Экранга тикилиб, НЕЧА ЙИЛЛИК УМРИНГИЗни ўтказиб юбораётганингизни биласизми?

  •   DiMaX
  •  1580
  •  17.11.2020 11:06

Экранга тикилиб, НЕЧА ЙИЛЛИК УМРИНГИЗни ўтказиб юбораётганингизни биласизми?

Замонавий кишиларни, айниқса ёшларни смартфон, планшет ва бошқа гаджетларсиз тасаввур қилиш қийин. Лекин улар билан машғул бўлиб, одам қанча вақтини бекор ўтказиб юбориши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

ЎҚИНГ: Сизга фақат интернет керакми?

Whistle Out тадқиқот компанияси кишиларнинг ҳар куни смартфонга қанча вақт харжлашларини текшириб кўрди. Текширувлар доирасида 1000 нафар киши орасида сўров ўтказилган – улардан ҳар куни смартфондан қанча вақт фойдаланишлари сўраб кўрилган.

Мутахассислар кишиларни учта ёш гуруҳига бўлиб ўрганишган: «бумерлар» (1946–1964 йилларда туғилганлар), «Х-авлод» (1965–1980 йилларда туғилганлар) ва «миллениаллар» (1981–1996 йилларда туғилганлар). Маълум бўлишича, учта гуруҳ вакилларининг смартфондан фойдаланиш вақти бўйича фарқи айтарли катта эмас экан.

«Бумерлар» кунига ўртача 2,5 соат вақтини смартфон билан ўтказадиган бўлса, «Х-авлод» вакилларида бу кўрсаткич 3 соатга, «миллениаллар»да эса – 3,7 соатга тенг бўлиб чиққан. Яъни, киши қанчалик ёш бўлса, техникага шунча кўп вақт сарфлаётгани аниқланган.

Агар юқоридаги кўрсаткичлар вақт ўтиши билан ҳам ўзгармайди, деб ҳисобласак ва умрнинг ўртача давомийлигини олиб, тахминий ҳисоб-китоб қилсак, «миллениаллар» ўз умрининг нақ 9 йиллик вақтини смартфон экранига термулиш билан ўтказиб юборишлари маълум бўлади. Таққослаш учун: киши ўз умри давомийлигига боғлиқ ҳолда, ухлаш учун 15 йилдан 30 йилгача вақт сарф этади.

Демак, яқинларингизга ҳам ушбу маълумотни етказиб қўйганингиз маъқул: зарурати бўлмаса телефонга тикилиб, умрнинг бетакрор лаҳзаларини, кунлари ва йилларини бекорга ўтказиб юборишмасин. Хусусан, б оланинг гаджетлар билан ўтказадиган вақтини чеклаш учун биз ўйлаганимиздан кўра жиддийроқ сабаблар мавжудлиги ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Болангиз смартфондан бош кўтармаяптими? Айб сизнинг даромадингизда!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!