Дунёдаги илк одам ташувчи дрон учар машинани эслатмоқда

Дунёдаги илк одам ташувчи дрон учар машинани эслатмоқда

6-9 январь кунлари Лас-Вегасда ўтган Халқаро электроника истеъмолчилари кўргазмасида намойиш этилган мини вертолёт ёки дрон кўпчиликка учар машиналар билан боғлиқ илмий қараш ва башоратларни эслатиб юборди.

Хитойнинг Ehang Inc дронлар ишлаб чиқарувчи компаниясининг Ehang 184 русумидаги янги учар гаджети инсонлар томонидан мустақил бошқарилиб, парвоз қилса бўладиган илк автоном ҳаво автомобили, сифатила қайд этилмоқда.

Бу дрон тўрт оёқли, тўрт роторли шахсий вертолётга ҳам ўхшайди. У тўла қувватланиб, 100 килограммли юк билан 2 соат мобайнида парвоз қилиши мумкин.

Дрон ичига бир киши ихчам юк халтаси билан бирга бемалол ўрнашиши мумкин. Дрон салонида сунъий иқлим ҳосил қилувчи тизим ҳамда вақтни чоғ ўтказишга мўлжалланган қулайлик яратилган. Мисол учун, ерни кузатишдан чарчаганлар унинг ичида бемалол китоб мутолааси билан банд бўлишлари мумкин.

Ehang 184 учар мосламаси соатига 467 километр масофани босиб ўтиши, 3,5 минг метр баландликкача кўтарила олиши мумкин. Компания вакиллари ҳозирча бу қурилма билан ердан 300-600 метр баландликка кўтарилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашмоқда. Парвоз пайтида бошқарувда юзага келган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ерда хавфсиз қўниш ва бошқарувни таъминловчи марказлар ташкил этилади.

Компания раҳбарининг маълумот беришича, бугунги кунга қадар Гуанчжоу шаҳрининг усти бўйлаб 100 дан ошиқ инсон иштирокисиз синов парвозлари муваффақиятли амалга оширилган. Боиси, Хитойнинг дронлар фаолиятига оид қонунчилигига мувофиқ, учар қурилмаларда инсоннинг парвози ноқонуний хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Компания асосчиларидан бири ва бош иқтисодий директор Чжан Сяонинг айтишича, шу йилдан сотилиши кўзда тутилган қурилма нархи тахминан 300 минг АҚШ долларигача бўлиши мумкин. Бу каби дронлардан ҳозирча йўловчи ташишда эмас, табиий офат ва фавқулодда вазиятларда инсон ҳаётини сақлаб қолишда фойдаланиш режалаштирилган.

Ehang Inc компанияси дрон ва учар мосламалар ишлаб чиқариш соҳасида 15 йиллик тажрибага эга ва компания жамоаси Америка, Сингапур ва Хитойнинг ахборот технологиялари мутахассисларидан иборат. Ҳозирда инвесторлар томонидан компания ривожи учун 42 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ тикилган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.