Дунёнинг энг арзон смартфони 2 кунда 73.5 миллион дона сотилди

Дунёнинг энг арзон смартфони 2 кунда 73.5 миллион дона сотилди

 

18 февраль куни Ҳиндистоннинг Ringing Bells компанияси томонидан ҳиндистонликлар учун дунёнинг энг арзон – 3.65 АҚШ доллари турадиган Freedom 251 смартфонига онлайн буюртма қабул қилиш бошланган эди.

Компания бугун ушбу гаджетни сотиб олиш истагида бўлган 73.5 миллион киши буюртма берганини, буюртма олиш 20 февраль куни соат 11:00 да муддатидан аввал тугатилганини маълум қилди. Арзон гаджетни олиш истагида бўлган харидорлар онлайн буюртма тўхтатилганидан кейин компания биноси олдида тўпланишган.

2016 йилда 73.5 миллион дона смартфонни эгаларига апрелдан бошлаб етказиб берилади. Компаниянинг маълум қилишича, буюртма берганларнинг 30 минг нафари тўловни олдиндан амалга оширган.

19 февраль куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва солиқ бошқармаси вакиллари компанияда суриштирув ўтказишган. Аксарият сиёсатчи ва амалдорлар компанияни товламачиликда айблашмоқда.

Ҳиндистон Мобиль алоқа ассоциацияси ҳам мамлакат Телекоммуникация вазирлигига ёзган хатида қурилманинг бу қадар арзонлиги шубҳали эканлигини баён қилган.

“Бу смартфоннинг бозордаги ҳақиқий баҳоси 1719 рупия (25 АҚШ доллари). Мақсадим фойда кўриш эмас. Менинг асосий мақсадим – Ҳиндистоннинг смартфон тутмайдиган 70 % мобиль алоқа фойдаланувчиларига ҳам замонавий гаджетлардан фойдаланиш имкониятини бериш,” дейди компания асосчиси Кумар Гоэл.

Компания Ҳиндистон бўйлаб смартфон ишлаб чиқарувчи 20 та фабрикани ишга туширишни режа қилган. Шунингдек, компания раҳбари 450 минг нафар ҳиндистонликни иш билан таъминлашга ваъда бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3G алоқа тармоғида фойдаланишга мўлжалланган гаджет Android Lollipop 5.1 операцион тизимида ишлайди. У 4 дюймли qHD IPS туридаги дисплей, 1.3 Ггц частотада ишлайдиган 8 ядроли процессор, 1ГБ тезкор хотира, 8ГБ ички ва 32ГБ ташқи хотира карталари, 3.2МП бош ва 0.3МП олд камера, 1450 мАс электр сиғими мавжуд қувват тошига эга.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!