Эгасига жуда узоқ хизмат қилган 5 та афсонавий смартфон. Сиз ҳам уларни ишлатганмисиз?

Эгасига жуда узоқ хизмат қилган 5 та афсонавий смартфон. Сиз ҳам уларни ишлатганмисиз?

Android смартфонларнинг ҳаёт цикли чекланган.

Уларга iOS'га қараганда камроқ дастур янгиланиши келади. Масалан, iPhone 5s беш йил давомида янги версия дастур билан таъминланган бўлса, 2020 йилга қадар Samsung смартфонлари фақат иккита катта янгиланиш қабул қилган.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг яхши смартфонлари (GSMArena талқини)

Дизайн борасида ҳам Android смартфонлари ўз актуаллигини тез йўқотади. 2017 йилдан 2021 йилгача Apple ўз смартфонлари олд томон тепа қисмини ҳошияли қилиб чиқарган, шу боисдан ҳам iPhone X ҳали ҳам трендда. Айни давр оралиғида эса Android смартфонлари ҳошиясиз, ҳошияли; томчисимон, айланасимон ҳошияли ва ҳаракатланувчи камерали бўлиб чиқди. Android эстетик стандартлари жуда тез ўзгаради.

Қуйида санаб ўтадиганларимиз эса истисно ҳолатлардир. Ушбу смартфонлар ўз аҳамиятини тақдим қилинган йилдан камида уч йилдан кейин ҳам йўқотмаган. Ишлаб чиқарувчилар уларни таъминлаб беришда давом этган, узоқроқ муддат тизим янгиланишлари билан таъминланган, чунки уларга талаб юқори бўлган.

1, 2. Samsung Galaxy S8 ва S8+

Galaxy Note 7 фожиасидан сўнг, кореяликлар Galaxy S линейкасини муваффақиятли янгилаш билан ўзларини ўнглаб олишлари керак эди. Ва ушбу вазифа муваффақиятли амалга ошди. Galaxy S8 ва S8+ лар 2017 йилнинг энг омадли қурилмаларидан бўлди.

Тақдимотдан олти ой ўтиб, Mobile Choice Consumer Awards маросимода Galaxy S8 йил смартфони, хусусан, энг яхши камерафон деб топилган. Қурилмаларнинг дизайни ҳам йиллар давомида эскирмади ва кўпчилик эътиборини ўзига тортишда давом этди.

S8 ва S8+ 18:9 форма факторли илк смартфонлардан бўлган. Ҳар икки модель ҳам қайрима экранга эга бўлган. Бу ўша даврларда кенг тарқалган эмасди. Ҳозирга келиб, брендлар бу дизайндан воз кечишга ўтишди, аммо корейслар ҳошиясиз эффект ва экрандаги контент фойдаланувчига яқинроқ кўринишидан лол қолишган.

Қурилмаларнинг ягона камчилиги бармоқ изи сканерида эди. Сканер корпусдан ажралиб чиқмаган ва бармоқ билан тегилганда ҳам корпусдан сайқал борасида фарқланмас эди. Бундан ташқари, сканер орқа камеранинг чап томонига жойлангани боис уни топгунга қадар камера ойнасида доғ қолмасдан илож йўқ эди. Ушбу муаммо Galaxy S9 ва S9+ ларда ҳал қилинган. Айтиш мумкинки, S8 ва S8+ Galaxy S линейкасининг энг зўр смартфонларидан бўлган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S смартфонлари: энг ёмонидан энг яхшисигача

3. Xiaomi Mi 6

2017 йилги Xiaomi Mi 6 смартфонини ҳозир ҳам 2.15 миллион фойдаланувчи ишлатади. Бу маълумот Weibo тармоғи орқали компания раҳбари Лей Жун томонидан маълум қилинган. Жуннинг таъкидлашича, тўрт йил олдин чиққан смартфон учун қойилмақом натижа бу. Ҳа, бизнингча ҳам, шундай.

Яхши камера, кучли процессорга эга функционал смартфон қидирган ва айни дамда пулдан тежашни ҳам кўзлаганлар учун Mi 6 идеал танлов бўлган. Смартфон 5.15 дюйм LCD экран, 16:9 форма фактори ва Full HD аниқликка эга эди. Қурилма Snapdragon 835 чипи билан жиҳозланган, 6/128ГБ хотирада ишлаган. Орқа панелда эса 12МПлик икки, олдида 8МПлик битта камера бўлган. Аккумулятор сиғими эса 3,350 мАс эди.

4. OnePlus One

2014 йили чиққан бу смартфон ўз давридан олдинда эди. Шундан сўнг, Xiaomi саҳнага чиқди, бошқа Хитой брендлари ҳали саноатда катта ўрин эгалламаганди. Ушбу қурилма, асосан, интернет орқали сотилган.

OnePlus смартфонни флагман қотили деб атаган: девайс қиммат моделлардаги каби техник жиҳатларига эга эди, нархи эса 400 доллар эди. Қиёс учун, ўша йилги iPhone 6 аввалига 650 доллардан сотилган.

Смартфоннинг дастур янгиланишларини қабул қилиши ҳам қизиқ бўлган. Қурилма қадоқдан Android 4 базасидаги CyanogenMod 11S интерфейсида ишлаган бўлса, бир йилдан кейин апдейт қабул қилиб, Android Lollipop базасидаги OxygenOS'да ишлай бошлади.

2020 йилда ҳам смартфон ҳаммани лол қолдирди. Олти йил олдинги модель Android 10'га ўтди! 2021 йилда ҳам смартфон ҳамон «тирик». Компаниянинг топ менежери Питт Лаунинг айтишича, ҳали ҳам 300 та фойдаланувчи OnePlus One ишлатади.

Смартфоннинг техник жиҳатлари жозибали эди. Қурилма Snapdragon 801 процессори; 3ГБ тезкор, 16/64ГБ доимий хотира, 5,5 дюйм IPS экран ва 1920х1080p резолюция (Full HD) га эга. Орқа панелдаги ягона камера резолюция 13 мегапиксел бўлган.

Смартфоннинг камераси сифат борасида унчалик ажралиб турмаган, лекин ўша даврларда мобил фотграфияга унчалик эътибор берилмаган. Смартфонлар камерасига 2018 йилда Huawei P20 Pro чиқарилиши билан жиддий эътибор қаратила бошлаган. OnePlus One смартфони iPhone ва Galaxy S'лар сингари кучли ва функционал бўлиши кўзда тутилган эди ва шундай бўлди ҳам.

5. OnePlus 5T

OnePlus'нинг яна бир қурилмаси. 2020 йил майда OnePlus Android 10 базасидаги OxygenOS 10 янгиланишини OnePlus 5 ва 5T смартфонларига жўнатишни бошлади. Бу — смартфонлар қабул қилган учинчи ва энг сўнгги асосий Android янгиланиши эди. Ўтган йили ҳам смартфон урфдан қолмаган эди, чунки унинг техник жиҳатлари ҳамон аҳамиятли бўлган.

OnePlus 5T смартфони Dash Charge технологияси асосида заряд олган. 2018 йилда Tom's Guide ушбу смартфон ҳатто флагманлар орасида ҳам энг тез қувват олувчиси эканини маълум қилган. Сайт ўтказган тестда смартфон ярим соатда 0% дан 53%, бир ярим соатда эса 93% қувват йиғган. iPhone X эса мос равишда 50% ва 81% заряд олган.

Бундан ташқари, смартфоннинг дастурий таъминоти ҳам соф Android'га жуда яқин бўлган.

ЎҚИНГ: Эски флагман яхшими ёки янги ўрта тоифадаги смартфон?