Бу қизиқ: Одамлар ишонмаган 7 та буюк ихтиро ҳақида

Бу қизиқ: Одамлар ишонмаган 7 та буюк ихтиро ҳақида

Бугунги кунда баъзи технология ва техникаларсиз кундалик турмушимизни тасаввур қилиш жуда қийин. Масалан, буларга телевизор, телефон, автомобиль ва бошқа шу каби жиҳозларни айтиб ўтиш мумкин. Бироқ мазкур инновацияларни аввалида одамлар салбий қабул қилгани, уларга тезда ишонч билдирмагани ҳақида кўпчилик билмаса керак. Ушбу материалда мана шундай 7 та оламшумул ихтиро ҳақида сўз юритамиз.

Кино

“Кино – ўткинчи ҳодиса. Томошабинлар саҳнадаги тирик актёрларни кўришни истайди”, – деган эди бир вақтлар Чарли Чаплин.

Инсоният тарихидаги биринчи фильм ҳисобланган ака-ука Люмьерларнинг “Поезднинг Ла Сьота вокзалига қайтиши” картинаси илк маротаба намойиш этилганда, томошабинлар шунчалик қўрқиб кетишганки, натижада ҳатто кинозалда саросима бошланган. Омма ҳаракатланаётган поезднинг “жонли” тасвирини қабул қилишга тайёр бўлмаган.

Аммо, ҳозир кино ва телевидение ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланганини, албатта, ҳеч ким инкор этолмайди.

Телефон

“Барчага яхши маълумки, овозни симлар орқали узатиб бўлмайди. Агар бунинг имкони бўлган тақдирда ҳам, бу нарса бизга ҳеч қандай фойда келтирмайди”, – деб ёзилган The Boston Post газетасининг 1865 йилда чиқарилган сонида. Мақола телефонни яратиш учун маблағ йиққан одамнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ эди.

Телефон тузилмасининг тараққиётига Антонио Меуччи ва Александр Белл катта ҳисса қўшганлар. Беллнинг телефон аппарат 1875 йилда оммага таништирилган эди. Гарчи бу ихтиро ўша пайтдаёқ шиддат билан ривожланган бўлса-да, баъзи катта ёшли одамлар ток уришидан қўрқиб, ушбу “темир”дан узоқроқ юришга ҳаракат қилганлар. Шу билан бирга, одамлар телефон симлари орқали арвоҳлар юришига қаттиқ ишонганлар.

Телевидение

 “Телевидение тез орада аҳамиятини йўқотади, чунки ҳар оқшом ёғоч қутига қараб ўтириш одамларнинг жонига тегади”, – деб айтган эди таниқли кинорежиссёр, 20th Century Fox компаниясининг раҳбари Дэррил Ф. Занук.

1907 йилда рус олими Борис Розинг томонидан масофадан туриб электр орқали тасвирларни узатиш технологияси патентланади. 1923 йилда эса америкалик олим Чарльз Женкинс биринчилардан бўлиб ҳаракатли силуэт тасвирини узатишга муваффақ бўлади. Орадан бир неча йил ўтиб, Владимир Зворикин деган ихтирочи биринчи телевизон қувур – иконоскопни кашф этади. Телевидение ўша вақтда оммада катта қизиқиш у    йғотган бўлса-да, кўпчилик унинг келажагига шубҳа билан қарар эди.

Ракета

Ракетасозлик соҳасининг асосчиларидан бири Роберт Годдардга тегишли рекета ёрдамида ойни забт этиш ғояси The New York Times газетасининг муҳаррири томонидан кескин қораланади.

Роберт Годдард 1909 йилда кўп зинали ракета яратиш ғоясини илгари суради. Бу орқали ракетани янада узоқ масофаларга учириш таклиф қилинади. Орадан бироз муддат ўтиб Годдард ушбу лойиҳани амалга оширади.

1919 йилда ихтирочи Ойга учиш фикри билан бўлишади. Гарчи у бу борада бир қатор илмий ишлар ёзган бўлса-да, кўпчилик унинг амалга оширилишига шубҳа қилади. Мисол учун, The New York Times газетаси муҳаррири бунинг учун Годдарднинг устидан кулиб, унинг билимларини ўта саёз деб айтади.

Суюқ ёнилғили илк ракета 1926 йилда АҚШнинг Массачусеттс шататида осмонга учирилади. 1969 йилда эса инсоният Ойга қадам қўяди. Ушбу воқеадан кейин The New York Times 1920 йилда ёзилган юқоридаги мақола учун афсус билдиради.

 Самолёт

“Ҳаводан оғир учар машиналарни яратишнинг имкони йўқ!”, – деб айтган эди машҳур физик Лорд Кельвин 1895 йилда.

Ҳа, агар ака-ука Райтлар Кельвиннинг ушбу назариясига амал қилганда, ҳозир ҳеч ким самолётларда учмаган бўлар эди. Орвил Райт 1903 йилда бошқариладиган самолётда биринчи парвозни амалга оширади. Гарчи унинг укаси томонидан яратилган самолёт ҳавода 12 сониягина уча олган бўлса-да, ушбу воқеа авиация соҳасида катта бурилиш ясайди. 1901 йилда аэродинамик қувур кашф этилади, шу билан бирга улар пропеллерни ҳам ихтиро этишади.

1905 йилда яратилган янги модификация эса ҳавода қарийб 30 дақиқа парвоз қилишга муваффақ бўлади.

Уяли телефон

“Мен ҳаётим давомида жуда кўп скептикларга дуч келганман. Уларнинг аксарияти нега мен шунча маблағни мазкур ихтирога сарфлашим билан қизиқарди ва бундан нимадир чиқишига шубҳа билан қарар эди”, – деб хотирлайди Мартин Купер, уяли телефон ихтирочиси.

Юқоридаги гапларда бироз жон бордай туюлади ҳатто. Биринчи уяли телефонни тақдим қилган Motorola компанияси ушбу аппаратни ишлаб чиқиш учун 10 йил вақт ва 100 млн доллар маблағ сарфлаган.

1947 йилда Bell Laboratories ходимлари (AT&T тадқиқот лабораторияси) мобил тармоқ учун “уя” схемасидан фойдаланишни таклиф қилишади. 1973 йилда эса Motorola ҳақиқий уяли телефоннинг биринчи прототипини тайёрлайди. Ушбу аппарат қарийб бир кг юк босиб, ярим метр узунликда бўлган.

1983 йилда илк уяли телефонлар сотувга чиқарилади. Мартин Купер томонидан яратилган DynaTAC 8000X модели светодиодли дисплей билан жиҳозланган бўлиб, сўзлашув режимида 1 соатгача ишлай олган. Унга кўпи билан 30 та контакт сақлаш мумкин эди. Гарчи қурилма жуда қиммат нарзда ($4000) сотилган бўлса-да, сотувларнинг илк кунида уни харид қилиш учун одамлар навбатга турган.

Мартин Купер ўз ҳамкасби Жоэль Энгелга қўнғироқ қилган 1983 йил 3 апрель санаси мобил телефон яратилган кун ҳисобланади.

Персонал компьютер

“Ҳеч кимда ўз уйида компьютердан фойдаланиш эҳтиёжи туғилмайди”, – деб айтган эди 1977 йилда Кен Олсон, Digital Equipment Corp. асосчиси.

Компьютер саноатининг асосчиларидан бири Кен Олсон 1957 йилда ҳамкасби билан биргаликда Digital Equipment Corp компаниясини ташкил этади. Илк компьютерларни programmable data processor номи билан юритишган. Бунга ўша пайтда компьютерлар жуда баҳайбат, қиммат ва мунтазам сервисни талаб қилади деган стереотип сабаб бўлган.

Rusbase материаллари асосида тайёрланди.