Дастурчиликдаги 3 кунда ўзлаштирса бўладиган кўникмалар

  •   DiMaX
  •  5510
  •  14.06.2017 17:37

Дастурчиликдаги 3 кунда ўзлаштирса бўладиган кўникмалар

Дастурчилик бирмунча мураккаб, айримлар учун ҳатто ваҳимали даражада қийин кўринадиган соҳа. Бироқ унда ҳам осон ўзлаштириш мумкин бўлган жиҳатлар мавжуд.

Биз қуйида, дастурчиликка қизиққанлар уч кундаёқ нималарни ўзлаштира олишлари мумкинлигини санаб ўтамиз. Иштиёқ ва озроқ қунт бўлса, сиз шуларни ўрганиб олишингиз мумкин:

1. Linux

Linux билан ишлаш асосларини уч кунда ўрганиш мумкин. Linux – энг кенг тарқалган, оммабоп операцион тизимлардан бири. Дастурчиликда асосан ушбу тизимдан фойдаланилади, кўпинча масофадаги серверлар учун ҳам қўлланади. Шунингдек, Kali Linux дистрибутиви кўпинча ахборот хавфсизлиги соҳасидаги мутахассислар ва хакерлар томонидан ишлатилади.

2. Версиялар назорати тизими

Шунча муддат мобайнида яна Версиялар назорати тизими – VCS’лардан бирини ўзлаштириб олишингиз мумкин. Мазкур жиҳоз хатолардан сақланишингизни кафолатлайди. Чунки, агарда дастурдаги ўзгартиришлар керакли натижани бермаса, бир неча босқич орқага қайтишга тўғри келади. Мана шу пайтда  VCS’лар роса иш беради.

3.  Муҳим ресурслардан фойдаланиш

Агарда дастурлашга қизиқсангиз, Stack Overflow ҳамда унинг русча аналоги – Hashcode сайтларида профил очиб олганингиз маъқул. Шундан кейин, мазкур савол ва жавоблар тизимларидан фойдаланишни ўргана бошлайсиз. У ерда кимдир фойдали маслаҳатлар олади, яна кимлардир бепул амалиёт ўтайди.

4. JavaScript асослари

Қисқа муддатда ўрганиш мумкин бўлганлардан яна бири JavaScript ҳисобланади. У Github’даги энг оммабоп дастурлаш тилидир. Дастурчиликда node.js пайдо бўлганидан кейин, JavaScript нафақат фронтенд учун қўлланувчи технология сифатида, балки бекенд ва консол утилиталарини яратишда ҳам фаол қўлланмоқда.

5. Саралаш

Уч кунда саралаш алгоритмларидан бирини ўрганиб олишингиз имкони бор. Умуман олганда, тизимга солиш ҳамиша ҳам ишни осонлаштиради. Кодерлар учун эса у сув ва ҳаводек муҳим.

6. Буйруқлар сатрида ишлаш

Дастурчининг оддий фойдаланувчидан фарқ қилувчи жиҳатларидан бири – буйруқлар сатри билан самарали ишлай олишидир. Сиз ҳам буни ўрганиб олсангиз, ишингиз тезлашади. Шунингдек, буйруқлар сатрида ишлаш масофадаги сервер билан ишлаш учун энг керакли малакалардан биридир.

Ўйлаймизки, дастурлашга қизиқсангиз ва ҳаракат қилсангиз, маслаҳатларимиз сизга асқотади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!