Дисплейи «тешик» Honor V20 тақдим этилди: Kirin 980 чипи, 48 МПлик ва 3D-камера, яна Huawei’нинг кўплаб янги технологиялари!

  •   DiMaX
  •  2794
  •  26.12.2018 17:38

Дисплейи «тешик» Honor V20 тақдим этилди: Kirin 980 чипи, 48 МПлик ва 3D-камера, яна Huawei’нинг кўплаб янги технологиялари!

Samsung дисплейи «тирқиш»ли смартфон тайёрлаётганини айтгач, ундан олдин Huawei шунақа моделини кўрсатганидан хабарингиз бор. Лекин расмий тақдимот маросимига кўра аввал Galaxy A8s, кейин Nova 4 ва ундан сўнг Lenovo Z5S намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Honor View 20 намойиш этилди: 48 МПлик камера ва «тешик» экранли илк смартфон!

Бугун – 26 декабрь куни Хитойда Honor V20 (жаҳон бозоридаги номи – Honor View 20) смартфонининг расмий тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унинг экранида ҳам худди Nova 4 моделидаги каби – 4,5 миллиметрлик «тешик» бор, Galaxy A8s дисплейидаги «тирқиш» эса 6,5 миллиметрлик. У ердаги олд камералар ҳам Huawei’нинг бу иккита смартфонида бир хил – 25 мегапикселлик.

Honor V20 дисплейи диагоналига 6,4 дюймлик бўлиб, тасвир аниқлиги 2310х1080 пикселлик. Айтиш керакки, Nova 4 моделида ҳам худди шундай экран қўлланган.

Хўш, унда янги смартфоннинг нимаси ўзгача экан, дейсизми? Булардан энг асосийси – хитойлик техногигантнинг энг илғор чипи – якка кристалли Kirin 980 процессоридир. Бундан ташқари, Honor V20 девайси «оғир» ўйинлар учун оптимизация қилинган GPU Turbo 2.0 технологиясига ҳам эга. Смартфонда процессорнинг совитилиши суюқлик найчалари орқали амалга оширилади ва Huawei бу технологияни NINE деб номлаган. Honor V20 тезкор хотираси 6-8 ГБ, доимий хотираси эса 128 ва 256 ГБлик конфигурацияларда тақдим этилади.

Смартфоннинг бош камерасида 48 мегапикселлик Sony IMX586 датчиги ҳамда F/1,8 диафрагмали объектив қўлланган. Nova 4 моделининг энг юқори конфигурациясидаги камерадан фарқли равишда, Honor V20’да уч ўлчамли Time of Flight (TOF) сенсор ҳам мавжуд. Унга турли имкониятлар бахш этилган, масалан – бирор ҳаракатни шу камера орқали тасвирга олиб, уни бирор ўйин ёки иловадаги виртуал персонажга ўтказиш мумкин.

Дарвоқе, янги смартфонда асосий камера модулларининг жойлашуви ҳам оригинал эканига эътибор бергандирсиз? Бармоқ изи сканери эса кўпчилик моделлардаги каби – орқа панел ўртасидан ўрин олган.

Honor V20 дастурий платформасининг асосий ўзига хослиги – компьютер режими бўлиб, бу худди Samsung Dex кабидир. Яъни, смартфонга махсус бириктирув станцияси орқали клавиатура, сичқонча ва монитор улаб туриб, ундан худди стол компьютери каби фойдаланаверса бўлади. Компания вакилларининг айтишларича, бунда смартфоннинг самарадорлиги оддий компьютерникидан ўн карра ошиқ бўлар эмиш.

Айтиш керакки, Honor V20 ушбу бренднинг Link Turbo технологиясига эга илк смартфони бўлди. Бу технология Wi-Fi ва 4G тармоқларини кучайтиришга қаратилган бўлиб, унинг ортида 21 та патент, «сунъий идрок» ва турли тармоқ протоколларининг барча оптимизация ишлари ётибди. Huawei’нинг таъкидлашича, Link Turbo технологияси Wi-Fi тармоғини 135 фоизгача, LTE тармоғини эса 71 фоизгача «тезлаштир»а олади. Дарвоқе, мазкур смартфонда нақ учта Wi-Fi антеннаси мавжуд.

Honor V20 модели, шунингдек, Xiaomi Mi 8’да қўлланган технологиялардан бири – икки диапазонли GPS приемнигига ҳам эга. Янги смартфоннинг яна бир ўзига хослиги эса Honor Magic 2 моделидаги сингари Yoyo овозли ёрдамчисидир. Мазкур смартфоннинг «қувват тоши» 4000 мА/соатлик аккумулятор бўлиб, у 22,5 Вт (4,5 В 5 A) қувват билан тезкор қувватлана олади, бироқ симсиз қувватлаш технологияси бу моделга татбиқ этилмаган.

Honor V20 учун Хитойнинг ўзида аллақачон олдиндан буюртма қабул қила бошлашган, смартфоннинг реал савдоси эса 28 декабрда старт олади. Тезкор/ички хотира ҳажмига қараб, унинг нархлари қуйидагича: 6/128 ГБлик версия – 435 доллар, 8/128 ГБлиги – 510, 8/256 гигабайтлиги эса 580 АҚШ доллари.

Қизиғи шундаки, Honor V20 моделининг ҳали учинчи премьераси ҳам белгиланган – у 22 январь куни Парижда бўлиб ўтади. Ҳозиргача жаҳон бозорига чиқарилган аксарият Huawei смартфонларини эса 890 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Terashop.uz’да Huawei смартфонлари нархлари (2018 йил 24 ноябрь) – харидингиз Ўзбекистон бўйлаб бепул етказилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!