ДИҚҚАТ: Android-гаджетларни «ғиштга айлантирувчи» вирус!

  •   DiMaX
  •  1889
  •  16.02.2017 17:51

ДИҚҚАТ: Android-гаджетларни «ғиштга айлантирувчи» вирус!

Янги чиққан вирус-дастур қурилмани буткул блоклаб қўяди, деб ёзмоқда intex-press нашри. Гаджетнинг эгасига пул эвазига блокдан чиқариш таклиф этилади. Агар эгаси бунга рози бўлмаса, смартфонидаги барча маълумотлар ўчириб ташланади ва унинг шахсий маълумотлари бошқаларга тарқатилади. Қурилмани «ғишт» ҳолатидан чиқариш учун эса унга қайтадан прошивка ўрнатиш керак бўлади.

Android.Lockdroid.E деб номланувчи бу вирусни Symantec антивирус компаниясининг мутахассислари аниқлашган. Уларнинг таъкидлашича, дастурда олдинлари фақат компьютер вирусларини яратишдагина қўлланиладиган технологиядан фойдаланилган.

Аввал Android.Lockdroid.E турли дастурлар ва катталарга мўлжалланган ўйинлар билан бирга тарқатилган. Қурилмага тушгач, вирус уни блоклаб қўяди, ичидаги барча маълумотларни шифрлайди. Кейин эса жиноятчиларга пул жўнатишни талаб қилади – шундагина смартфонни блокдан чиқаришга ваъда беришади.

Агарда айтилган ҳисобга пул ўтказилмаса, дастур шу қурилма эгаси кирган порносайтлар тарихини унинг контактлар рўйхатидаги кишиларга жўнатади. Кейин эса гаджетнинг ичидаги ҳамма нарса йўқ қилиниб, завод созламалари ҳолатига қайтарилади.

Кейинроқ эса айни шу вируснинг бошқача модификацияси пайдо бўлди. У қурилманинг тизим бўлимига ўрнашиб олади ва одатий воситалар ёрдамида уни йўқ қилишнинг имкони бўлмайди. Гаджет тугмалари ишламай қолади, экранига эса битта расм чиқиб, блокланиб тураверади.

Android.Lockdroid.E вирусининг янги версияси ҳам, худди олдингиси каби, Google Play Market эмас, балки бошқа илова дўконлари орқали, спам, зарарланган сайтлар ва порноресурслар воситасида тарқатилади. Қурилмага тушиб олгач, у гаджетда Root-ҳуқуқлари бор-йўқлигини текширади. Агар йўқ бўлса, экранга тўлов реквизитларига йўлловчи QR-код чиқаради. Бордию Root-ҳуқуқлари мавжуд бўлса, у ҳолда вирус тизимга маъмур (администратор) сифатида киришга рухсат сўрайди. Қурилма эгасини бу ҳуқуқни беришга кўндириш учун, вирус унга «катталарга мўлжалланган» минглаб фильмларни мутлақо бепул улаб беришни ваъда қилади.

Рухсат олиб бўлгач, дастур тизим папкасига кўчирилиб олади ва ўчириб бўлмайдиган тизим иловаси мақомини эгаллайди. Бу – энди қурилмангиз тамом, деганидир: у ўчиб-ёнади ва ишламай қолади. Гаджет экранига жиноятчиларнинг ҳисоб рақамига пул ўтказиш кераклиги ҳақидаги хабар чиқади. Бунда дисплей ҳам, тугмачалар ҳам блокланади.

Энди смартфон ёки планшет «ғишт»га айланиб бўлди, уни фақат қайта прошивка қилибгина ишлатишингиз мумкин, фақат юқорида таъкидлаганимиздек – ичидаги ҳамма нарсадан ва созламалардан ажралиб бўлдингиз!