CES 2018: Dell илғор ноутбук тақдим қилди

CES 2018: Dell илғор ноутбук тақдим қилди

Лас-Вегасда давом этаётган халқаро электроника кўргазмасида таниқли Dell компанияси ўзининг ўйинлар учун аппарат таъминоти ишлаб чиқарувчи Alienware компанияси билан 15 дюймли XPS ноутбукини тақдим қилди.

Компаниянинг вице президенти Жефф Кларк тақдим этган бу лаптоп "2 таси 1 да" тамойили асосида ишлаб чиқарилган. Қайд этилишича, бу худди шу турга мансуб лаптоплар ичида энг юпқаси экан.

Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, XPS 15 ноутбук-трансформерида ўйин ўйнаш ёки контент ишлаб чиқаришга мўлжалланган "оғир" иловаларда ишлаш мумкин. 15,6 дюймли дисплей InfinityEdge услубида, юпқа ромлардан иборат.

XPS 15 экранидаги пиксел сиғими Full HD (1920×1080), sRGB ранг маконини 100% қамраб олади. У Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси билан қопланган ва ёруғлик даражаси 400 нит. Экран Active Pen номли рақамли қаламни қўллаб-қувватлайди. Бунинг учун $99 доллар сарфлаш керак бўлади.

Гаджет "юракчаси" учун Intel'нинг 4 ядроли 8-авлод процессори танлангани диққатга сазовор. Харидор Core i7-8705G ёки Core i5-8305G чипларидан бирини танлаши мумкин. Ноутбукдаги график-тасвирларни ишлашга масъул Radeon RX Vega M GL видеокартаси мустақил фаолият кўрсатади.

XPS 15 тизимида DDR4 русусмига мансуб 8 ёки 16 ГБ сиғимли тезкор ва 128 ГБ ёки 1 ТБ сиғимли доимий хотира ўрнатилган.

Девайс клавиатураси остки ёритиш тизимига эга бўлган. Шу билан бирга, бу ерда бармоқ изи сканери ҳам бор. Ноутбукда гироскоп, акселерометр, рақамли компас каби датчиклар, 2 та Thunderbolt 3 порти, 2 та USB-C 3.1 порти, қўшимча хотира учун microSD бўлмачаси, стерео динамиклар, 4 та микрофон, HD веб-камера, Windows Hello -- юз-қиёфани текшириш учун инфра-қизил камера мавжуд.

Қурилма ўлчамлари: 354х235х9-16 мм ҳамда вазни 1,97 кг. Девайс Windows 10 операцион тизими бошқарувида ишлайди. Ноутбукдаги аккумуляторнинг ток сиғими 75 Вт·соат ҳамда тўлиқ қувват билан 15 соат ишлашга етади.

2018 йилнинг апрелидан бозорга чиқариладиган XPS 15 $1300 доллардан бошлаб сотилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!