бошқаларидан интернетга кириш ускуналари мавжудлиги билан фарқланади. Бу миллий авиакомпаниямизнинг «Бортда интернет» хизматидан фойдаланиш мумкин бўлган учинчи лайнеридир. Парвоздаги алоқа провайдери МАКнинг «Аirbus А320nео» самолётига ҳам провайдерлик қилган, кўнгилочар дастурлар ва алоқа тизимини ўрнатган Panasonic Avionics Corporation компанияси ҳисобланади. Boeing 787-8 Dreamliner’нинг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачиси бўлган Ўзбекистон миллий авиакомпанияси уларнинг тижорий эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. МАКнинг 2020 йилга мўлжалланган ривожланиш режаларига мувофиқ, авиапарк ушбу русумдаги олтита самолёт билан тўлдирилади ва МДҲда бундай самолётларнинг етакчи эксплуатантига айланади.

ЎҚИНГ: Салонида Wi-Fi бўлган Airbus A320 neo русумли иккинчи самолёт Тошкентга етиб келди

Шу ўринда «Boeing 787-8» самолётининг асосий техник хусусиятлари ҳақида тўхталамиз.

Самолёт фюзелажнинг 50 фоиз элементлари углеродга асосланган композит материаллардан тайёрланган. Бу эса, самолётнинг анъанавий алюмин фюзелажли лайнерга нисбатан енгилроқ ва мустаҳкамроқ бўлишига хизмат қилади.

787-русумли самолётлардаги қанот текислигининг найзасимон шакли 767-модели билан солиштирганда кўтарилиш кучини 2 фоиз оширади. Мазкур қанотлар, бу синфдаги бошқа самолётларга қараганда узунроқ бўлиб, уларга қўшимча эластиклик беради. Оддий парвоз давомида қанот учлари ердаги эркин ҳолатига нисбатан 3 метрга тисарилади.

Иллюминаторлар баландлиги 46 сантиметрни ташкил этади. Бу барча тижорий лайнерлар ичида рекорд кўрсаткич. Улар бошқарилувчи электрохром қоплама билан жиҳозланган.

Ушбу русумдаги самолётларда композит корпуслар зичлигининг юқорилиги саҳндаги 1800 метр баландликка мос келадиган босим даражасини сақлаб туришга имкон беради. Алюминдан ишланган йўловчи самолётининг кабинасида эса бу босим 2400 метр баландликдаги даражага тўғри келади.

Саҳндаги босим тизими янги шаклда ташкил этилган. Бошқа йўловчи самолётларида саҳнга кирувчи ҳаво 600 даражадан юқори бўлган двигателлардан олиниб, совутгичлардан ўтади ва саҳнга киради, «Dreamliner»ларда эса ҳаво ташқи муҳитдан тўғридан-тўғри электр компрессорлари орқали саҳн ичига юборилади. Бу билан ҳаво намлигининг танқислиги муаммоси бартараф этилади. Самолёт саҳнидаги янада нам ҳаво йўловчилар учун қулайлик яратади.

Лайнернинг орқа қисмида жойлашган, тишли шаклга эга бўлган гондол двигателларининг янги дизайни туфайли, ташқи ва ички шовқин 15 дицибелга камайтирилган.

Лайнернинг максимал юкланишда парвоз давомийлиги 136 20 километр, крейсер тезлиги 902 километр соат, максимал тезлиги эса 956 километр соат, учиш баландлиги 13 100 метр.

Авиапаркнинг модернизация қилиниши Ўзбекистон миллий авиакомпаниясига халқаро авиаташувлар бозорида республиканинг манфаатларини муносиб тарзда намойиш этиш, мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, хусусан, ички ва ташқи туризм соҳасини ривожланишига имкон яратади. Албатта, миллий авиакомпаниянинг тараққиёт йўлида янги босқични бошлаб беради.

ЎҚИНГ: АҚШ ўзининг “янги” F-35 жанговар самолёти билан рақибларини қўрқитмоқчи

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!